Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони томонидан Жиззах вилоятидаги тадбиркорлар фаолиятида ноқонуний текширув ўтказган 47 нафар мансабдор шахс жазоланди ҳамда 6 нафар мансабдор шахс билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-Омбудсман) девони ходимлари томонидан Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман марказларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, қонуний манфаатларига риоя этилиши ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги юзасидан ўтказилган ўрганишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, тизим ходимлари томонидан 2020 йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 112 маротаба ноқонуний текширув ўтказилган. Яъни, ушбу текширувлар текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмасдан ўтказилган.
Шу билан бирга, текширувлар жараёнида, текширув ўтказишнинг белгиланган тартиблари ҳам бузилган. Бунинг устига, мазкур текширувлар, текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳодимлар томонидан ташкил этиб келинган.
Аниқланган ҳолатлар бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-Омбудсман) томонидан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тадбиркор фаолиятида амалдаги қонун хужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини таъминлаш, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларнинг қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини қатъий ҳал қилиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Тақдимнома натижасига кўра, вилоят бандлик бош бошқармаси ҳамда унинг шаҳар, туман марказларининг 47 нафар мансабдор шахсларига нисбатан “ҳайфсан” интизомий чоралари қўлланилиб, 6 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.
Тадбиркорларнинг қонуний ҳимоясини таъминлаш мақсадида, бу каби назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-омбудсман девони томонидан доимий ўтказиб борилмоқда.
Сардор Усманов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Бизнес-омбудсман девони бош инспектори.
ЎзА