Қалб қўриқчиси

Яйраб-яйраб кулмаса, тўйиб-тўйиб йиғламаса, завқ-шавққа тўлиб кетганида қалби жунбушга келмаса, изтироблар гирдобида қолганида олов бўлиб ёнмаса, яшаш, яратиш, қай бир ҳаётий ақида-қатъиятларини ўтказиш учун қизғин курашларга чоғланмаса,  одам одамми?

Ана шундай ўта ҳиссий лаҳзаларда дилида сўз қайнаб, уни қоғозга тўкмаса, шоир шоирми?

Хўп, бу-ку бир кишининг завқ-шавқи, орзу-ўйи, ният-мақсади, эҳтирос-изтироби ҳақида экан. Бутун бир халқнинг  кўнглида кечган ҳис-туйғу, дард-ҳасрат, ғам-кулфат, қувонч-бахтни ким изҳор этади? Эл қалбини ким қўриқлайди?

Шоир!

Тарих шунга гувоҳки, шахсий-инсоний дардини ўз халқи дардига айлантириб куйлай олган шоиргина асрдан асрга ўтади.

Шоирлар “шахсий дард” ва “халқ дарди” деган икки қутб оралиғидан ўз истеъдод ва меҳнатига яраша ўрин олади.

Абдулла Ориповнинг 60 ёшга тўлиши муносабати билан  ўтказиладиган кечага таклифнома олган маҳалда беихтиёр шулар ҳақида ўйладим.

Кейин бу соҳиби қалам хусусида 14 ‒ 15 ёшимдан бери ўйлаб юрганларим бир-бир хаёлга кела бошлади.

Шунда беихтиёр устоз Матёқуб Қўшжоновнинг бундан чорак аср бурун бир йиғинда  айтган: “Абдулла яна 25 ‒ 30 йил ижод қилса, асрнинг миллат қалбидаги бор дардини қоғозга тўкиб улгуради”, ‒ деган эътирофи эсга тушиб кетди.

Рост, ХХ асрнинг сўнгги 40 йилдан ошиқроқ даврида Абдулла Орипов  халқнинг бир аср мобайнида кўнглида тугиб юрган кўп гапини айтиб улгурди.

Ижтимоий шоир

Шеър усталарининг айримларини “ижтимоий шоир” деган  гуруҳга киритиш адабиёт илми нуқтайи назаридан қанчалар тўғри бўлар, билмадим-у, лекин, негадир, Абдулла ака ҳақида шу таъриф мияда айланаверади.

Бир куни ўзларига ҳам айтдим: “Биринчи муҳаббатим” шеъри ҳам, аслида, муҳаббат мавзусида эмас”, ‒ дедим. “Бу ёғи ‒ ўзларингизга   ҳавола”, ‒ деб қўя қолдилар. 

Чунки, ахир, бу шеърни теранроқ мушоҳада қилсак, айнан йигитнинг қизга муҳаббатидан кўра каттароқ, аниқроғи, ижтимоийроқ маъно-мазмун борлигини англаймиз-да.

Ўзи, асли, аср-асрлик мумтоз адабиётимизда ишқ орқали бутун бир ҳаёт фалсафасини, инсоннинг яшашдан мақсадию бутун борлиқнинг ўз Яратувчисига инон-ихтиёрсиз, ҳатто, мажнунона талпинишини қаламга олиш бор ва бу бир тизим даражасига кўтарилган эди. Шунинг учун китобхон сифатида биз “Биринчи муҳаббатим”дан ҳам ана шундай, Навоий “Лисон ут-тайр”да таъкидлаганидек: “Сўз ‒ ўзга, маъни ‒ ўзгадур”, ‒ қоидасидан келиб чиқиб мазмун қидиришга мантиқан тайёрмиз.

Аввало, шеър лирик қаҳрамоннинг бир тонгда ‒ руҳида маъюслик бир сокинлик уйғотгандаги кайфияти изҳори билан бошланади. Ёшлик ҳам гоҳ завқ, гоҳи тўполон билан  ўтган, қалб иймон билан айри тушган кезлар ҳам бўлган. Умрнинг чорак асри ортда қолган. У шуни тушуниб етганки:

“Дунё” деган шундайин англаб бўлмас сир экан.

Бироқ ҳали орзулардан жудо бўлгани ҳам, юлдуздай кулгани ҳам, Ой каби сўлгани ҳам, гул мисол сарғайиб бўлгани ҳам йўқ.

Хўш, унда нима бўлган ўзи унда?

Бу шеърда ёш қалбнинг ҳаёт у ўйлагандан тамом бошқача, ўта мураккаб, фақат эзгуликлардангина иборат эмаслигини, одам бошида йўлини йўқотиши ҳам, ғуссага ботиши ҳам, чорасиз қотиши ҳам борлигини англаб, болалик-ёшликдаги пок, беғараз, бегард-бегидир тасаввурларининг ўзгарганидан ачиниш, уни энди ҳеч қачон қайта тополмаслигидан ўкиниш ҳисси ‒ ҳукмрон. Кўнгил ўша покиза ҳисни қўмсайди, уни излайди, унга сиғинади...

Бир ишқий шеърдаки шунча ижтимоийлик бўлса, шоирнинг бутун ижодида ижтимоий мавзу қандай ўрин тутади?

Абдулла Орипов бу жиҳатдан устози Ғафур Ғуломга ўхшайди.

Халқ ‒ бош тимсол

Бу икки шоир ижодида шеърият халқ бўлиб сўзлайди.

Бу икки шоир ижодида миллатнинг шонли ва қонли тарихи бугунга, шу замоннинг ҳодисасига айланиб кетади. 

