Ўзбек адабиёти Алишер Навоий асос солган Ҳирот адабий муҳитидан кейин Қўқонда Амир Умархон ва Моҳларойим Нодира замонида ривожланишнинг янги чўққисига кўтарилди.

Ҳирот адабий муҳитидан фарқли ўлароқ, Қўқон адабий муҳитида ўзбек тилида яратилган адабий асарларнинг салмоғи ҳамда ўзбекзабон шоирларнинг миқдори ошиб борди. Натижада, ушбу даврда 20 дан ортиқ соҳибдевон ўзбек шоирлари мумтоз шеъриятимизни бойитишга бақадри ҳол ҳисса қўшдилар. Бинобарин, мазкур адабий муҳитда тасаввуфий-маърифий шеърияти билан ўзига хос ўринга эга бўлган намояндаларидан бири – Мирҳасан Садоийдир.  

Тасаввуфий шеърият ўзбек мумтоз адабиётининг муҳим бир қисмини ташкил этади. Айниқса, Мавлоно Лутфий ва Алишер Навоийларнинг баракали ижодлари туфайли ушбу йўналишда қалам тебратиш, ирфоний ғоя ва маслакни бадиий йўсинда ифода этиш ҳодисасини деярли ҳар бир ўзбек шоирининг ижодида мушоҳада этиш мумкин.  

Шарқ тасаввуф шеъриятининг салмоқли қисмини тариқатда юксак мақомларга эришган авлиёлар, тариқат шайхларининг бадиий ижоди ташкил этади. Ирфоний шеъриятни юксак даражаларга кўтарган Аҳмад Яссавий, Абусаид Абулхайр, Жалолиддин Румий, Нажмиддин Кубро каби зотлар ўз навбатида муайян тариқатнинг пешволари, ўз замонасида маънавий раҳнамоси ва пиру муршидлари ҳисобланардилар. Садоий шеърияти эса – муридлар тоифасига мансуб дарвешларнинг руҳий изтироблари ва эврилишларининг бадиий ҳосиласи. Садоийнинг қатор шеърлари ўз пири муршиди Ҳувайдонинг васфига бағишланган бўлиб, уларда муриднинг чексиз меҳр-муҳаббати ва садоқатга йўғрилган иродати ўз аксини топган.

Пирга мурожаат, уни барча сирлар кошифи сифатида мадҳ этиш Шарқ мумтоз адабиётида кўп асрлик анъаналардан ҳисобланади. Жумладан, Алишер Навоий “Хамса” достонларини муқаддимавий бобларида устози ва маънавий раҳнамоси Абдураҳмон Жомий зикрида алоҳида боб ажратган. Шарқ ғазалнависларининг устози ҳисобланган Хожа Ҳофиз Шерозийнинг ғазалларида ҳам пир образи кенг қўлланилади. Аммо Ҳофиз Шерозийнинг пири ким бўлганлиги ҳақида ғазалларида ҳам, бигорафиясига оид манбаларда ҳам аниқ ишора бўлмагани сабабли, шеършунослар Ҳофиз ғазалларидаги пирни умумлашма образ, бадиий тимсол ўлароқ талқин қилишни маъқул кўрадилар. Садоий ғазалларида эса пир – конкрет шахс, тарихий сиймо. Унинг ишораларидан ҳам бу ғазаллар ирфоний мавзуда битилиши баробарида ғазал-бағишлов эканини англаш қийин эмас:                                                            

Юруб чўллар аро сарсон бўлуб йўлдин озиб кетсам,

Бориб бир пири раҳбар, соҳиби кенгашдин сўргил.

Мани бечорани токи агар ҳар ким талаб қилса,

Бориб ул Турк кентида, Булоқни бошидин сўргил.                        

Садоий ўз ғазалларида пирига нисбатан ёр, дилбар, ой каби анъанавий тимсоллар ва тавсифларни қўллайди. Шунинг баробарида нозик ишоралар орқали бу сатрлар аниқ бир кишига, яъни пири – Ҳувайдога бағишланганини билдириб ўтади:                                                                          

Агар даргоҳингга борсам қилиб ман шаъну шавкатни,

Булоқбошидаги юргон эшигингда гадо дерлар.                              

Садоийнинг ижодий услуби айнан Ҳувайдо таъсирида шакллангани, бу зотнинг илму ирфони, тариқатдаги мақоми, иршодлари ҳамда баракали бадиий ижоди ҳамиша маҳорат ва ўрнак намунаси бўлганини эътироф этиб ёзади:            

Садоий сўзлари, жоно, санга ҳаргиз эмас манзур,

Ўқуб кўрган халоиқлар дегай мисли Ҳувайдодур.                          

Мазкур мавзуда ёзган шеърлари Садоийнинг таржимаи ҳоли ҳақида ҳам муайян тасаввур беради. У ғазалларнинг бирида маънавий камолот истагида юрган пайтларида Ҳувайдога учрагани, унинг руҳий оламининг азамати ва қурбатини кўриб, истаганини айнан Булоқбошидан топгани, бу зот Садоийнинг ҳаётида алоҳида ўрин эгаллаганини таъкидлаб, Булоқбошини бу зот шарофати билан ҳикмат ва маърифат булоғига айлангани васф этади:                                    

Озиб йўлларда ман қолдим, пири раҳбарга учрабман,

Жавоҳир конида ё бир қади гавҳарга учрабман.

Муршиднинг васфи фақат ғазаллар доирасидагина эмас, балки бошқа жанрларда битилган шеърларда ҳам учрайди. Жумладан, мураббаълар туркумида шоир пирнинг ҳузурига бориб, ундан касби камол қилиш иштиёқини баланд пардаларда куйлаган. Пирни зиёрат қилиш улкан маънавий эҳтиёж туфайли пайдо бўлгани, ўзининг ботиний оламини басират кўзи билан тафтиш этиб, нуқсонларини ошкор этган ориф зотнинг туйғуларини ифода этиш йўлида яратилган ушбу мураббаъ ҳам давр адабий ҳаётида ўзига хос бир воқеликка айланган:                                                        

Биродарлар, пир қошиға борғум келур,

Жон кўзи бирлан ани кўргум келур.

Умид айлаб жамолини кўрган вақтда,

Маърифатнинг баёнини сўрғум келур.                                          

Умуман олганда, мураббаъ жанри Қўқон адабий муҳитида ривожланган жанрлардан ҳисобланади. Айниқса, Муқимийнинг мураббаълари адабиёт тарихида ўзига хос ўрин тутгани адабиётшунослар томонидан эътироф этилган. Қўшимча равишда Садоийнинг мураббаълари ҳам бадиият ва мавзу кўламдорлиги бобида адабий муҳитда ўзига хос мавқени эгаллаганини таъкидлашни жойиз деб топдик.

Мана бу ғазалдан эса, Ҳувайдо вафотидан сўнг унинг фарзандига мурид тушгани ҳақида маълумот олиш мумкин:                                                                                      

Ки шайтони лаъин қўймай, олибдур садди роҳимни,

Тутуб бу дасту пойимга солиб ҳар қайсига занжир.

Бу золим илгидин манго қутулмоғлиқ маҳол ўлди,

Магар қутқорсалар шояд, ки Маҳдумзодадек бир пир.                  

Садоийни сўфий шоирлар сирасига мансуб, деб ҳисоблаш лозим. Унинг девони мисолида Қўқон адабий муҳитида бадиий ижод билан шуғулланувчиларининг тасаввуфга бўлган муносабатлари ранг-баранг бўлгани, бу ранг-баранглик фикрий ва ижодий-бадиий хилмахилликка олиб келганини билиш мумкин.  

Инсон ва унинг маънавий камолоти масаласи Садоий лирикасининг асосий мавзуси ҳисобланади. Шоирнинг орифона ғазалларида, бир томондан, унинг комил эътиқоди, тасаввуфий дунёқараши, баркамол фуқаролик жамияти ҳақидаги идеаллари ўз ифодасини топса, иккинчи томондан, уларда шоирнинг Шарқ мумтоз шеърияти анъаналари, Алишер Навоий асарлари моҳияти асосида шаклланган юксак бадиий маҳорати намоён бўлади. Шоир шеъриятни фақат кишиларга бадиий завқ берувчи, ҳис-туйғуларни ифода этадиган бадиий санъат туригина, – деб тушунмайди, балки унга ижтимоий ҳаёт муаммоларига ҳам фаол муносабат билдирувчи восита сифатида қарайди. Бу эса шоир меросининг бугун учун ҳам маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий аҳамияти кучли эканини кўрсатади.        

        Назмия Муҳитдинова, СамДУ доценти

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Навоий асос солган ўзбек адабиётида устозлар зикри