Электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон фуқароларининг чет мамлакатлар халқаро аэропортларига боришлари билан хорижда даволаниш учун касаллик тўғрисидаги сохта ҳужжатларни ҳамда коронавирусни аниқлаш учун ўтказилган PZR-тест манфий натижаси кўрсатилган қалбаки маълумотномаларни тақдим қилаётганликларига оид ҳолатлар ҳақидаги хабарлар тарқалмоқда.
Мазкур ҳолат ҳамюртларимизнинг хорижий мамлакат ҳудудига киритилмасликлари учун асос ҳисобланади. Шунингдек, қалбаки ҳужжатлар Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан ватандошларимизга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш жараёнини ҳам қийинлаштирмоқда.
Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик-ҳуқуқий департаменти хорижий мамлакатларга боришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан бегона шахсларнинг қалбаки тиббий маълумотнома ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаб беришда «ёрдамлашиш» борасидаги таклифларига кўнмасликларини сўрайди. Шу билан бирга, чет элга сафарга чиқишдан олдин ўша мамлакатда жорий қилинган чеклов чоралари ва талаблар билан синчиклаб танишиб чиқишни тавсия этади.
Ўзбекистон Республикаси
Ташқи ишлар вазирлиги
ЎзА