Шунинг учун бу соҳиби қаламлар асарлари орасида талмеҳсиз шеър йўқ. “Талмеҳ” деб тарихий шахс ва ҳодисалар, бадиий асарлар  қаҳрамонларини тилга олиш, уларга у ё бу тарзда ишора қилиб ўтиш санъатига айтилади. Тарихни билмай туриб, бу икки шоир ижодини  тўла тушуниш асло мумкин эмас.

Абдулла Ориповнинг бир шеъри:

Ватерлоода хато қилди Наполеон, ‒

дея бошланади. Буни тушуниш учун аввал Наполеон Бонапарт кимлигини, Ватерлоо қаерда эканини, бу жангда кимнинг қўли баланд келганини... билиш керак-да. 

Ватерлоо  ‒ ҳозирги Бельгия ҳудудидаги машҳур қишлоқ. 1815 йил 18 июни куни унинг яқинида Франция билан Англия ўртасидаги урушнинг  қақшатқич, ҳатто, ҳал қилувчи жанги бўлиб ўтган. Аввалига Наполеоннинг қўли баланд келаётган эди. Бироқ кейин, барибир, англияликлар ғолиб чиқади. Оқибатда Наполеон лашкари маршал Веллингтон армиясига ютқазади. 

Очиғи, халқнинг дардини ўзиники каби ҳис этиш “ижодкорман” деганнинг ҳаммасига ҳам насиб  қилавермас экан. Шундайларни биламан, бошига не қора кун тушса ҳам, мард бўлиб чидайди, миқ этмайди. Лекин нохос бир сурнай нола қилса, кўзига бафуржа ёш келади. Нега? Сурнай нолиши халқнинг ҳасрати билан қоришиб кетган-да. Юракни эзиб юборади. Унинг миллий пардаларига тегиб кетади.

Халқники бўлиш ‒ Абдулла Ориповнинг буюк орзуси. У “Бизникилар” шеърини:

Кошкйди,  аҳл юрт туриб тепамда:

“У бизники эди”, ‒ десалар, ‒

деб тугатади.

“Тилла балиқча”да эса балиқчага эмас, аслида, кенг дунёдан мажбуран узиб қўйилган бадбахт халққа раҳмингиз келиб кетади. “Мен нечун севаман Ўзбекистонни”да Ватанни бойликлари, Қуёши, пахтаси, жаннатий боғлари учун эмас, шу ерда ОНА ХАЛҚ яшаётгани учун севиши айтилган. “Ўзбекистон” қасидасида-ку халқ бош тимсолга айланган. Унинг  нозик нуқталарида ўша пайтда ҳукмрон бўлган шўро сиёсатига зимдан қарши ғоялар устомонлик, яъни шоирона маҳорат билан сингдириб юборилганини кўрамиз.

Мана, Соҳибқирон Амир Темур ҳақидаги ўша машҳур банд:

Кечмишинг бор, чиндан ҳам, узоқ,

Илғай олмас барчасин кўзим.

Мақтамасман мозийни бироқ,

Ўтмишингни ўйлайман бир зум.

Забтга олиб кенг Осиёни,

Бир зот чиқди мағрур, давонгир,

Икки аср ярим дунёни

Зир қақшатди оқсоқ жаҳонгир.

Демам бу кун: “У маним, маним”

Ўзбекистон, Ватаним маним.

“Мақтамасман мозийни бироқ”, ‒  мисрасидаги “мақтамасман” сўзини “мақтаёлмайман” деб тушунасиз. “Демам бу кун: “У маним,    маним”, ‒ сатридаги  “демам” калимасини нозик шеърхон “деёлмайман” деб англайди. Чунки шоирнинг асл мақсади ҳам шу эди.

Шундай жаҳонгир бобосини “меники” деёлмаётган бир қарам замонда халқ дардини бундан бошқа яна қандай айтсин?!

Қасиданинг:

Колумбда бор аламим маним, ‒

мисрасини авваллари фақат, океаннинг нари ёғида ҳам бир қитъа борлигини Абурайҳон Беруний бобомиз тўлқиннинг қайтишига қараб, Христофор Колумбдан бир неча аср олдин башорат қилганига ишора, деб тушунар эдим. Ҳозир бу сатр янада бошқачароқ ‒ кенгроқ тасаввурлар туғдиради. Айнан Колумб Европадан Ҳиндистонга денгиз йўлини очиш ғояси билан чиқиб, ўзи мутлақо билмаган ҳолда Американи кашф этган. Лекин, барибир, кўп ўтмай Европадан Ҳиндистонга денгиз йўли очилди. Шу-шу Буюк Ипак йўлининг аҳамияти пасайди. У батамом йўқ бўлиб ҳам кетди. Халқимиз ана ўша Буюк Ипак йўли бизни тарк этганидан бу ёғига жаҳон тараққиётидан узилиб қола бошлади. Дунё бизни ташлаб қўйди. Бунинг жабрини ҳозирга қадар тортиб келаётганимиз ҳеч кимга сир эмас. Бу мисра ‒ ҳатто, йиллар ўтиб, кишида ана шундай тамоман янги туйғую мулоҳазаю мушоҳада ҳам уйғотавериши билан қадрли.

Мазкур шеърнинг яна бир миллий томирларимизга таъсир этиб, маъюс бир ҳазинлик уйғотадиган банди бор:  

Кеч куз эди, мен сени кўрдим,

Деразамдан боқарди биров.

У сен эдинг, о деҳқон юртим, 

Турар эдинг ялангтўш, яёв.

‒ Ташқарида изиллар  ёмғир,

Кир, бобожон, яйрагил бир оз.

