Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок бошчилигидаги делегация бугун Самарқанд шаҳрида бўлди.
Самарқанд темирйўл вокзалида меҳмонларни вилоят ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.
Эркинжон Турдимов ва Пак Бён Сок ўртасида шу ерда ўтказилган қисқа мулоқотда ўзбек ва корейс халқлари ўртасидаги азалий дўстлик алоқалари йил сайин мустаҳкамланиб, ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бораётгани таъкидланди. Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегациясининг ташрифи эса бу алоқаларни янги босқичда давом эттиришга туртки бўлиши қайд этилди.
Меҳмонлар Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев ҳамроҳлигида кўҳна кентнинг тарихий обидалари, диққатга сазовор жойларида бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси, аждодларимизнинг илм-фан, бунёдкорлик борасидаги юксак салоҳияти акс этган бетакрор меъморий ёдгорликлар билан яқиндан танишди.
[gallery-1937]
– Мен Тошкентда бир неча бор бўлганман, аммо Самарқандга биринчи бор келишим, – дейди Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Пак Бён Сок.
– Самарқанд ҳақида кўп бор эшитгандим, эшитганларим кўрганларим олдида денгиздан томчи экан. Ўзига хос қадриятлар мужассам тарихий обидалар мени ўзига ром этди, уларнинг қурилиш услуби, архитектурасига қизиқишим ортди. Ўша давр учун бундай бунёдкорлик ишларини амалга ошириш ҳақиқатан ҳам катта гап. Буюк юртнинг бебаҳо шаҳри билан танишганимдан хурсандман.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА