ДАВЛАТ ХАРИДЛАРИ: шартнома ўрнига ГУЛ, ҳамма яхши кўрадиган ПУЛ ва амалдорларнинг қариндошлари ютаётган ТЕНДЕРЛАР ҳақида
Андижонда шартноманинг ўрнига гулнинг расми нега юкланди?
Тендерларда ҳали ҳам таниш-билишчилик, манфаатдорлик” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда...
Бу ерда иккита одам алоқада бўлдими, коррупция аломатлари юқори бўлади...
Давлат ташкилотлари нега ғазначиликни ёмон кўради?..
Ҳамма пулни яхши кўради. Лекин пулни ҳаммага ҳам баробар бериб бўлмайди...
Хорижий давлатларда Молия вазирлигининг молиявий полицияси бор. Бизда-чи?..
ИККИНЧИ ҚИСМ
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида янги лойиҳа – интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган мавзулар юзасидан расмийлар билан суҳбат уюштирилиб, мавзуга оид жамоатчиликни қизиқтираётган саволлар, мавҳумлик ва муаммоли жиҳатларга аниқлик киритиш йўлга қўйилди.
Ушбу лойиҳанинг илк мавзуси – давлат харидлари. Сабаби ижтимоий тармоқлар, электрон оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзу, айниқса, давлат харидларидаги айрим ҳолатлар кенг ёритилмоқда.
Мавзуга оид саволларга Молия вазирлиги масъуллари жавоб берди.
***
Давлат харидларининг электрон савдоларида аксарият тадбиркорлик субъектларининг иштирок этмаётгани борасидаги саволга вазирликнинг Давлат харидлари департаменти раҳбари Гулнора Раҳимова қуйидагича жавоб берди:

– Тизимни ислоҳ қилиш жараёнида ҳам методик жиҳатдан, ҳам жойларга чиқиб ўрганиш орқали комплекс таҳлиллар ўтказиляпти, – дейди Гулнора Раҳимова. – Муддатнинг узунлиги, турли хил бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, электрон тизимнинг такомиллашмагани каби омиллар бунга сабаб бўляпти. Шунинг учун Давлат харидлари тўғрисидаги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди.
Тадбиркорлик субъектлари қачон савдода бемалол қатнаша олади? Қачонки, очиқ, осон ва қулай бўлса. Бу жуда катта бозор, тадбиркорлар учун катта имконият. Ана шу имкониятдан келиб чиқиб, ундан кенг фойдаланиш учун тарғибот ишларини жадаллаштириш керак.
– Айни пайтдаги ҳолат нуқтаи назаридан тадбиркорларнинг ушбу электрон савдоларда иштирок этиши имконияти қандай, осонми ёки қийин?
– Ҳозир қийинроқ, негаки, бунинг сабабларидан бири бу давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали шаклланган. Ушбу порталда бир нафар оператор бор эди. Яъни, шу операторда маълум бир шаклланган, рўйхатдан ўтказилган тадбиркорлик субъектлари бор ва улар савдони шакллантириб боришади. Биз бу борадаги қонунчиликка ўзгартириш киритдик. Сабаби, савдо майдончалари сонини кўпайтирмоқчимиз. Яъни, товар хомашё биржасига ўхшаган махсус операторлар сони кўпайтирилгани сари уларнинг ҳар бирида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш осонлашади. Шунингдек, турли қулайликлар яратилади.
– Мисол учун, савдо майдончасини яратмоқчиман. Бунга имкониятим ёки асосим бор. Тадбиркор сифатида бунинг учун нима қилишим, кимга учрашишим керак? Яна битта савдо майдончаси очишим учун рухсатнома олишим керакми?
– Давлат харидлари катта маблағлар ҳисобига амалга ошириладиган харид тизими бўлганлиги сабабли уларга нисбатан маълум бир талаблар қўйилган ва бу норматив ҳужжатларда белгилаб берилган. Норматив ҳужжат бўйича кўрсатилган талабларга мувофиқ келадиган ҳар қандай тадбиркорлик субъекти оператор сифатида қатнашиш имкониятига эга. Бунинг учун, албатта, оператор сифатида Молия вазирлигига мурожаат қилиш керак, – дейди Гулнора Раҳимова.
