Таълим тизими бугун амалга оширилаётган ислоҳот эртагаёқ кўзга ташланадиган тизим эмас. Унда ютуқлар ҳам йўқотишлар ҳам бир неча йил ўтиб кўзга ташланади. Аммо узоқни кўзлаб қилинган режа, ташланган қадам албатта ўз ижобий самарасини беради.
Бунда дунё тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги йилларда халқ таълими тизимида хорижий тажрибалар асосида ислоҳотларни амалга ошириш, янгиликларни жорий қилишга эътибор қаратилмоқда.
Бунда таълим сифатини ошириш, энг муҳими, педагоглар, тизимда фаолият юритадиган бошқа мутахассислар малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Ҳозирги тезкор замонда таълимда ҳам ҳар куни қандайдир янгиликлар юз бермоқда. Кеча самарали ҳисобланган ўқитиш методлари бугунги талабларга жавоб беролмай қолиши мумкин. Ўқитишга доир маълумотлар ой сайин янгиланиб бораяпти. Бу табиий жараён. Ўзгариш, ўсиш, дегани ҳам аслида шу. Бу жадаллик орасида ўқитувчи ҳам ўз билим, кўникма ва малакасини мос равишда ривожлантириб бориши шарт. Педагог мутахассисларнинг зиммасида катта масъулият бор.
Малака ошириш соҳасини тубдан янгилаш бўйича давлат раҳбарининг жорий йил 25 январдаги «Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан соҳада янги тартиб жорий этилмоқда. Яъни, амалдаги тартибга мувофиқ, халқ таълими ходимлари, шу жумладан, ўқитувчилар ҳар 5 йилда бир марта бир ойлик малака ошириш курсига жалб қилинар эди.
Энди улар 5 йилда бир марта эмас, балки йил давомида, узлуксиз ўз малакасини такомиллаштириб бориши мумкин. Бу уларнинг ўзига, зиммасидаги масъулиятни ҳис этишига боғлиқ. Илгари 5 йилда бир марта 144 соат малака оширган бўлса, эндиликда ўқитувчилар йил давомида, камида 36 соатлик ўқишларга жалб қилинади.
Шунинг учун халқ таълими ходимларининг мунтазам касбий ривожланишини назарда тутувчи «ҳаёт давомидаги узлуксиз касбий ривожланиш таълими» жорий этилмоқда. Аввалги тартибга кўра ҳар йили ўқитувчиларнинг фақат 20 фоизи малака оширишга жалб қилинган бўлса, янги тартибга кўра, ўқитувчилар юз фоиз таркибда йил давомида малака оширади.
Халқ таълими ходимлари фақат Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги малака ошириш муассасаларида эмас, балки ўз ихтиёрларига кўра, ҳудудларда жойлашган исталган олий таълим муассасаси ёки нодавлат таълим ташкилотларида малака ошириши мумкин. Бу малака оширишлар мутлақо бепул ва электрон платформа орқали амалга оширилади. Яъни ўқитувчи ўзи истаган вақтда, исталган ҳудудда ўқиш имкониятига эга.
Жорий йилнинг 1 март санасидан бошлаб, туман халқ таълими бўлимлари фан методистлари учун Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институтининг «Узлуксиз касбий таълим» электрон платформаси орқали малака ошириши йўлга қўйилди. Март ва апрель ойларида платформа орқали кредит модули асосида 1688 та фан методисти ўқитилиб, тегишли сертификатларга эга бўлди.
Жорий йилнинг июнь ойида институтда умумтаълим мактаблари директорлари учун ўқитиш бошланди. Умумтаълим мактаблари директорлари учун майдончада 192 та видеодарслар жойлаштирилган.
Мазкур электрон платформа орқали тренинг ташкил этиш қанчалик самарали, деган савол туғилиши мумкин. “Қўшимча касб-ҳунар таълими“ махсус электрон платформаси имкониятлари ҳақида гапирганда, унинг “tas-ix” тармоғида жойлашганлиги жуда қулай эканлигини айтиш жоиз. Фойдаланувчи рўйхатдан ўтганидан сўнг, у шахсий кабинетга кириш ҳуқуқига эга. Малака ошириш курсидан ўтмасдан олдин касбий ваколатлар диагностикаси ўтказилади. Унинг натижалари асосида индивидуал касбий ривожланиш траекторияси шакллантирилмоқда.
Платформанинг яна бир афзаллиги шундаки, агар тингловчилардан бири онлайн вебинарда иштирок эта олмаса, у веб-семинарнинг архивига кириши мумкин. Шунингдек, веб-семинар давомида турли хил онлайн сўровномалар ўтказиш мумкин. Платформани ривожлантириш давом этмоқда. Янги тизим орқали оралиқ тест ҳамда малака иши ҳимоясидан воз кечилди. Якуний аттестация синовлари аввалги тартибда, яъни бир ойлик курсларда мавжуд эди.
