Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари томонидан коронавирус пандемияси шароитида аҳолини, шу жумладан, муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, иқтисодиёт тармоқлари барқарорлигини сақлашга доир қонунлар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш масалаларига қаратилган муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, сенаторлар томонидан, прокуратура органларининг амалга оширган ижобий ишлари билан бир қаторда фаолиятнинг айрим йўналишларида назоратни янада кучайтириш лозимлиги таъкидланди.
Жумладан, мамлакатимизда репродуктив саломатликни, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашдаги камчиликлар оқибатида ўтган йилга нисбатан гўдаклар ўлими 428 тага, оналар ўлими 10 тага ошган.
Оғир молиявий аҳволга тушган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган вазифалар ижроси етарли даражада таъминланмаган. Прокурорларнинг сектор раҳбари сифатидаги фаолиятида айрим камчиликлар мавжуд. Хусусан, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига прокурор секторларида яшовчи 21 мингта ёки 14 фоиз муҳтож оила камбағалликдан чиқарилмаганлиги аниқланган.
Шунингдек, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларни келтириб чиқараётган сабаб ва омилларни бартараф этиш бўйича камчиликларга барҳам берилмаган.
Республика бўйича рўйхатга олинган жами 62 минг 81 та жиноятнинг 41 минг 87 таси ёки 66 фоизи олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар тоифасига киради.
Умумий жиноятчилик 34,7 фоизга кўпайган, оғир ва ўта оғир жиноятлар 49 фоизга, жумладан, қасддан одам ўлдириш 13, баданга оғир шикаст етказиш 13, номусга тегиш 27,7, босқинчилик 18,5 фоизга ортган.
Тезкор-қидирув ва излов йиғмажилдларини ўрганиш, фош этилмаган ишлар бўйича кескин муҳокамалар ўтказиш, тадбирларни жадаллаштириш ишлари деярли бажарилмаган. Оқибатда республика бўйича қидирувда бўлган 9 минг 790 нафар шахсдан 6 минг 761 нафари ёки 75 фоизи ушланмаган. Шунингдек, терговга қадар текширув ва тергов устидан назорат ҳам самарали ташкил қилинмаган.
Бундан ташқари, прокуратура органлари фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан фуқаролардан Сенатга келиб тушаётган мурожаатлар сони ҳам юқорилигича қолмоқда. Бу ҳолатлар ушбу йўналишда назоратни янада кучайтиришни, аниқланган ҳар бир қонун бузилиши ҳолатига нисбатан қатъий ва таъсирчан чоралар кўришни тақозо этади.
Нурилло Насриев, ЎзА