– Ижтимоий тармоқлар, электрон ОАВда давлат харидларининг электрон савдолари – тендерларга оид маълум бир фактларга асосланган “Тендерларда ҳали ҳам таниш-билишчилик, манфаатдорлик” мазмунидаги хабарлар тарқалмоқда. Яъни, ҳали ҳам кўп нарса ўзгармагани, барибир ҳокимнинг қизи 1 миллиардлик тендерни ютаётгани, фалончининг куёви 3 миллиардликни эгаллагани, фалончининг ўзининг таъсисчилигидаги фирмаси нечидир 10-20-30 миллиардлик тендерда ғолиб келаётгани ҳақида асосли фактлар ёзилмоқда. Бу эса ўз ўзидан жамоатчиликда ҳали ҳам Давлат харидларида таниш-билишчилик, амалдорликнинг устун эканини англатмайдими? Электрон савдоларда бу каби ҳолатларнинг олдини олиш борасида бирор чора кўриляптими ёки бу нормал ҳолатми?
– Президентимизнинг очиқлик сиёсати бизга катта куч берди, – дейди Одилбек Исақов. – Давлат харидлари олдин ҳеч қачон очиқ бўлмаган. Мана шу очиқлик сиёсати туфайли биз нафақат регулятор сифатида, балки жамият сифатида ҳам қанақа камчиликлар борлигини кўпроқ ҳис қиляпмиз, кўряпмиз ва ҳар хил методлар билан қарши курашяпмиз. Қонунчилигимизга мувофиқ, давлат харидларининг қонунийлигини таъминлаш фақат Молия вазирлиги давлат харидлари департаментининг вазифаси эмас. Регулятор сифатида тизимнинг ишлаши учун биз қонуний тартиб-тамойилларни яратиб, давлат органлари ва буюртмачилари учун етказамиз. Давлат ғазначилари пулни ўтказади. Лекин ҳамма тартиб-тамойиллари тўғри бўлишида назорат қилувчи бошқа ташкилотларнинг ҳам ўрни бор. Жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ҳисоб палатаси, прокуратура органлари ва бошқа бир қатор ташкилотлар буни назорат қилади.

Қанча ташкилот бу соҳани назорат қилмасин, бунда энг самарали усул жамоатчилик назоратидир. Жамоатчилик назорати қанчалик кўп бўлса, тизимда шунчалик ишончсизликдан яхшиланиш сари ўзгариш бўлади. Мансабдор шахслар ҳам жамоатчилик назоратидан қўрққан ҳолда эҳтиёт бўлади. Тизимнинг очиқлигини қанчалик таъминласак, айниқса, пул ўтказиш жараёнида ғазна билан давлат харидлари тўлов тизими чамбарчарс ишласа, шунчалик давлат харидлари қонунчилигини амалда қўллаш осонлашади.
– Ғазначилик тизимида қандай ўзгаришлар бўляпти, нима ўзгаришлар кутиляпти?

– Ғазначиликдаги энг асосий ўзгариш бу тизимни рақамлаштириш жараёнидир, – дейди вазирлик Давлат бюджетининг ғазна ижросини таҳлил қилиш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Ғаниев. – Инсон омилини камайтириш орқали коррупция аломатларига чек қўйиб, ҳамма нарсани автоматлаштирган ҳолда йўлга қўймоқдамиз. Бизга олдин ташкилотлар қоғоз шаклида тўлов ҳужжатлари ёки шартномаларни олиб келарди ва бу ерда навбат кутиб ўтирарди. Ҳозир бюджет ташкилотлари ўтирган жойида ғазначиликка ҳужжатларнинг электрон нусхасини юборади. Шартнома жараёни ҳам автомат тарзида бажарилади. Бу нарсани таҳлил ва мониторинг қилиш бизга ҳам осонлашди.
– Илгари қайси операция ва қайси бўғинда коррупция ҳолатлари кузатиларди ва шу бартараф этилдими?
– Ташкилот келдими, биринчидан, ҳужжатининг қанақа бўлишидан қатъий назар ўтказиш тарафдори бўлади ва шунга яраша ҳаракатини қилади. Бу ерда иккита одам алоқада бўлдими, коррупция аломатлари юқори бўлади. Президентимизнинг 2007 йилдаги тегишли қарорига асосан қоғоз шаклдан воз кечиб, электрон шаклига ўтдик. Бунда ҳужжатлардаги камчиликлар автомат тарзда кўринади ва шу орқали қайтарилади.
– Нима деб ўйлайсиз, нима учун кўп давлат ташкилотлари ғазначиликни ёмон кўради?
