
Муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси асрлар давомида шаклланган, бу йўналишда халқаро ҳужжатлар қабул қилинганига қарамай, уларни амалда тўлиқ таъминлаш мушкуллашиб бормоқда. Чунки ахборот технологиялари ривожлангани сари интеллектуал мулкка оид ҳуқуқлар ҳимояси ҳам мураккаблашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирларига оид видеоселектор йиғилишида соҳани ривожлантириш мамлакатимизнинг жаҳон интеграциясидаги асосий омил эканлигини таъкидлаш билан бирга бу йўналишда муаммолар мавжудлигига эътибор қаратган.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 январдаги “Интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса ана шу муаммоларни бартараф этишга қаратилди.
Қарор билан интеллектуал мулк муҳофазасини мустаҳкамлаш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича “Йўл харитаси”, Интеллектуал мулк (ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, селекция ютуқлари) соҳасини ривожлантириш бўйича 2021-2023 йилларга мўлжалланган амалий ишлар дастури тасдиқланди.
2021 йил 1 июнга қадар давлат бошқаруви органлари ва давлат корхоналари, илмий-тадқиқот ва олий таълим ташкилотлари ўзларига тегишли бўлган интеллектуал мулк (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар ва саноат мулки) объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни бухгалтерия ҳисобида акс эттириши белгиланди.
Юристлар малакасини ошириш марказида “Интеллектуал мулк ҳуқуқи қонунчилигини такомиллаштириш: назария ва амалиёт муаммолари” мавзуидаги ташкил этилган республика анжуманида шу ҳақда гап борди.
Анжуманда Фуқаролик кодексининг янги лойиҳасида интеллектуал мулкка оид нормаларни такомиллаштириш, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишнинг институционал асослари ва механизмларини жорий этиш зарурлигига эътибор қаратилди.
Интеллектуал мулк объектларини республика ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқишда божхона режимини қўллаш масалалари, қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификация қилишнинг назарий ҳамда амалий масалалари, муаллифлик ҳуқуқини амалга оширишда шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.
Интеллектуал мулкка оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини бошқариш, халқаро мажбуриятларини бажариш, ушбу мавзуни ўқитиш ва тадқиқ этиш билан боғлиқ масалалар бўйича мулоҳазалар билдирилди.
Н.Абдураимова, ЎзА