Агар суд мажлисига ОАВ вакили ёки блогерлар қонунга мувофиқ тарзда киритилишига рухсат этилмаса, бу суд мустақил эмас ёки суд фаолияти шаффоф ё ошкора ташкил этилмаган, деган хулосани келтириб чиқармаслик керак.
Бу борада билдирилаётган фикрлар албатта, конституциявий ҳуқуқларимиз асосида турлича яъни, фикрлар хилма-хиллиги, плюрализм, шахсий муносабат, ҳар бир кишининг эркин фикрларига таянилган ҳолда билдирилиши таббий ҳолат.
Шу билан бирга, судлар иш юритувидаги муайян ишга аралашиб қўймаслик, бошқача тарзда суд ва судьяларга таъсир ўтказиб қўймаслик ҳам ҳуқуқий демократик, сўз-фикр ва ахборот эркинлигига асосланган жамиятнинг асосий белгиларидан биридир.
Шунинг учун ҳам бу борада имкони борича кенг ва чуқур мушоҳада, объектив фуқаролик позицияси ҳамда энг асосийси қонунлар талабларига риоя қилинган, қонунларни ҳурмат қилган ёки ўша қонунларни бузмасдан, уларни менсиб, тарафкашликка берилмасдан ё бошқа мақсадлар кўзланмаган тарзда билиб-билиб фикр-муносабат, позиция билдирилса, бундан фақат ва фақат жамиятга наф етади.
Тан олиш керакки, бугун олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар жараёни аввало, судлар мустақиллигини тўла таъминлашга қаратилгандир. Илло, бунингсиз инсон ҳуқуқ ва эркинлиги, унинг манфаатларини тизимли, изчил таъминлаш, айниқса, одил судлов азиз инсон учун деган эзгу тамойилни хаётга бекам-куст тадбиқ этиш мушкул.
Агар суд тўла мустақил бўлмас экан, одил судлов ҳам таъсир остида қолади.
Бугун судларга электрон мурожаат, ариза, даъво ариза билан мурожаат қилиш, ишни видеоконференцалоқа тарзида кўриб чиқишни сўраш мумкин.
Веб-сайтлар орқали судларнинг интерактив хизматларидан фойдаланса бўлади. Телеграм каналлар орқали суд матбуот хизмати билан фаол ҳамкорлик қилса бўлади.
Ҳозир суд қарорларининг ягона электрон баъзаси яратилган. Ҳохлаган низо юзасидан қилинган хулосалар, чиқарилган қарорларни ҳар бир шахс, монеликсиз Олий суд веб-сайти орқали кўриб чиқиши мумкин.Қайси ишлар қачон ва ким томонидан қайси судда кўрилишини билиш ва қизиқиш билдирилса матбуот хизмати орқали олдиндан боғланиш мумкин.
Суд раҳбарияти ва судьялар тинимсиз сайёр қабул, сайёр суд мажлисларини ўтказишмоқда. Судларда очиқ эшиклар куни ўтиб турибди, жойларда суд раислари ва ўринбосарлари брифинглар ўтказишга мажбур, қонунда белгиланган.
Давлат идоралари устидан оддий фуқаро ва тадбиркорлар устидан юритилаётган суд ишлари анча-мунча бўлиб қолди, судлар миллардлаб маблағларни - фуқарога ёки тадбиркорга етказилган зарар (компенцацияни) сифатида давлат ташкилотларидан ундириб бермоқда. Мана куни кеча ҳам Тошкент шаҳар ҳокимиятидан миллиардлаб маблағ ундириш юзасаидан судда хулоса қилинди.
Майли бу кабиларни қўйиб турайлик, лекин, баъзан, ижтимоий тармоқ, вертуал оламда кўп муҳокамаларга сабаб бўладики, у суд мажлисида ОАВ вакили киритилмади, бу судда блогерлар киришига рухсат этилмади...
Албатта, бу эътирозларнинг асосга эга бўлганлари ҳам бор, аммо аксарияти қонуний асосга эга эмас.
Нега? Чунки, бугунги суд кечаги суд эмаслигини барчамиз гувоҳи бўлмоқдамиз. Бунинг исботини, Kun.uz, Uza.uz, Daryo.uz, Qalampir.uz, xabar.uz, Human.uz, gazeta.uz, sof.uz ва бошқа сайтлар томонидан ёритилиб борилаётган суд жараёнлари, суддаги масалалар, шунингдек, бир қатор халқимиз ардоғидаги, биз ҳурмат қиладиган блогерларимиз томонидан турли ижтимоий тармоқларда, жумладан FB, телеграмм каналари ва бошқаларда муҳокама қилиб борилаётган суд ишлари, суд фаолияти, судлар фаолиятига оид танқидий чиқишлар, чиқарилган суд ҳужжатларига нисбатан турли муносабатларда ҳам кўриш мумкин.
Бироқ, кўпчилик эътирозлар асосга эгамаслиги шу билан изоҳланадики, жуда кўп ҳолларда судда айбдор, жабрланувчи ё даъвогар, жавобгар ёки уларнинг яқинлари суд мажлисида ОАВ ва блогерларнинг иштирок этишига розилик бериша вермайди. Ўз эътирозларини билдиришади.
Асоски, процессуал кодексларга ва шу кодекслар асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги 4-сонли қарорида суд процессларини ёритиш тартиби батафсил белгиланган.
Бир сўз билан айтганда, суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг қандай тартибда амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд процесслари иштирок этиши Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслари асосида белгилаб қўйилган кўпчилик кўп ҳам эътибор бермайдиган нормалар билан белгиланган.
Аммо, лекин, бироқ деганларидек, кўпчилик суд муҳокамаси ошкоралигини, судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқининг қандай тартибда амалга оширилиши, оммавий ахборот воситалари ходимларининг суд процесслари иштирок этишини “Судлар тўғрисида”ги, “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунлари нормалари билан тўғридан-тўғри тартибга солинмаслигига кўз юмади.
Демак, ОАВ ва блогерларни талаби ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ келса, судья – раислик қилувчи уларни суд мажлисларига киришига суд процесси иштирокчиларининг розилиги билан рухсат этади. Акс ҳолда рухсат этмайди. Бу жараёнга аралашишга эса, ҳеч кимни ҳуқуқи ё ваколати йўқ.
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолиятига доир ахборотни олиш фуқаролик, жиноят, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш вазифаларига мувофиқ бўлиши ва судлов фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга олиб келмаслиги ҳам лозим.
Якунда айтмоқчиманки, сўз эркинлиги, ахборот олиш кафолатлари ҳудди мустақил одил судлов каби ҳар бир жамиятда таъминланиши зарурдир. Акс ҳолда жамият ривожланишда оқсайди. Зеро, сўз эркинлиги ва мустақил, одил судлов бор жойда албатта тараққиёт бўлади. Буни исботлаш шарт эмас, илғор давлатларнинг тажрибасига бир назар солишнинг ўзи етарли бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлат муҳим бир тамойилга таяниб иш кўради, яъни, “Ўз ҳуқуқларингни амалга ошириш чоғида ўзгалар ҳуқуқ ва манфаатига таъсир этма, акс ҳолда “Habeas Corpus…”
Нуриддин Муродов, Судья