9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
Ҳар сафар “Куч – адолатда” деган даъват сўз янграганда эрта тонгда қуёш ярқ этиб чиққандагидек бутун вужудимиз қайтадан уйғонади. Бу ёқимли ҳис-туйғу узоқ вақт онгу шууримизда сақланиб туради. Қонунлар устуворлигига ишора қилади. Баъзида сўна бошлаган қалб чўғларига ҳам аланга беради...
Босқинчилик, хунрезликлар ҳаддан ташқари авж олган, инсон ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиб ётган ўша замон учун Амир Темурнинг “Куч – адолатда” шиори билан кириб келиши ва ўз салтанатида адолат вазири лавозимини таъсис этиши инсон қадр-қимматига бўлган эътиборнинг юқори поғонага кўтарилишига асос солган. Унинг “Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим”, деган васиятлари нафақат ўша замон ҳамжамияти учун, балки бугунги кун ва келажак авлод учун ҳам ибратлидир.
Ҳа, “Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим”, “Куч – адолатда!” каби даъватлари Амир Темурнинг нечоғлик буюклигидан далолатдир.
Шу даъватлар кучи ва қудрати билан ўзбек давлатчилигининг асосчиси бўлган Амир Темур нафақат маҳаллий халқ, балки жаҳон халқларининг жабр-зулмдан ҳимоя қилувчи адолатпарвар халоскорига айланди.
У нафақат Осиё, балки Оврўпа халқлари орасида ҳам улуғ бобокалонимиз Имом ал-Бухорий ҳазратларининг “Ал-адаб ал-Муфрад” асарида баён қилинган “Фаразан бир тоғ иккинчи тоққа зулм қилса, бу зулм қилувчи тоғ албатта майда-майда қилиб юборилади. Чунки зулм шундай ёмон хулқки, у асло кечирилмайди. Бу инсонлар ва ҳайвонлар учунгина эмас, ҳатто жисмлар учун хам тааллуқлидир”, дейилган 588-ҳадисини кенг тарғиб қилди.
“Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим”, дейилади “Темур тузуклари”да.
Пировардида, мазкур жабр-зулмларнинг буюк халоскори сифатида оддий одамларга асоссиз жабру ситам ўтказадиган зулмкорлар ва зўравонлар билан муросасиз бўлганлиги нафақат бизнинг тарихчи-темуршунос олимлар, хорижий мамлакатлар олимлари томонидан ҳам эътироф этилади.
Машҳур олим Лью-сен Керен: “Анқара учун бўлган ҳал қилувчи жангда Темурбек оврўполик ва византияликларни бу низога аралашмасликка қатъий чақирган. Бунинг эвазига уларни муҳофаза этишни ваъда қилган, Ғалаба қозонганидан кейин Темур ўз ваъдасида туриб, Боязид тутиб турган насроний тутқунларни озод этган ва Оврўподаги йирик-йирик мамлакатлар ва Византия дахлсизлигини тан олган. У Франция, Англия, Генуя ва Венецияга эркин алоқаларни, савдогарлар ва мол алмашишни таклиф қилган. Шундай қилиб, у ўз юртининг Оврўпо билан яқин қўшничилик қилиш ва ҳозирда “Ипак йўли” деб аталадиган савдо йўлларини равнақ топтириш нияти борлигини кўрсатган. Франция қиролининг жавобидан, унинг хати яхши кутиб олинганлиги кўриниб туради”.
“Шарль, Худонинг инояти билан Франция қироли, Олампаноҳ ва Музаффар ҳукмдор Темурбекка саломлар ва тинчлик тилаймиз.
Улуғ ва Олий музаффар ҳукмдор! ...Ўткинчи шоҳ ва ҳукмдорлар ўртасида ғаразсиз ва ўзаро тотув алоқалар ўрнатилиши, бизнингча, фойдадан ҳоли бўлмай, на қонун, на виждон, ва на ҳақиқатга хилофдурким, илло бу ишлар тинчлик ва хотиржамликка олиб келгай...”
Халқаро тан олинган Темурбек давлатчилигининг рамзларида ҳам ҳақиқат ва адолат уфуриб турган. Ибн Арабшоҳ ёзиб қолдиришича, Амир Темур тамғасининг нақши “Рости-русти” бўлиб, яъни “ҳақгўй бўлсанг, нажот топасан” деган, байроғи уч халқадан иборат бўлиб, “Куч – адолатда” деган ёзувлари бўлган.
