Сўнгги тўрт йилда Ўзбекистон Республикасида барча йўналишларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ташқи сиёсат соҳасида ҳам ўзининг яққол натижаларини бермоқда.
Бу нафақат минтақа сиёсатшунослари томонидан, балки халқаро майдонда кўзга кўринган етакчи эксперт ва таҳлил доиралар вакиллари томонидан ҳам тан олинмоқда ва муносиб баҳо берилмоқда.
Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида Ўзбекистон раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилаётган прагматик, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат нафақат бу минтақада, балки унга ёндош ва бир-бирига боғлиқ минтақаларда ҳам ўзаро ҳамкорликни кучайтирмоқда, мутлақо янги сиёсий об-ҳавони яратмоқда.
Мурожаатномада Марказий Осиё минтақасидаги алоқалар ривожига устувор аҳамият қаратилгани бежиз эмас. Бир пайтлар бир-бири билан ўзаро ҳамкорлик муаммолари сабабли икки томонлама алоқалари сунъий ривож топмай турган мамлакатлар бугун расмий Тошкентнинг янгича ва замонавий ёндашувлари, яқин қўшни ва қардошларга доимо кўмак-ёрдамга тайёр эканлиги сабабли ҳамкорлик бобида ҳар қандай масалаларга тўғри ва ўзаро фойдали ечимлар топилмоқда.
Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан ўзаро муносабатларининг ривожланишида мавжуд тенденцияларни чуқур илмий ва фундаментал ўрганиш ва уларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан минтақада ягона бўлган Марказий Осиё халқаро институти ташкил этилди.
Албатта, пандемия шароитида жаҳонда кечаётган кескин геосиёсий ва геоиқтисодий жараёнлар давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро муносабатларни янги реалликка мослаш, трансформация қилиш каби устувор талабларни илгари сурмоқда.
Юқоридаги омиллардан келиб чиққан ҳолда, Мурожаатномада Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсат концепциясини такомиллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди. Аслида ҳар бир давлат бор экан, унинг ташқи сиёсат концепцияси ҳам мавжуд бўлади ва келгуси 5-10 йиллик устувор тамойилларни ўзида акс эттиради.
Албатта, 2012 йилда ишлаб чиқилган Концепция ҳам бугунги кунда долзарб ва амалий ишчан тайёрланган. Бироқ, Янги Ўзбекистонда эндиликда олиб борилаётган очиқ, прагматик ва амалий ташқи сиёсатни тўлиқ инобатга олиб ҳамда узоқ муддатли стратегик устувор мақсадларимиздан келиб чиқиб уни мукаммаллаштиришни замоннинг ўзи ҳаётий муҳим заруриятга айлантирди. Шу маънода илгари сурилган ушбу таклиф ниҳоятда ўринли ва пухта илмий асослангани билан эътиборимизни тортди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиб бораётган экспорт салоҳияти учун янги бозорларни излаб топиш, транспорт инфратузилмалари ривожлантириш, океанга чиқиш имкониятларини янада мустаҳкамлаш мақсади ҳар доим долзарб бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимиз етакчиси ҳар доим қўшни Афғонистонни Марказий Осиёнинг ажралмас қисми деб қараб келади ва унинг минтақа давлатлари билан алоқаларини чуқурлаштиришга жиддий урғу бериб келмоқда.
Афғонистонда қайта тиклаш ва иқтисодий юксалиш жараёнларига юртимизнинг ёрдам кўрсатиши қандайдир қисқа ва бир томонлама манфаатларга асосланмаган. Аксинча, “қўлдан келган барча ёрдамни кўрсатиш”дек самимий ва эзгу ният билан амалга ошириб келинмоқда.
Шу ўринда Афғонистон давлати замонавий тарихда Ўзбекистон билан бу қадар яқин, бу қадар кенг қамровли ва ишончли алоқалар олиб бормаганини эслаш ўринлидир.
Афғон заминида темир йўл қурилиши, Термизда афғонистонлик ёшларнинг таълим олиши, пандемия туфайли кўрсатилаётган тиббий ёрдам, Ўзбекистон чегараси орқали бу мамлакат эҳтиёжи учун зарур бўлган барча юкларнинг эмин-эркин ўтиши учун йўлларнинг очиқлиги, афғонлараро тинчлик музокараларнинг фаол тарафдори бўлиш – бу асрий қўшни халққа бўлган эҳтиром ва кўмакнинг бир қисми холос.
Афғонистон орқали транспорт йўлагини барпо этиш орқали Жанубий Осиё мамлакатлари билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бу чиндан ҳам глобал ташаббус бўлиб, субминтақамизнинг тараққиёт қон томири бўла олишга қодир стратегик режа ҳисобланади.
Албатта, бу коридор орқали нафақат Ўзбекистон экспорт юкларини жаҳон бозорларига чиқаришнинг муқобил йўли яратилади, балки бунга Қозоғистон, Россия, Покистон, Ҳиндистон каби катта салоҳиятга эга давлатларнинг бевосита манфаатлари туташади ва расмий Кобул транзит туфайли ҳали миллиардлаб даромад топиш имкониятига эга бўлади.
Қолаверса, жафокаш афғон халқи, трансафғон йўлаги орқали, ички савдони фаол ривожлантириб, урушдан кейинги даврда иқтисодий қолоқлик, бой ер ости ресурсларидан фойдалана олмаслик каби заиф жиҳатларини самарали бартараф этиш учун яхши имкониятга ҳам эга бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатноманинг ташқи сиёсат қисмида белгиланган ҳар бир вазифа ва масала ниҳоятда катта аҳамиятга эгалиги билан ажралиб туради. Билдирилган дастуриламал топшириқларнинг ҳар бирини фундаментал ўрганиб чиқиш, дарсликлар ва қўлланмаларда амалий ифода эттириш, дарс жараёнларида талабаларимизга етказиб бериш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, докторлик ишларини олиб бораётган изланувчиларимизнинг тадқиқот мавзулари сифатида пухта ўрганиш университетимиз илмий-педагогик жамоасининг, таркибимиздаги таҳлилий марказларнинг янги йилда асосий вазифаси бўлиб қолади.
Комилжон КАРИМОВ,
ЖИДУ ректори,
сиёсий фанлар номзоди