
Бухоро вилояти Когон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 26-қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳудуддаги “Навбаҳор”, “Сорғун”, “Когон”, “Хўжа-Якшаба” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли 26 та қишлоқнинг 11485 нафар аҳолисига хизмат кўрсатади.
Бугунги кунда ушбу шифо масканида 42 нафар тиббиёт ходими меҳнат қилмоқда. Қон таҳлиллари учун лаборатория, УТТ, ЭКГ текширувлари, эмлаш хоналари ишлаб турибди. Аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш мунтазам йўлга қўйилган.
Поликлиника фаолияти ҳақида фоторепортаж тайёрлаш жараёнида бу ердаги кўнгилни хира қилувчи манзара ҳам эътиборимизни тортмай қолмади.
Маълумотларга кўра, поликлиника биноси 1985-1986 йилларда қурилган. 2 қаватли мазкур бино қошида тез тиббий ёрдам шохобчаси ҳам жой олган. Бригада таркибида тез ёрдам врачи, фельдшер, ҳайдовчи ишлаб келади. Тез тиббий ёрдам хизмати учун етарли шароит мавжуд эмас. Жиҳозлар маънан эскирган, алоқа тизими асло йўқ. Чақирувлар шифокорнинг шахсий телефони орқали қабул қилинади. Тез ёрдам автомашинаси учун махсус ажратилган гаражлар аҳволи ҳаминқадар, қўшимча ёрдамчи ҳовли бинолари эътиборсиз қолган. Қаровсиз омборхоналарга киришнинг иложи йўқ.
[gallery-2210]
Ҳудуд панжаралар билан чала ўралган. Ёнғин учун мўлжалланган сув захираси ҳовузида қамишлар ўрмони ҳосил бўлган. Ҳудудга марказий кириш жойи бору лекин дарвоза кўринмайди. Бино ичидаги хоналарда турган муолажа кровати, тиббий анжомлар сақлаш мебель жиҳозлари, хоналарнинг иситиш, электр тизимлари носоз. Поллар ямалган. Қўл ювиш учун шароит йўқ. Сув тармоғини тортиш ишлари бошланиб, якунига етмай ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Суратга олиш ишларининг эртаси куни бутун бошли бирлашма раҳбарлигида ходимлар поликлиникани тартибга келтириш, ободонлаштириш ишларига жалб этилгани ҳақида хабарлар аниқланди. Айрим раҳбарлар тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун наҳотки мухбир келишини кутиб ўтирса?
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА