Давлат харидлари шаффоф ўтяптими? — Молия вазирлиги мутасаддилари бунга жавоб беришди
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида янги лойиҳа – интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик муҳокамаларига сабаб бўлаётган мавзулар юзасидан расмийлар билан суҳбат уюштирилиб, мавзуга оид жамоатчиликни қизиқтираётган саволлар, мавҳумлик ва муаммоли жиҳатларга аниқлик киритиш йўлга қўйилди.
Ушбу лойиҳанинг илк мавзуси – давлат харидлари. Сабаби ижтимоий тармоқлар, электрон оммавий ахборот воситаларида ушбу мавзу, айниқса, давлат харидларидаги айрим ҳолатлар кенг ёритилмоқда.
Мавзуга оид саволларга Молия вазирлиги масъуллари жавоб берди. Илк суҳбатдошимиз молия вазири ўринбосари Одилбек ИСАҚОВ бўлди.

– Давлат харидлари портали нима мақсадда ташкил қилинган, кўзланган мақсадга эришилди, деб ҳисоблайсизми?
– Электрон портал Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси негизида шаклланган, – деди Одилбек Исақов. – Бундан мақсад, давлат харидларини электронлаштириш. Бутун дунёда қоғоздан электрон шаклга ўтиш жараёни изчил кетяпти, жумладан, бизда ҳам. Айни пайтдаги электрон дўкон, аукцион, танлов ва тендерлар мана шу электронлаштириш самараси. Энг асосий мақсадимиз, ушбу очиқ тизимлар орқали кўпроқ тадбиркорларни жалб қилиб, рақобат муҳитида маҳсулотни давлат бюджети ташкилотлари ёки корпоратив буюртмачилар ёрдамида маъқул нархда сотиб олишни таъминлаш.
Кўзланган натижаларга келсак, йўқ, ҳали эришмадик. Олдимизда жуда кўп иш турибди. Президентимиз Мурожаатномада давлат харидлари электрон савдоларида 4 фоизгина тадбиркорлик субъектлари иштирок этаётганини айтиб ўтди. Бу жуда ҳам кам. Биз тадбиркорларни қанча кўп жалб қилсак, рақобат янада кучли бўлади, товар ва хизматларни сотиш учун кўпроқ имконият яратилади.
Масалан, 2019 йилда 100 триллион сўмга яқин товар ва хизматлар давлат буюртмачилари томонидан харид қилинган. Пандемия шароитига қарамасдан 2020 йилда бу кўрсаткич 109 триллион сўмни ташкил этган.
Электрон савдони янада оммалаштириш, унда тадбиркорлар иштирокини осонлаштириш, давлат ва корпоратив буюртмачилар малакасини ошириш ва шу орқали давлат харидларини 100 фоиз электронлаштиришни мақсад қилганмиз. Муаммолардан бири танлов ва тендерлар электрон тарзда ўтказилишига имконият яратилган бўлсада, лекин ҳали қонун нуқтаи назаридан мажбурий эмас. Қонунчилигимизда бу борада ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда ва бу тартиб мажбурий бўлади. Умуман олганда, 2021 йилда ҳаммаси электрон тарзда очиқ ва шаффоф бўлади, деб умид қиламиз.
– Ўзингиз таъкидладингиз, мана шундай катта бозорда мамлакатимиздаги жами тадбиркорларнинг бор-йўғи 4 фоизи иштирок этяпти холос. Демак, 96 фоизи иштирок этмаяпти. Бунга қандай омиллар сабаб бўлмоқда? Тарғиботнинг сустлигиданми ёки иштирок этиш қийинлигидан, ўзи бу ҳақда бирор таҳлил ўтказилганми?
– 2019 йилда илк маротаба “Давлат харидлари бу тадбиркорлар бизнеси учун яхши имконият” мавзуида форум ўтказдик. Форумда худди шу каби саволларга жавоб топдик.
Маълум бўлдики, тадбиркорларда давлат буюртмачиларига етказиб берувчи сифатида билим етишмаслиги — бу биринчи сабаб.
Иккинчи сабаб, тизимга ишончи етишмаслиги. Яъни билим етганда ҳам тадбиркорлар “таниш-билиш бўлмаса иш битмайди, мебелнинг эгаси бор, қурувчининг эгаси бор” деган фикрда бўлишади.
Учинчи сабаб, тарғибот ҳам суст, тўғри. Бу борада ҳам кўпроқ ишлашимиз керак.
Ушбу муаммоларни бартараф этишга ҳаракат қиляпмиз. Яъни, биз илгари давлат харидлари мувофиқлаштирувчиси сифатида фақат Тошкентда ўтирган бўлсак, эндиликда вилоятларда бўлимларимизни ташкил этдик. Улар ўша ердаги бюджет ёки корпоратив буюртмачиларга маслаҳат бериб, тарғиботни кучайтиряпти.
Масалан, форумда тадбиркорлар айтган энг катта муаммолардан бири – электрон имзо олишнинг қийинлиги деб айтишди. Мен ўзим ҳам бу жараёндан ўтганман, ростдан ҳам бу осон эмас, минг хил нарса киритиш керак. Лекин олса бўлади, шуни олгандан кейин осонлашиб кетади. Шу каби ҳолатлар ҳам бор.
Қисқаси, харидларни қанчалик оммалаштирсак, бу тизим такомиллашади, унга ишонч ортади. Чунки бундан давлат буюртмачилари ҳам, тадбиркорлар ҳам манфаатдор.
Интервьюнинг тўлиқ видеосини қуйида томоша қилишингиз мумкин:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/PFOY6syike4" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>