Замонавий олимлардан бири Леонид Левитин “Инсон, Яратганнинг инъоми бўлмиш табиий ҳуқуқларга эга. Давлат бу ҳуқуқларни тан олибгина қолмасдан, уларни ҳаётга татбиқ ҳам этиши керак”, деганидек, Соҳибқирон нафақат ўз ҳукмронлигидаги давлатда, балки ўзга давлатларда ҳам адолат ўрнатилишини, жабр-зулмга чек қўйилишини талаб қилган. Халққа жабр-зулм ўтказувчи раҳбари бўлган давлатлар билан муросасиз курашган, адолатпарвар шахсларни давлат тепасига чиқариш чораларини кўрган.
Бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шахс дахлсизлигини таъминлаш, жабру зулмга, ситамга қарши курашиш масаласи кеча ёки бугун пайдо бўлган масала эмас. Бунинг таг-замини ҳали кўпгина давлатларда “ҳуқуқ” тушунчаси пайдо бўлмасдан олдин бизнинг минтақада, шу она замин тупроғида, ўзбек давлатчилиги тарихида яратилган.
Соҳибқирон фаолиятининг асосий мезони инсоннинг табиий ҳуқуқларини, яъни яшаш ҳуқуқи ва дахлсизлигини, қадр-қимматини ва ижтимоий тенгликни таъминлашга йўналтирилган. У давлат раҳбари сифатида ўз бошкарувида адолат тамойилларини ҳамма нарсадан устун қўйган.
Амир Темур сиёсатининг бош ўзани адолат ва ҳақиқатпарварлик, деб баҳоланиши бежиз эмас. У қонун-қоидалар олдида ҳамманинг бирлигини, тенглигини таъминлаган. Айниқса, ўзининг фарзандлари ва қариндошларига нисбатан қаттиққўллик кўрсатиб, давлат ишларида муросасиз тартиб ўрнатган. Мансабдор шахсларнинг жабр-зулм қилишига йўл бермаган. Бу ҳақда Амир Темур шундай ёзиб қолдирган: “Ҳокимлар, сипоҳ ва раиятдан қайси бирининг халққа жабр-зулм етказганини эшитсам, уларга нисбатан дарҳол адолату инсоф юзасидан чора кўрдим”.
Адолат ва ҳақиқат элчиси ҳар доим ҳам инсон қадр-қимматини юқори қўйган ва ўзи тимсолида адолатсизликдан сақланишда, жабр-зулмдан узоқ бўлишда намуна кўрсатган.
Унинг инсонпарварликка қаратилган сиёсатини “Агар кадхудолар ва калонтарлар кичикроқ даражадаги одамга зулм қилган бўлсалар, қилган зулмига яраша, ҳар кимнинг кўтаришича жарима солсинлар. Агар доруғалар ва ҳокимлар халққа жабр-зулм қилиб, уларни хароб қилган бўлсалар, қилган ишларига лойиқ жазо берилсин”, деган кўрсатмаларидан англаб олиш қийин эмас.
“Зафарнома”да баён қилинишича, Соҳибқирон шундай деган экан: “Менинг мақсадим давлат ишларида адолат, тартибни, қонунчиликни тиклашдир. Фуқаролар тинч-тотув яшасинлар дейман... Мен шариат ва қонунчиликни ўрнатай. Эндиликда менинг мақсадим мамлакатларни забт этиш эмас, қўлга киритилган давлатни идора қилишдан иборатдир”.
Қарангки, бундай мисоллар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талаби баъзи бир ўзини инсон ҳуқуқларининг ҳимоячиси ниқобида кўрсатиб бутун дунёга жар солаётган, аслида тинч аҳолининг устига даҳшатли бало ёғдириб, бир-бирига гиж-гижлаб, инсонларни қириб юбораётган зўравонлар томонидан эмас, ҳар бир ишни маърифат билан бошлаб, маънавият билан тугатадиган бизнинг бобокалонимиз Буюк Темурга хос эканлигидан далолатдир.
