Жаҳон матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Бирлашган Араб Амирликларининг «The National» электрон газетасида 2 апрель куни шу сарлавҳали мақола чоп этилди. Қуйида ушбу мақола билан танишишингиз мумкин.
Қайта тикланувчи энергия манбалари билан шуғулланувчи Абу Даби шаҳридаги «Masdar» компанияси Ўзбекистондаги шамол электростанциясини қуриш лойиҳаси қувватини 1,5 ГВтгача ошириш юзасидан келишувга эришди.
Ишлаб чиқариш қувватини ошириш юзасидан эришилган мазкур битим Ўзбекистон билан 500 МВт қувватга эга шамол электростанциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича аввал имзоланган икки томонлама келишувларга асосланади.
«Masdar» шамол энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувни 2021 йил 1 апрель куни имзолади.
Мамлакатда энергия ишлаб чиқариш бўйича катталиги жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи мазкур шамол электростанцияси Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электростанцияси бўлиши ва 600 миллион доллари миқдорида инвестициялар жалб қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистоннинг Навоий вилояти жануби-ғарбидаги Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган шамол энергетикаси лойиҳаси қувватининг оширилиши, ўн йиллик якунига қадар шамол энергияси ҳисобига 3 ГВт миқдорида электр энергия ишлаб чиқиш бўйича белгиланган мақсадларга эришишга ёрдам беради. Мамлакат ўн йиллик якунига қадар электр энергия ишлаб чиқариш ҳажмида қайта тикланувчи манбалар улушини 25 фоизга етказишни режалаштирмоқда.
«Ўзбекистонда барқарор ўсиш суръатларини таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, атроф-муҳитни яхшилаш йўлида аниқ натижаларга эришиш бўйича ҳамкорлигимизни амалга ошириш учун мисли кўрилмаган имкониятлар мавжуд», – дейди БАА саноат ва илғор технологиялар вазири, табиат ўзгариши бўйича махсус вакил Султон Ол Жабер.
Зарафшондаги 500 МВт қувватга эга станция 2024 йил якунига қадар ишга туширилади ва 500 минг хонадонни электр энергия билан таъминлаш имконини беради.
2020 йил «Masdar» компанияси лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва «Миллий электр тармоқлари» АЖ билан электр энергияни сотиб олиш ва инвестициялар тўғрисидаги келишувларни имзолаган эди. Декабрь ойида «Masdar» Ўзбекистонда 100 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш масалаларини ёпди ва мамлакатдаги биринчи мустақил электр энергия ишлаб чиқарувчи мақомига эга бўлди.
Лойиҳа Жаҳон банкининг Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки маблағлари ҳисобига молиялаштирилди.
Шу тариқа, Ўзбекистон Яқин Шарқ минтақасидаги йирик инвесторлар ўртасида қайта тикланувчи энергияларга инвестиция киритиш учун «қайноқ манзил»га айланиб қолди.
1 апрель куни Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси Ўзбекистонда 1 миллиард доллар қийматидаги иссиқлик электр станциясининг комбинацияланган циклини қуриш лойиҳасини молиялаштириш масалаларини якунлашга эришди.
1,5 ГВт қувватга эга лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, Ўзбекистонда электр энергияга бўлган талабнинг 15 фоизи қопланади, йилига 2,2 миллион тонна карбонат ангидрид чиқиндилари ҳавога чиқарилишининг олди олинади.