– Ҳамма пулни яхши кўради. Лекин пулни ҳаммага ҳам баробар бериб бўлмайди. Буни ҳамма ҳам тўғри тушунавермайди. Пулни тақсимот қилиш учун ҳам ғазначилик бор.
– Айрим хорижий давлатларда Молия вазирлигининг молиявий полиция, деган тузилмалари бор, солиқ ҳам молиянинг ичида бўлади. Умуман олганда, гигант бир тизим ҳисобланади. Бизда-чи? Манфаатлар тўқнашувига дуч келса, бундай вазиятда Молия вазирлиги нима қилади? Қонун бўйича бирор ваколати борми?
– Ҳар қандай қонун бузилиши ҳолати рўй берганида биз ҳуқуқ-тартибот органларига маълум қиламиз, – дейди Одилбек Исақов. – Бизнинг санкция бериш ёки тергов қилиш ваколатимиз йўқ. Ҳар ким ўз иши билан шуғулланиши керак. Бошқа мамлакатлар, жумладан, Польшада божхона, солиқ, молиявий полиция Молия вазирлиги таркибига киради. Лекин бизда ундай эмас. Ва бу ёмон ҳам эмас. Ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос йўналишлари бор. Масалан, биз тизим шаффофлигини, қонун доирасида ишлашини таъминлаб бўлсак, қолганини бошқа тегишли органлар ўз ваколати доирасида қилиши керак. Кеча имзоланган Маъмурий кодексга мувофиқ, давлат харидларидаги тартиб тамойилларнинг бузилишида 20 баробар ёки 30 баробар жаримани биз эмас, уни суд қўяди. Ўйлашимча, адолатли жамият шундай бўлади.
– Ижтимоий тармоқларда Андижондаги мавзуга оид бир ҳолат – шартноманинг ўрнига гулнинг расми юклангани ҳақида хабарлар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Тахминан бир кун ҳам ўтмасдан хато тўғриланди. Хўп, шунда маълум бир шартномаларни кейинчалик харидлар амалга оширилгандан кейин ҳам алмаштириб қўйиш имконияти борми? Бу муаммо келтириб чиқармайдими?
– Давлат харидлари махсус ахборот порталидаги айнан ўша гул билан боғлиқ ҳолат бўйича шартнома бўлган эмас, – дейди Гулнора Раҳимова. – Яъни, у ерда электрон тизимнинг ўзига яраша камчиликлари бўлган. Техник хатоликларга кўра, иш столидаги расм юкланган. Давлат харидлари бўйича тузилаётган шартномаларни ўзгартириш ёки уни олиб қўйиш, ўчириб ташлаш ҳозир ҳам мумкин эмас.
– Аниқлаштириб олсак, ўша гулнинг расми давлат харидлари эмас. Демак, у Давлат харидлари порталида ...
– Андижонда гул билан боғлиқ бўлган ҳолат – ИИБ томонидан депозитга қўйилган маблағ, – дейди Бахтиёр Ғаниев. – Улар тизимни бироз нотўғри тушунишгани учун нотўғри жойлаб қўйишган. Депозит шартномалари давлат харидларига кирмайди.
– Ҳозир шартномаларнинг скайнер вариантини жойлаштиришда қайтиб ўчириб қўйиш имкониятини ўчириб қўйганмиз, – дейди вазирлик Давлат харидлари департаменти бўлим бошлиғи Акбар Норов. – Яъни, нима жойланса ҳам ўчириш керак эмас. Биз шартномани ғазначиликдан рўйхатдан ўтказганимиздан кейин у нарсани ўчирмаслик лозим. Бу туриши керак. Шундай ҳолатлар бўляптики, шартномани нотўғри жойлаштириб қўяди, лекин устидан тўғрисини жойлайди. Эндиликда Давлат харидлари махсус портали билан маълумотлар алмашинувини йўлга қўйдик. Шартнома рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги маълумот Давлат харидлари тўғрисидаги ахборот порталига боради. Яъни, қайси шартнома рўйхатдан ўтказилди, қайсиниси эса ҳали рўйхатдан ўтказилмади. Порталда нотўғри жойлаб қўйилган лотлар бор, лекин у ҳали Ғазначиликдан ўтмаган. Ўтгандан кейин у шартнома кучга киради.
(Боши ўтган сонда. Давоми бор.)
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PFOY6syike4" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>