Узлуксиз касбий ривожланиш тизимига босқичма-босқич ўтилиши назарда тутилгани учун айрим курслар бир ой давомийликда ташкил этилмоқда. Бироқ уларда мавжуд бўлган якуний тест синовларини топшириш борасидаги ҳар қандай чекловлар олиб ташланди. Энди тингловчи синовларни ижобий натижага эришгунга қадар қанча керак бўлса, шунча топшириши мумкин. Бу эса соҳада мавжуд коррупцион ҳолатларга барҳам бериш имкониятини беради.
Мазкур тартибга кўра, малака ошириш курсида ўқиш қисқа муддатли ўқув модулларини ўзлаштиришдан иборат. Бунда якуний синовлар бўлмайди. Ҳар бир ўқув модули унинг қай даражада ўзлаштирилганини аниқлаш имкониятини берувчи назорат саволлари, тест ёки кейслар билан якунланади. Ўқув модулини ўзлаштириш суръати ва унинг якунидаги синовларни топшириш муддатларини белгилаш малака ошираётган ўқитувчи томонидан белгиланади.
Бошланган ҳар қандай ўқув модули муайян муддат давомида ўзлаштирилиши мақсадга мувофиқ. Айнан ана шу муддатда ўқув модулининг синов топшириқлари ҳам топширилиши лозим. Ҳозирда мазкур муддат чекланмаган, яъни ўқув модули бир йил давомида ўзлаштирилиши имконияти мавжуд. Яъни ходим якуний тестда етарли балларни тўпламагунча шу модулни такрор ўрганади.
Муҳим бир жиҳат – агар ўқитувчи шунча вақт ичида ҳам етарли натижа кўрсата олмаса қандай чора кўрилади, деган савол туғилиши мумкин. «Таълим тўғрисида» қонуннинг 46-моддасига мувофиқ, ҳар бир ўқитувчи ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши мажбурияти белгиланган.
Узрсиз сабабларга кўра малака ошириш дастурларини ўз вақтида ўзлаштирмаган ўқитувчилар аттестация жараёнларига қўйилмайди, яъни аттестациядан ўтмаган ҳисобланади. Бу эса уларнинг ўқитувчилик лавозимига қай даражада мувофиқлигига нисбатан эртами-кечми меҳнат қонунчилигида кўзда тутилган чоралар кўрилишига сабаб бўлади. Ўз касбий маҳоратини оширишни истамайдиган ёки бундай салоҳиятга эга бўлмаган ўқитувчи болаларимизга дарс бериши мумкин эмас.
Малака ошириш тизимига нодавлат таълим ташкилотлари жалб қилинаяпти. Бу халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги давлат таълим муассасалари монополияси тугатилаяпти, дегани. Энди соҳада соғлом рақобат муҳити шаклланади. Соғлом рақобат таълим сифати ошишига олиб келади.
Нодавлат таълим ташкилотларининг халқ таълими ходимлари малакасини ошириш бўйича харажатлари давлат бюджетининг мазкур соҳага ажратилган маблағлари ҳисобидан қопланади. Энг муҳим жиҳатлардан бири бу – таълим мазмуни. Малака ошириш курсларининг контентларини яратадиган профессор-ўқитувчилар тинимсиз ўз устида ишлаши, изланишлар олиб бориши ва ҳар ойда ўқув модуллари мазмунини янгилаши белгиланган. Профессор-ўқитувчилар яратилган янги ёки тингловчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб такомиллаштирилган мавжуд ўқув модули, яъни янгиланган контент учун маош олади.
Замон талабига жавоб бера олмай қолган ўқув модуллари курс дастуридан чиқарилади. Бу эскисининг ўрнига янгиси қўйилиши керак, дегани. Шунинг учун доимий янгиланишларни амалга оширишга қодир бўлмаган профессор-ўқитувчи соҳада ишлай олмайди. Янги-янги ўқув модуллари яратилади ва мазкур жараён чексиз давом этади. Зеро, халқ таълими ходимларининг касбий ривожланиши узлуксиз ва уларнинг бутун касбий фаолияти мобайнида давом этади.
Узлуксиз касбий ривожланиш тизимининг натижалари бир-икки йилдаёқ кўзга ташлана бошлайди. Бу, аввало, мактаб ўқитувчилари ва раҳбарларининг дунёқараши, билими ва кўникмаларида акс этади. Ҳар 5 йилда бир марта унинг шахсий эҳтиёжлари ҳисобга олинмаган курс дастурларини ўзлаштиришга мажбур бўлган ходим, энди ўз хоҳиши ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб курс мазмунини ўзи шакллантиради ва ўзлаштиради.
Шу тарзда ўз билим ва кўникмаларидаги мавжуд камчиликларни тузатган ва янгиликларни ўзлаштирган ўқитувчи, албатта, сифат жиҳатидан бир поғона кўтарилади. Мақсад, педагогнинг савиясини янада ошириш. Бу йўлда қанча янгиликни жорий этиш керак бўлса, ҳаммаси амалга оширилади.
Аюбхон Раджиев,
Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини
ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти директори.
ЎзА