Шу тариқа, дунё ҳамжамияти томонидан буюк сиймолардан бири сифатида эътироф этилган буюк Соҳибқирон Амир Темур пойдевори адолат ва ҳақиқатга асосланган Ўрта Осиёда қудратли марказлашган давлат бунёд этган. Ўз даврида ўзбек давлатчилигининг Бош қонуни – “Темур тузуклари” буюк бобомиз, Соҳибқирон Амир Темурнинг заковат мулкидир. Темурбекнинг “Темур тузуклари” дунё жамоатчилиги томонидан давлат бошқарувида оламшумул тарихий аҳамиятга эга бўлган Асосий қонун сифатида эътироф этилган. Ҳозирги кунда хам бу асарнинг аҳамияти сақланиб қолган. Ушбу асар айни кунларда ҳам кўплаб хорижий давлатлар, жумладан, Англия, Франция, АҚШ, Дания, Эрон, Ҳиндистон, Туркия, Миср, Яман ва бошқа давлатларда зўр қизиқиш билан ўрганилмоқда. Қолаверса, “Темур тузуклари”ни нафақат асосий қонун, Бош қонун, яъни Темурийлар салтанатининг конституцияси, деб баҳолашимизга тўлиқ асослар бор.
Конституция тушунчаси аслида Амир Темурнинг тузукларидан бошланиб, Европага илк бор Францияда Декларация сўзи билан кириб борган. Ва кейинчалик Конституция сўзига айланиб, жаҳон амалиётига кирган.
Бу фикримизнинг нақадар ҳақиқатга яқинлигини рус олими Дмитрий Логофетнинг қуйидаги фикрларидан ҳам билиш мумкин: “Оврўпо конституция ҳақида тушунчага ҳам эга бўлмаган бир даврда ана шу Соҳибқироннинг давлатида конституцион қонунлар мажмуаси – Тузук мавжуд ва амалда бўлган”.
Дарҳақиқат, Амир Темур қонунчилиги тузуклар ва тўралар деб номланган. Тузуклар давлат тузилиши ва бошқаруви ҳамда жамият фаолиятини, ижтимоий ва сиёсий муносабатларни, одил судлов ва назорат ишларини тартибга солган. Тўралар эса соҳалар бўйича қонунлар ҳисобланган. Салтанат ишларини қонун-қоида ва интизомга солиб, салтанатнинг мартабасига зебу-зийнат берган. Салтанатини ўн икки тоифага бўлиб, уларга таянган ҳолда иш юргизган.
Аслида, Мовароуннаҳрда гарчи ҳуқуқнинг асосий манбаи шариат бўлса-да, “одат ҳуқуқи” ҳам ёнма-ён борган. Бундай урф-одатлар Амир Темур даврида тартибга келтирилиб, давлат бошқарувида ҳуқуқий одатлар билан ҳуқуқий бўлмаган одатлар бир-биридан фарқланган. Давлат томонидан тан олиниб, мустаҳкамлаб кўйилган ва санкциясига эга бўлган одатларгина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлган, расмий одатлар ҳисобланган. Одатлар “Тўра” деб юритилиб, қонун маъносини англатган.
Олимларнинг фикрича, “Тўра” – “қонун, қонун билан бирлашган халқ оммаси”, деган маъноларни билдиради. Бу фикрни академик Василий Бартольднинг асарларида ҳам кўриш мумкин.
Бинобарин, ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кунни юқори кайфият билан кутиб оламиз, ўзгача шукуҳда байрам қиламиз. Бу бежиз эмас. Унинг қадр-қимматини, аҳамиятини ҳар биримиз дил-дилдан ҳис этамиз. Чунончи, Конституция мамлакатимиз мустақиллигининг ҳуқуқий пойдевори, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолати, бирдамлик занжири, тенглик мезони сифатида Буюк Темур бобомиздан меросдир.
Шу ўринда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан келтирилган пурмаъно иқтибосга эътиборимизни қаратамиз. “Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”, деб таъкидлаган эдилар. Шу нуқтаи назардан, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш биз бунёд этаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг бош мезони ҳисобланади”.
Дарҳақиқат, Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда адолат ва ҳақиқат бўлади”, – деган ўгити шарқона ҳуқуқий давлат қуришнинг энг муҳим шарти ва асоси бўлиб хизмат қилади. Зеро, қонун устувор бўлган, адолат ва ҳақиқат қарор топган жамият мудом юксакликка бўй чўзаверади.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА