Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида (IAC) Ўзбеккосмос агентлиги делегацияси мамлакатимиз номзодини илгари сурди. Минглаб халқаро экспертларнинг бир овоздан қарори билан Самарқанд шаҳри 2028 йилги конгрессни қабул қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Бу тарихий воқеа нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ҳудуди учун космик соҳада янги даврни бошлаш белгиси бўлади.

Мазкур йирик халқаро анжуман нафақат илм-фан ва технологияларнинг ривожи учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади, балки мамлакатимиз иқтисодиётига ҳам катта таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Масалан, яқинда Сиднейда ўтказилган конгресс Австралия иқтисодиётига 42 миллион австралия доллари (қарийб 27 миллион АҚШ доллари) миқдорида даромад келтирган эди.

2028 йилда Самарқандда бўлиб ўтадиган IAC эса 10 мингдан ортиқ халқаро меҳмонларни юртимизга жалб қилиб, халқаро кўргазмалар ва тадбирлар орқали туризм, хизмат кўрсатиш ҳамда тадбиркорлик соҳаларида катта иқтисодий самара келтириши интизор қилинмоқда.
Н. Раҳмонова,
ЎзА