Дединг: ‒ Пахтам қолди-ку, ахир,

Йиғиштирай келмасдан аёз.

Кетдинг умри махзаним маним...

Ўзбекистон, Ватаним маним.

Шоирнинг “бобожон”и ‒ ким? Деҳқон юрт! Она  халқ! У “умри махзан”. Яъни унинг ҳаёти ‒ хазина. Ёмғир демай, қор демай, пахтасини ўйлайди. Унинг бир озгина яйрашга ҳам вақт-фурсати йўқ.

 “Генетика” шеъри лирик қаҳрамони ҳам якка шахс эмас. Унда Широқ, Алпомиш, Бобо Кайфий, Улуғбек, Навоий, Бобур, Эрйигитов, Раҳимов бекорга тилга олинмаган. Халқ сифатида келажакка биздан нима фазилат мерос бўлиб қолади? Шоирни шу масала безовта қилади. Жавоб эса ‒ унингча, шундай:

  1. Қолар курашларда тобланган хаёл.
  2. Буюк бардошимиз қолгуси, ахир.
  3. Ўзни бағишладик курашга буткул,

Демакки, яшадик оромга ташна.

  1. Халққа, ҳақиқатга ташна ўтдик биз.
  2. Биз ҳам етукликка бўлмадик тимсол.

Бу дилгир мисраларнинг ўзинигина  мушоҳада қилганда ҳам, шоир шўро замонидан ич-ичидан норози эканини англаб олиш қийин эмас. Шунинг учун унинг бутун умиди ‒ келажакдан:

1.Балки оро топиб башар сайқали,

Туғилар энг олий инсон, мукаммал.

2. Лекин сен бўларсан бокира мутлоқ,

Лекин сен яшарсан фаришта мисол.

3.Лабда табассуму кўзда ёш билан

Сенга талпинаман, буюк набирам...

Бироқ бу халқнинг одамийлик даражасини кўтара олмагани шоирни безовта қилади ва у бошқа бир шеърида:

Қачон халқ бўласан, эй сен ‒ оломон! ‒

дея бонг уради.

Бу шўро замонида айтилган. Истиқлол туфайли биз бир бутун халқ бўлишнинг энг қулай имкониятини қўлга киритдик. 

Халқнинг ғаними ‒ шоирнинг ғаними. Ёмонлиги шундаки, бу душман ҳам тилида “халқим” дейди. Аслида эса, ҳар сўзида юртни улуғлагани билан, унинг: 

Амал поясида икккала кўзи.

Доимо “халқим” деб кўкрагига уриб юрганлардан баъзиларининг ҳам:

Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ,

Тозалаб” туради халқнинг ҳамёнин

                                          (“Актёр”).
Ёзувчилар боғидаги бир йиғинда Абдулла ака: “Баъзан халқ бир киши тимсолида ҳам намоён бўлиши мумкин”, ‒ деган эди. Бу таърифни Темур, Навоий, Бобур, Фитрат, Қодирий, Чўлпон ҳақида бемалол айтиш мумкин. Бугун шу сафга Ўзбекистон халқ шоири,  Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ўзини ҳам бемалол қўшиш мумкин. Назаримда, бундай зотлар, ҳатто, тушларида ҳам ўзбек халқи дардини кўрган бўлса керак.

Топилма

Баъзан бир бадиий-ифодавий топилма бутун бир асарнинг  “чирой”ини очиб юборади. Айниқса, шеърда ‒ шундай. 

Назаримда, “маним” сўзи ‒ “Ўзбекистон” қасидасининг ана шундай энг муҳим топилмаси. Ўзи тилимизда бундай сўз йўқ. Адабий тилдаги “менингча”ни талаффузда “менимча” деймиз. “Ман” дегувчи шеваларимиз вакиллари эса буни “манимча” дейди. Шоир, гарчи “мен” дегувчи шева вакили бўлса ҳам, “Ватаним” сўзига асл қофия сифатида жаранглаши учун “маним” шаклини қўллаган.

Ҳолбуки, унгача на адабий тилда, на шевада айнан “маним” шакли учрар эди. Бу билан ҳам адабиёт бир гўзал, таъсирчан ифодага эга бўлди, ҳам тил бойиди.

Инсони комил орзуси

Дунё дунё бўлганидан буён у ақл тантанаси учун кураш майдонига айланган. Бу осон кечадиган жангу жадал эмас. Қайтанга, ақл ‒ кўпроқ озор чекишга мажбур:

Вужудимни тешар йиллар шамоли,

Юрак тилка-тилка турфа озордан

                                          (“Ўтинч”).

Шоирнинг битмас армони ‒ инсонни комил, яъни мукаммал кўриш. Бу “Генетика” шеърида кучли ифодаланган. Лекин унинг кўп асарларида ҳам айни мотив у ёки бу тарзда қайта-қайта қаламга олинаверади. “Йиллар армони”да ўқиймиз:

Мукаммал кўрмоқчи бўлдик дунёни,

Етук бўлолмадик ўзимиз бироқ.

“Инсон манзараси”да шундай сатрлар бор:

Оёғин заминга қадаган собит,

Комил инсон зоти не чоғлик юксак.

“Дунёда диёнат ҳали мавжуддир...” шеърида:

Инсон орзусига ҳали етмаган, ‒

мисрасига дуч келамиз.

Инсон комилликка интилаверади. Адабиёт бу йўлда унга камарбасталик қилаверади.

