Америкалик енгил атлетикачи Райан Краузер ёпиқ иншоотда ядро улоқтириш бўйича ўттиз бир йил давомида сақланиб турган жаҳон рекордини янгилади.
Олимпия ўйинлари чемпиони АҚШ биринчилигида ядрони 22 метр 82 сантиметрга улоқтириб, ўз ватандоши Рэнди Барнснинг 1990 йилда ўрнатган жаҳон рекордини 16 сантиметрга янгилади. Эътиборлиси, Райан Краузер бу натижага биринчи уринишдаёқ эришди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Енгил атлетикачи тўрт йил муқаддам Рио-де-Жанейродаги Олимпия ўйинларида олтин медаль соҳиби бўлган. Ўшанда у ядрони 22 метр 52 сантиметрга ирғитиб, Олимпия ўйинлари рекордини ўрнатган эди. Шуниси диққатга сазоворки, бу рекорд ҳам Олимпиадагача 28 йилдан бери сақланиб турган.
Райан Краузер 2019 йилги жаҳон чемпионатининг кумуш медаль совриндори ҳам ҳисобланади.