
Аввал хабар берганимиздек, Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Бухорода бўлиб турибди.
Ташрифнинг иккинчи куни расмий учрашув билан бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ҳамда Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Сергей Шойгу Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмни мағлуб этишдаги Ўзбекистон халқининг ҳиссаси тўғрисида архив ҳужжатлари тўпламини топширди.

– Бизнинг учрашувимиз 1941-1945 йилларда бўлган урушда эришилган Ғалаба куни арафасида бўлиб ўтмоқда – деди Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу. – Ўзбек халқи ушбу буюк ғалабага катта ҳисса қўшган. Бу архив ҳужжатлар тўпламида яққол акс этган.

Учрашувда халқаро ва минтақавий хавфсизлик, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Музокаралардан сўнг, Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация аъзолари Бухоронинг давлат музей-қўриқхонаси тизимидаги Арк қўрғони, Сомонийлар мақбараси, Пойи Калон, Минораи Калон меъморий мажмуалари, Масжиди Калон, Мир Араб мадрасаси, «Тоқи саррофон», «Тоқи телпакфурушон», «Тоқи заргарон» расталари билан яқиндан танишди.

Вилоят мусиқали драма театри, Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси жамоаси томонидан тайёрланган театрлаштирилган тарихий мусиқий композиция намойиш қилинди. Меҳмонлар миллий Бухоро рақсини мароқ билан кузатди.

Меҳмонлар ўз навбатида, Кўҳна ва боқий Бухорода саёҳат қилишдан мамнун эканликларини билдирди.
Зариф Комилов, ЎзА