Иллатларнинг иллати

Одамзодда ҳасад йўқолса, Навоийдан кейин йўқолар эди. Чунки, эҳтимол, жаҳон адабиётида ҳали ҳеч ким бу жирканч иллатни улуғ бобокалонимизчалик тасвирлаб бермагандир. Ҳасад ‒ турган-битгани жоҳиллик. Ҳасадгўй, агар бошқаларнинг кўзида бир нур кўрса, шундан ҳам  куйиб, кул бўлади. Жоҳилликнинг даражасини қарангки, энди шу бировнинг кўзидаги нурни ҳам олиб, ўзининг кўзга жойламоқчи. Лекин, ахир, бунинг учун уни ўрнатиш ниятида ўзининг ҳам кўзини ўяди:

Жоҳилки, ҳасад бўлғай анинг жаҳлиға зам,

Нур эл кўзидин англаса, ўз кўзида кам,

Кўзларни алишмоққа чекиб тиғи ситам,

Эл кўзини ҳам ўйға-ю, ўз кўзини ҳам.

Ҳасаднинг даражасини бундан ошириб тасвирлашнинг имкони бўлмаса керак. Ҳасад Навоийдек зотнинг ҳам жон-жонидан ўтгандирки, шу аччиқ сатрларни қоғозга туширган.

Абдулла Орипов тасвирида Бобурни ҳам ҳасад қийнаган:

Не-не  салтанатлар кек билан боққан

                                              (“Бобур”).

Шоир:

Шукр, бас, деганча ғанимларим бор, ‒

дея ахборот берар экан, ўзига ҳасад қилганлардан нолиб қолади:

Бировига ёқмас жиндак журъатим,

Бировига ёқмас мен юрган йўлак.

Ногоҳ бирор жойда чиқса сувратим,

Бири ухлай олмай қийналса керак.

Ҳасад ‒ Абдулла Орипов шеъриятининг асосий мавзуларидан. Эринмай санаб чиқдим. Камида 20 дан ортиқ шеър ‒ шу ё шунга яқин  иллат ҳақида.

Мана бу мисралар ҳам шоир ижодида мазкур мавзу қанчалар ишлангани ҳақида тасаввур беради:

Воажаб, қай бир зот, ўз умри қолиб,

Менинг қадамимни ўлчаб юрибди...

                                              (“Умр”).

Бекор қолганида, баъзида секин

Бир-бирин тагига сув қуяр

                                     (“Сув”).

Чунки бу оламда сен учун, ҳатто,

Оддий инсонликни кўп кўрганлар бор

                                       (“Шукрона”).

Бир қарашда, закий зотсиз,

Бир қарашда, доносиз,

Аммо, билмам, қай жин урмиш,

Яшолмайсиз иғвосиз

                              (“Тарбия”).

О, қанча юракни этмишдир асир,

“Ҳасад” деб аталган қора бир бало,

Офтобим, шулар ҳам кун  кўрсин, ахир,

Зулмат қалбларига юбор нур ‒ зиё

                                       (“Момо Ҳаво”).

Фитратни, Қодирийни, Чўлпонни кафансиз кўмган ҳам, Миртемирга “ташланган”, уни умр бўйи еган ҳам ҳасад эди:

Сизга ташланмади, оҳ, не-не зотлар,

Улар ҳар мўминга ташланар эди.

Ташланмаса, дили ғашланар эди,

Улар пучак жонлар, ақли бедодлар

                                          (“Карвон”).

Оёғи осмонда иғвогар зоти

Айри тили билан изғиб юрарди

                   (“Инсон манзараси”).

Ҳасад худбинликдан келиб чиқади ва кишини дилозорликка ундайверади:

Худбин ва дилозор кимсанинг, ахир,

Оғзи қон йиртқичдан қандай фарқ бор?!

                                           (“Қўриқхона”).

Учинчи одамнинг ҳам ҳасаддан холи бўлишига ҳеч бир кафолат йўқ.  Шунинг учун шоир унга илтижолар қилади:

Қўлларим кўксимда, бетинч, бетоқат,

Таъзимлар қилурман сенга ушбу дам.

У ‒ менми, у ‒ сенми, ким бўлма, фақат

Сенга инсоф берсин, учинчи одам

                                     (“Учинчи одам”).

Мана бу мисралар ҳам ҳасадчига айтилган:

Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,

У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ

                           (“Дунёни қизғанма”).

Шоирга бир умр карвонининг итлар орасидан ўтиши қаттиқ алам қилади:

Лекин алам қилар,

Бир умр гирён

Итлар орасидан

Ўтса карвонинг

                   (“Дейдилар...”).

Бошқа барча ҳайвонлар ўз қавмига асло қирон келтирмас экан. Халқ топиб айтади: “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди!” Лекин, афсус: 

Оҳ, фақат одамзод ‒ фарзанди башар

Бир-бирини маҳв этиш қасдида яшар

                                         (“Қонуният”).

Ёлғиз бир жумбоққа ақлим етмади:

Қайдан туғилади, билмадим, ҳасад?

       (“Идроким борича яшадим фақат...”).

Ўзи оддийгина,

Кам йўқ ишида.

Тонналаб кўмир бор

Лекин ичида

           (“Ҳасадгўй ҳақида”).

Ҳатто, “Ҳаким ва ажал” достони ҳам айнан ҳасад ҳақида:

Муроди не ‒ англаганди ҳаким бегумон,

Ёқар эди Мирзони рашк, ҳасад кўру кар.

Ёки:

Мен ‒ Иблисман, одамларнинг ўзидан чиққан,

Сен ‒ закосан, йўқдир сени  кўрарга кўзим.

