Пойтахтимизда давом этаётган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатида эркаклар ўртасида -81 кг вазн тоифасидаги беллашувлар якунига етди. Аҳамиятлиси, унда ҳамюртимиз совриндорлар қаторидан жой олди ва асосий рақобатда иккита жаҳон рекордлари қайд этилди.
Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Буэнос-Айрес–2018” ўсмирлар Олимпиадасида совриндор бўлган ҳамюртимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров даст кўтаришида 160 кг натижа билан бронза медалини қўлга киритди. Ушбу машқда дастлаб хитойлик Люй Сяоцзюнь 174 кг натижа билан жаҳон рекордини янгилади. Шу заҳоти унинг ҳамюрти Ли Дайин ушбу кўрсаткични 1 кгга яхшилади ва мухлислар кетма-кет 2 бор жаҳон рекордининг янгиланганига гувоҳ бўлишди.
[gallery-2136]
Силтаб кўтариш машқида ҳам беллашувлар қизиқарли тус олди. М.Тоштемиров ушбу машқни 193 кг билан якунлади. Ушбу машқда Ли Дайин жароҳати сабаб ҳеч бир уринишни муваффақиятли амалга ошира олмади. “Лондон–2012” ғолиби, 5 карра жаҳон чемпиони Люй Сяоцзюннинг якунда ғалаба қозониши учун эса биринчи уринишидаёқ қайд этган 199 кг натижаси етарли бўлди. Якунда ҳамюртимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров 1 та бронза ва 2 та кумуш медалларини қўлга киритди. Ушбу вазн тоифасида бошқа бир вакилимиз Ҳожиакбар Олимов эса мусобақани бешинчи ўринда якунлади.
Осиё чемпионати:
Эркаклар, -81 кг
1. Люй Сяоцзюнь (Хитой) – 373 (174 + 199) кг;
2. Муҳаммадқодир Тоштемиров (Ўзбекистон) – 353 (160+193) кг;
3. Режепбай Режебов (Туркманистон) – 341 (156+185) кг . . .
5. Ҳожиакбар Олимов (Ўзбекистон) – 312 (146+166) кг.