Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳудудларда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Депутат Виктор Пак Ўрта Чирчиқ тумани “Туркистон” МФЙда бўлиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан яқиндан танишди.
Маълум бўлишича, 2023 йилда маҳалла аҳолисининг 60 нафари “Аёллар дафтарида турган. “Маҳалла еттилиги” вакилларининг саъй-ҳаракати билан бугун уларнинг аксарияти бу дафтардан чиқарилган.

Маҳалла ҳудудида 12 та оилавий корхона мавжуд бўлиб, ундаги драйвер соҳалар мебелсозлик ва паррандачилик ҳисобланади. Аҳолининг катта қисми ҳудуддаги хусусий корхоналарда ишлайди. Энг муҳими, маҳалладаги 348 та хонадоннинг деярли 230 таси томорқадан унумли фойдаланиб, қўшимча даромад олмоқда.
Нурафшон шаҳрининг “Деҳқонобод” МФЙда яшовчи Мақсуда Баратова ўз хонадонида 2 сотихли иссиқхона барпо этиб, йилига 3 мартадан ҳосил олмоқда.

Депутат учрашувлари давомида ушбу хонадонда ҳам бўлиб, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган М.Баратованинг тажрибаси билан қизиқди. Хонадон эгаси ҳар мавсумда 15 млн. сўм қўшимча даромад кўраётганини билдирди.
Депутат маҳаллада ушбу хонадон эгаси тажрибасини оммалаштириш, аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.
М. Комилова, ЎзА