Билмадим, Шекспирннг Ягосидан кейин инглизлардан ҳасад қанчалар  йўқолган, лекин Навоий тасвиридаги ҳасадидан ўз кўзини ҳам ўйган одамдан  бу ёғига бизда у камайган кўринмайди. Умуман, ҳасад ‒ ожизлик белгиси бўлса керак.  Одам учун ҳам, халқ учун ҳам.

Абдулла Ориповдек “халқ” деган буюк инсонни ҳасад шу халқда, унинг иллатлари қаторида борлиги кўпроқ изтиробга солган бўлса, ажаб эмас.

Пойдевор

Шоирлар ижодини турли мезонлар билан баҳолаш бор. Гап ‒ масалага қайси жиҳатдан ёндашишда. 

Касб тақозоси билан кўпроқ мумтоз адабиётни ўқишга тўғри келади. Бироқ шуни сезганманки, замонавий сўз санъатининг айрича бир меҳригиёси бўлади.

Энди бир гапни айтсам, унчалар ўринсиз бўлмас, деб ўйлайман. Бошқаларни билмадим-у, негадир, Чингиз Айтматовни ўқисам ‒ насрий асар ёзгим, Абдулла Ориповни мутолаа қилсам ‒ шеър битгим келаверади.

Ахир, адиб адибга, шоир шоирга елка тутиши, кўприк бўлиши керак. Адабиётнинг юксак намуналаригина келажак сўз санъатига чинакам пойдевор бўла олади.

Халқ яшар экан, адабиёт ўлмайди. Ҳар замон соҳиби қаламлари ўз даври сўзини айтиши лозим. Бу жиҳатдан Абдулла Ориповнинг 1967 йили битилган мана бу саккизлигида жуда теран маъно ифодаланган:

Ўзимни мозийнинг бағрига урдим

Ва шу он шукрона айтиб қайтдим мен.

Кимдир кўрмай кетган бахтни мен кўрдим,

Кимдир айтмай кетган сўзни айтдим мен.

Нени кутаётир ажиб келажак,

У менинг иқболим, менинг бахтимдир.

Мен кўрмаган бахтни кимдир кўражак,

Мен айтмаган сўзни айтажак кимдир.

Қўлига қалам тутган борки, албатта,  кимдир айтмай кетган сўзни топиб, айтиб кетиши зарур.

Навоий жаҳонни қалам билан олган

Биз тенгиларнинг бахтимиз шуки, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби буюк шоирларга замондош бўлдик. Касб тақозоси билан мамлакатимизнинг кўп-кўп шаҳар ва туманларида маъруза қилишга тўғри келган. Давраларда бу икки шоир асарларидан парча ўқишга ҳамиша ҳадиксираб тураман. Чунки одамлар орасида уларнинг аксар машҳур шеърларини ёд билганлар ‒ жуда кўп. Хато қилсангиз, тамом-да. 

Бир гал Гулистон шаҳридаги Олим Хўжаев театрида “Ўзбекистон” қасидасининг Навоийга бағишланган бандини атайлаб бузиб:

Беш асрким, назмий саройни 

Титратади занжирбанд бир шер.

Темур тиғи етмаган жойни

Қилич билан олди Алишер, ‒

деб айтган эдим, бутун зал: “Қалам билан!”  ‒ деб бақиришга тушди-ку!..

“Икки дил бағрида улғайди миллат...”

Ярим асрдан кўпроқ давр мобайнида халқимизни икки буюк сўз санъаткори ўз ортидан эргаштирди, десак, ҳеч янглишмаган бўламиз. Улар ўз ижоди билан амалда миллатни маънан тарбиялади, руҳан етаклади, унга тетиклик, эркинлик, ҳушёрлик, ҳамма билан тенглик, ғурур, фахр, инсонийлик туйғуларини сингдирди. Иккисига ҳам Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвони берилиши бежиз эмас эди.

Ҳеч бир шоиримизнинг кўнглига келмасин-у, ХХ асрда бу икки буюк қалам соҳибига тенг келадиган шоир чиқмади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бир тадбирда атрофимизда Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби шоирларимиз йўқлигини эслатганлари ҳам асоссиз эмас.

Шу фикр мияда айланана-айлана, охири шеър бўлиб қоғозга тушди. “Сажданинг сири” деган сарлавҳа қўйилди. “Нақшбандия” журнали муқоваси ички саҳифасида чиқариб, иккаловларига ҳам етказдим. Мана, ўша шеър:

Мустабид даврда ўзбек халқига

Битди икки буюк соҳиби қалам.

Эллик йилки, маънан етаклар элни

Эзгу мақсад сари қадам-бақадам.

Икки дил бағрида улғайди миллат,

Воҳид[1] Эркинликка чорлади бири. 

Абди[2] Аллоҳ бўлди бири, Ориф ҳам,

Сўзлардан тўн кийди кўнгилнинг сири.

Яратган ярлақаб, халқни сўйлатди

  Шу икки дарёйи дилнинг тилидан.

Завқини, шавқини айтиб, тўктирди

Дардини ‒ ҳар неки ўтган дилидан. 

Лек замон саждага қўйдирмади бош,

Қўйдирса, тасаввур этиб бўлмасди.

Не-не хос сирларни очармиди Ҳақ,

Бу икки даҳога етиб бўлмасди.

Ким ‒ дилбар шоир?

Бир йили Абдулла Орипов, шунингдек, раҳматли фурқатшунос домламиз Шариф Юсупов “Тафаккур” журналининг йиллик мукофотини олишди. Мукофотни топшириш маросимида бирга бўлдик. Торроқ доирадаги ширин суҳбат асносида Абдулла ака  Зокиржон Фурқат шеъриятини  шундай ич-ичига кириб таҳлил қилиб бердиларки, биз ‒  мумтоз адабиётимиз тадқиқотчилари у кишининг оғизларига қара-а-а-б ўтирдик. 

Ўшанда Абдулла аканинг бутун ўзбек шеъриятини сув қилиб, ичиб юборганига амин бўлганман.

Шунда бирдан: 

‒ Фурқат ‒ дилбар шоир. Биз “дилбар шоир” деган таърифни ҳар кимга нисбатан ишлатавермаслигимиз керак. Бизнинг замонда Эркин Воҳидовгина ‒ дилбар шоир, ‒ деб қолдилар.

Яшириб нима қилдик, Эркин Воҳидов шеърларини ўқисангиз, беихтиёр бу буюк шоирга иккинчи бир буюк шоирнинг юксак баҳоси ёдга тушаверади.

Бегона байт

“Тафаккур”даги суҳбатда Абдулла ака яна бир гап айтдилар:

‒  Ғазалда шоирлар охирги байт бўлиб келадиган мақтадан олдинги бир, баъзан икки байтда, асосий мавзудан сал-пал четга чиққандай бўлса ҳам, юрагидаги яширин бир дардини айтиб-айтиб олади. Уни “бегона байт”  дейишади.

Камина бу фикрдан 8-синф “Адабиёт” дарслигида фойдаландим. Айрим олимлар қарши ҳам чиқди. Улар ғазалда шундай ҳодиса борлигини инкор этаётгани йўқ, айнан ифодага норозилик билдиришди. Нима эмиш, буни “лирик чекиниш” дейиш керак эмиш. Ахир, “лирик чекиниш” истилоҳи эпик, яъни воқеа баёнига асосланган асарларда қўлланади. Ғазал ‒ ўзи лирик асар бўлса. Лириканинг ичида яна қандай лирик чекиниш бўлиши мумкин? Шунинг учун бу ҳодисани ифодалашда “бегона байт” атамасидан мосроқ бошқа ифода топиш ‒ мушкул. 

Мухолифларимизнинг фикрича, яна нима эмиш, мумтоз адабиётшунослигимизда бу истилоҳ учрамас эмиш. Учрамаса, учрамасин! Илм олдинлаб кетаверади-ку. Янги-янги ҳодисалар кашф қилиниб, уларга янгидан ном бериб кетилаверади-да. 

Мана, физикада бир пайтлар атомга энг кичик заррача сифатида қаралган. Кейин атом ҳам нейтрон ва протонларга бўлиниши кашф қилинди-ку.

Эътирофга эътироф

1991 йили “Навоий йили” бўлди. Телевдениеда Нажмиддин Комилов  бошловчилик қилган кўрсатувда Абдулла Орипов билан бирга қатнашдик.

‒ Сизни ўқирдим, эшитардим, бугун, мана, хурсандман, танишиб олдик”, ‒ дедилар.

‒ Биз сизни болаликдан ўқиймиз”, ‒ дедим шогирдона мамнуният билан. 

Телевидениедан чиқдик. Негадир, Нажмиддин ака ичкарида муҳаррир билан маслаҳатлашиб қолдилар. 

Йўқ, Нажмиддин ака билан хайрлашмасдан кетиш йўқ. Кутамиз, ‒ дедилар Абдулла ака ҳовлига чиққанимиздан кейин. Навойшунос Алимулла Ҳабибуллаев билан иккаламизга: 

Бир нарсани эшитиб қўйинглар. Нажмиддин домла адабиётнинг юрагини билади, ‒ дедилар. Бир оз ўтиб яна:

Тўғри, фалончи домлаларингиз ҳам ёмон эмас, зўр, ‒ дедилар бир устозимиз тенги бир профессорнинг номини тилга олиб. ‒ Лекин у адабиётнинг фактик томонини кўпроқ билади, юрагини Нажмиддин акачалик ҳис қила олмайди.

Бу бир буюк шоирнинг бир буюк олимга баҳоси эди.

Энди Нажмиддин Комиловдан эшитганимни айтай.

Абдуллажоннинг олдида хато қилиб қўйишдан чўчиб тураман. Кўп нарсани билади-ей, ‒ дедилар бир куни Нажмиддин ака.

Навоийни ким яхши билади?

1991 йил. Сентябрь охирида Навоий таваллудининг 550 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди. Бу амалда мустақилликка эришганимиздан кейинги Ўзбекистонимизнинг дастлабки йирик халқаро тадбири эди. Халқ баҳонада худди мустақилликнинг ўзини ҳам байрам қилаётгандек бўлди ўшанда.

“Халқлар дўстлиги” саройида энг катта йиғин ўтказилди. Буюк шоир ва мутафаккир ҳаёти ва ижоди ҳақида айнан Абдулла Орипов катта, сермазмун, кенг қамровли маъруза қилдилар.

Хўш, бевосита навоийшунослик билан шуғулланадиган шунча илмий ва таълимий муассасаларимиз, шунча профессору академигимиз бўла туриб, нега маъруза қилиш учун айнан Абдулла Орипов танланди?

Абдулла аканинг бунга маънан ҳаққи бор эди. Маърузани тинглаб: “Абдулла Орипов ‒ Навойни тушунишда ҳаммадан зўр!” ‒ деган хулосага келганман ўшанда. 

Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Садриддин Айнийлар авлоди Навоийни билган, албатта. Кейингилардан Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Уйғун, Иззат Султонлар ижодини ҳам Навоий асарлари таъсирисиз тасаввур қилиш ‒ қийин. Тўғри, шўро даврида Чустий, Ҳабибий, Собир Абдулла, Чархий ва бошқа айрим шоирларимиз аруз вазнида самарали ижод қилишни давом эттираверди. Аммо, очиғи, бу йўналиш ўзбек шеъриятининг асосий жабҳаси ҳисобланмас эди.

Бироқ шундан кейинги шоирларнинг катта бир тоифаси етишиб чиқдики, улар, ростини айтганда, Навоийни ўқимади. Ҳатто, ўқиш ‒ шарт, деб ҳам ҳисобламади. Бунга кўп-кўп ижтимоий сабаблар ҳам бор, албатта.

Албатта, ҳеч ким ҳеч кимни фалон шоирни ўқимасликда айблай олмайди. Аммо, эҳтимол айнан шу сабаб бўлиб ҳам, шеъриятнинг даражаси пастлаб кетди.  Ҳолбуки, Навоийни ўқимай туриб ҳам, ўзбек шоири бўлиш мумкинми ўзи?!

Ана шу катта, яъни кўп йиллик танаффусни Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов бузди. Булар, аввало, Навоийдан улги олди. Уни ўзбек шеъриятининг буюк сарчашмаси деб билди. Чунки, ахир, ўзбек адабиёти бир бутун дарахтга ўхшайди. Навоий ижоди ‒ унинг илдизига янглиғ. Абдулла Орипов ижоди ҳам айнан ана шу бақувват илдиздан озиқ олиб, ривожланган. 

“Навоийшунос бўлиш мумкин эмас!”

Бу ‒ Абдулла Ориповнинг гапи.

Ҳақиқатан ҳам, улуғ шоир ижоди шу қадар кенг ва теранки, уни қамраб олишга бир олимнинг умри камлик қилади. Шунинг учун, эҳтимол, “Ҳайрат ул-аброр”шунос, “Фарҳод ва Ширин”шунос, “Лайли ва Мажнун”шунос, “Сабъайи сайёр”шунос, “Садди Искандарий”шунос, “Лисон ут-тайр”шунос, “Маҳбуб ул-қулуб”шунос ва ҳоказошунос бўлиш мумкиндир.

Бу гап ҳаммамизни ҳушёр торттиради. Шу тўғри нуқтайи назарни ўйласам, ўзимни, нари борса, “Фарҳод ва Ширин”шунос ва “Лисон ут-тайр”шунос дебгина ҳисоблагим келади. 

Мумтозлик

Айрим шоирлар ёзма шеъриятга ўзлари вакили бўлган лаҳжа ва шева унсурларини ҳаддан ташқари кўп олиб киришга интилади. Эҳтимол, бу ҳам  унчалар ёмон уриниш эмасдир. Чунки шу тариқа табиийликка эришилади, муайян минтақа тил иқлими пайдо қилинади, адабий тилимиз янги-янги сўз ва иборалар билан бойийди ва ҳоказо.

Аммо Абдулла ака адабий тилга ўта садоқатли, ёзма нутқ талабларига  қатъий амал қилиб қалам сурадиган шоирларимиздан эди. Унинг шеъриятида баҳсга сабаб бўладиган сўз, ифода ва ибора тополмайсиз ҳисоб.  

Бир тилшунос “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” шеъридаги “пахта ўсмайдими” ифодасига эътироз қилган. Чунки тилимиз қоидалари бўйича, “чигит экилади”, “ғўза парвариш қилинади”, “пахта терилади”. Аммо шоир, эҳтимол, “пахта етиштирилмайдими?” ифодасини вазнга солиш қийинлигидан келиб чиққан, балки “пахта” сўзининг эл орасида машҳурроқлигини ҳисобга олгандир.

Шоир аввал-бошдан ёзма шеъриятнинг мумтоз намунасини яратишни ният қилган ва бунга эришган эди. Қолаверса, адаби      й тилга миллатни миллат қиладиган, атрофида ҳаммани бирлаштирадиган ўта қудратли ва соҳир куч янглиғ қарар эди.  Унинг машҳурлиги, оммабоплиги замирида ана шундай нозик жиҳат ҳам ётар эди.

Бир шоир тилмизнинг қипчоқ лаҳжаси асосида шеърлар битиб, китоб қилиб чиқарибди ҳам. Худди қирғизча ўқигандек бўлдим. 

Ака, бу маъқул йўл эмас. Ахир, сиз бахши эмассиз-ку, ёзма адабиёт яратмоқчисиз-ку, ‒ дедим. 

Кейин тан олиб, Абдулла Орипов ҳам унга худди шу тарзда танбеҳ берганини айтди.

2005 йили Абдулла Ориповнинг  фақат тўртликлардан иборат бир тўплами чиқди. Камина унга тақриз ёзиб, унга шу китобча таъсирида битилган бир “Шеърият” сарлавҳали мана бу саккизлигимни ҳам қўшдим:

Мудом тарк этмагай орифона руҳ ‒

Бедор қалбингизда рубоий яшар.

“Модерн эмас” десин, майлига, Баҳром[3],

Энди мумтозлик ҳам Сизга ярашар. 

Шиорингиз такрор эшитсин жаҳон:

“Шарққа шеъриятни ўргатиб бўлмас!”

Етмиш ёшда ёзса Жомий “Хамса”син,

Шоир қаримайди, шеърият ўлмас!

Интеллектуал шеърият

Абдулла Ориповни, фақат ўзбек шеъриятида туб бурилиш қила олган буюк шоир, деб баҳоласак, очиғи қаттиқ адолатсизлик қилган бў ламиз. Очиғини айтганда, ҳозирги замонда шеъриятга биздагидек юксак мезонлар билан ёндашув жаҳон миқёсида ҳам анқонинг уруғи бўлиб қолган. 

Эҳтимол, керакли даражада тарғиб қила олмагандирмиз, лекин Абдулла Орипов замонасининг жаҳон миқёсида камдан-кам шоирига насиб қиладиган буюк истеъдод соҳиби эди.

Шўро даври адабиётшунослари охири Абдулла Орипов шеъриятига мос келадиган энг тўғри баҳони топа олишди. Бу “интеллектуал шеърият” деган таъриф эди.

Ҳақиқатан ҳам, унинг деярли бирор шеърини шунчаки, фикрламасдан, ҳаётга қарашингизни ўйлаб кўрмасдан ўқишнинг иложи йўқ.

Публицист

Шоир ‒ ҳиссиёт одами. Лекин Абдулла ака минбарларда ўзларини жуда сипо тутар, ҳиссиётларини имкон қадар жиловлаб сўзлар эдилар. 

У кишида мамлакатда, ҳатто, бутун дунёда юз бераётган муҳим ижтимоий-сиёсий жараёнларни ҳам теран таҳлил қилиш, ҳар қандай масалада керакли нуқтайи назарни илгари сура олиш салоҳияти бор эди. Агар фақат “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози” ва бошқа газеталаримизда долзарб адабий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, ғоявий-мафкуравий мавзулардаги публицистик чиқишларининг ўзинигина йиғиб, ўрганганда ҳам, шундоқ ёнгинамизда қандай буюк бир тафаккур соҳиби яшаб, ижод қилганини ҳис этамиз. 

Бундай кезларда у мутахассислиги бўйича журналист эканини тўла намоён этар эди.

“Ўз тилини билмаган”нинг жазоси

Абдулла акага ҳазилга мойиллик кучли эди. Бу унинг шеъриятида ҳам сезилиб туради. Аммо ҳазилкашликда меъёрни қаттиқ сақлар, ҳеч қачон суиистеъмолга йўл қўймас  эдилар. 

Бир гал катта залда бир воқеани айтиб бердилар. Японияга борганларида ўзларига туфли танлабдилар. Таржимон орқали пулини тўламоқчи бўлсалар, сотувчи  бу кишига туфли сотмаслигини айтибди. Ҳайрон бўлиб, сабабини суриштирсалар:

Япон бўла туриб, она тилини унутган кишига туфли сотмайман, ‒ дебди сотувчи.

Илмга таъзим

Мамлакатимизнинг таниқли олимларидан бири Абдулла аканинг илм аҳлига ҳурмат-эътиборини ёрқин тарзда кўрсатадиган икки воқеани айтиб берди.

...1997 йили Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги тантанасига бордик. Эртасига эрталаб Хивага учишимиз керак. Камина аэропортга бироз кечикиб келдим. Югуриб кетаётсам, Абдулла Орипов ҳам кечикиброқ чиқаётган эканлар. Очиғи, ҳамма самолётга чиқиб бўлган, бир иккаламиз қолиб кетган эканмиз. Шунда аэропортнинг учиш майдонига чиқиш эшиги олдида:

Аввал олим ўтади, кейин шоир, ‒ деб туриб олсалар, бўладими?

Устоз, уялтирманг, марҳамат, ‒ дедим. Кўнмадилар. 

‒ Амри устоз ‒ вожиб, ‒ дедим-да, ҳар қанча ноқулай бўлмасин, у кишидан олдин ўтдим.

...Бир гал Халқлар дўстлиги майдонидаги Наврўз тантанасидан чиқаётганда кўришиб қолдик. Давлат раҳбарининг телевидение учун мусоҳаба(интервью)си ёзиб олинаётган экан. Бир неча дақиқа кутиб туришга тўғри келди. Шу пайт беш-олти талаба қиз елкаларига осиб олган сумкачаларидан дафтарчаларини чиқариб, имзо чектириб олиш учун устозни ўраб ташлади.

Бир шартим бор, ‒ дедилар. Қизлар ҳам ўткир-ўткир экан:

Шеърларингиздан ёддан айтиб берайликми? ‒ дейишди.

Йўқ. Очиғини айтсам, бизда шоир ‒ кўп, олим ‒ кам. Мана бу домлаларингиз ‒ олим. Аввал бу кишига таъзим қиласизлар, кейин мен ҳаммаларингизга имзо қўйиб бераман, ‒ дедилар.

Буни ўзимга деб эмас, умуман, илм аҳлига айрича ҳурмат-эҳтиром деб қабул қилганман ўшанда...

Ўзбекистонга ким биринчи салом беради?

“Сутка” сўзининг ўзбекчасини топганимиз йўқ. “Кеча-кундуз” деган ифода ҳамма вақт унга муқобиллик қилолмайди. Одатимга кўра, жуда кеч ухлайман. Деярли ҳар сутканинг бошланишида бедор бўламан.

Ҳар  суткамиз бошида, яъни ярим кечаси соат 24.00 да деярли барча телеканалларимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.   Хаёлимда, аввало, миллий давлатимиз асосчиси, Давлат рамзлари қабул қилинишининг бошида турган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов, Давлат мадҳияси матни муаллифи Абдулла Орипов, унинг мусиқасини яратган Мутаваккил Бурҳонов руҳлари келиб, халққа салом бериб кетишади. 

Бундай чўнг бахт ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.

Султонмурод ОЛИМ, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 

“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.
 
[1]Воҳид ‒ бир, ёлғиз, якка. 

[2]Абд‒ банда, Худонинг қули.

[3]Баҳром ‒ модерн шор Баҳром Рўзимуҳаммад.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Кимдир айтмай кетган сўз...”