
Ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Ахборот – жуда катта куч. Унинг ёрдамида дунёни бошқариш мумкин. Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий “эрурсен шоҳ, агар огоҳсен- сен” деганда айни шу ҳақиқатни назарда тутган эдилар.
Ҳар бир тарқатилаётган ахборот ортида маълум бир мақсад ётиши ҳеч кимга сир эмас. Баъзи ахборот шунчаки инсонларга янгилик етказиш, огоҳ этиш, қизиқтириш мақсадида тарқатилса, айримларининг ортида маълум шахс ёки гуруҳларнинг манфаатлари ётади. Аслида бу ҳам ўзаро кураш усулларидан бири.
Албатта, халқаро қонунчилик ахборот тарқатишда ҳар бир инсоннинг шаънини, обрў-эътиборини камситишга йўл қўймайди. Хусусан, 1948 йида қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 12-моддасида ҳеч кимнинг шахсий ва оилавий ҳаётига аралиш, дахлсизиини бузиш, шахсий ёзишмаларни унинг розилигисиз ошкор этиш, номус ва шаънига тажовуз қилиш мумкин эмаслиги, ҳар бир инсон ана шундай аралашув ва тажовузлардан қонунан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
Бироқ, шунга қарамасдан, маълум шахсларни қасдан обрўсизлантириш, камситиш ҳоллари ҳар доим, ҳамма жойда кузатилган. Хусусан, оммавий ахборот воситалари, айниқса, электрон нашрлар, ижтимоий тармоқлар тобора ривожланиб, эркинлашиб бораётган бунунги кунда, мамлакатимизда бундай ҳолатлар тез-тез кўзга ташланмоқда.
Хусусан, катта аудиторияга эга бўлган сайтларда фуқаролар, таниқли санъат ва маданият ходимлари, мансабдор шахслар фаолиятига оид ҳаққоний фикрлар билан бир қаторда нотўғри, асоссиз маълумотлар тарқатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Ҳали айбланувчининг айби суд томонидан қонунан исбот этилмай туриб, уни жиноятчи сифатида кўрсатиш ҳоллари учрамоқда.
Кўпгина нашрларда дастлабки тергов ёки суд материалларига асосланган хабар ва лавҳаларда “фалончи фирибгарлик қилди”, “пистончи қотилликка қўл урди” ёки “ўғирлик қилди” деган мазмунаги маълумотлар берилади. Ҳолбуки, бу ўринда шахснинг жинояти ҳали тўла-тўкис исботланмаган, у шунчаки айбланяпти, холос. Суд жараёнида судланувчи ўз айбсизлигини исбот қилишга ҳақли, у дастлабки суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция, кассация ёки назорат тартибида тегишли инстанцияларга мурожаат қилиши мумкин. Бугун қотилликда ёки фирибгарликда айбланган шахс эртага айбсиз деб топилиши, суд залидан озод қилиниши мумкин. Афсуски, бунгача “айбсиз айбдор”нинг “қилмишлари” журналистлар, ҳаттоки ҳуқуқ-тартибот ходимари томонидан ҳам элга ошкор қилиниши, бундан ҳалиги инсоннинг ўзи, яқинлари, оила аъзолари моддий ва маънавий зарар кўриши мумкин.
Бундан беш-олти йил муқаддам мамлактимизнинг йирик газеталаридан бирида таниқли журналист ва прокурор ҳаммуаллифлигида ёзилган мақолада бир жиноят тафсилоти ёритилади. Мақолада бир йигит ўзи ёқтирган қизни алдаб, унинг қимматбаҳо тақинчоқларини тортиб олгани, қизга тан жароҳати етказгани кўрсатилган. Йигит Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суд ҳукми ўқилиши билан орадан кўп ўтмай ушбу мақола чоп этилган. Бу орада айбланувчи ҳукмдан норози бўлиб, апелляцион шикоят берган. Хуллас, иш судларда бир неча бор қайта кўрилган. Тўққиз ой деганда йигитнинг айби етарлича исботланмагани боис озод қилинган. Маълумотларга кўра, жиноятга сабаб бўлган далилий ашё – қимматбаҳо тақинчоқ ҳеч қаердан топилмаган.
Албатта, бу ўринда гап йигитнинг қанчалик айбдор ёки айбсизлигида эмас. Аммо, факт шуки, жиноятга сабаб сифатида кўрсатилган далилий ашё йўқ. Шу боис, адвокат айбланувчининг оқланиши учун асос топа олган. Демак, қонун нуқтаи назаридан қаралганда, мақолада йигитни талончиликда, зўравонликда айблаб, унга нисбатан ноҳақлик қилинган.
Шундан сўнг, озодликка чиққан йигитнинг биринчи иши – у ҳақда мақола ёзган муаллифлар ва нашрни судга бериш бўлди. Албатта, бу мурожаат бир неча бор қайта кўрилиши натижасида, суд муаллифлардан тегишли миқдорда маънавий зарар ундириш ҳақида қарор чиқарди.
Бундай мисолларни оммавий ахборот воситалари фаолиятидан кўплаб келтириш мумкин. Бу борада қонунчиликни такомиллаштириш журналистлар ва ҳуқуқ-тартибот идорлари вакиллари олдидаги ахборот тарқатиш бўйича масъулият қанчалик юқори эканини кўрсатади.
Бу жараён миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топмоқда. 2020 йил 25 декабрь куни Президентимиз томонидан имзоланган Ўзбекистон Республикасининг айрим кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча – 202-2-модда киритилди. Унга кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш базавий ҳисоблаш(БҲМ)нинг 50 баравари (11 млн 150 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар тарқатилган ёлғон ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солса уни тарқатган шахс БҲМнинг 100 бараваригача (22 млн 300 минг сўм) жаримага тортилиши мумкин.
Шунга мувофиқ тарзда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ҳам ўзгартириш киритилган. Жиноят кодексининг 244-6-моддасига кўра, юқоридаги ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Бу ерда гап фақат бир шахснинг шаъни, обрў-эътибори ҳақида кетяпти. Борди-ю, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборот кўплаб инсонлар ҳаётига, хавфсизлигига таҳдид солса-чи?
Маъмурий қонунчиликка киритилган янги ўзгаришга кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ҳозир интернетда ўз ўқувчилари, “мухлислари” сафини кенгайтиришнинг энг осон йўли шов-шувли маълумотларни кўпроқ ва тезроқ тарқатиш бўлиб қолди. Айниқса, 2020 йил март ойида бошланган пандемия ва карантин чекловлари пайтида бундай хабарлар салмоғи ошди. Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда одамларни ваҳимага солувчи, таҳликали маълумотлар кўпайиб кетди. Карантиннинг дастлабки кунларида одамларнинг асоссиз хабарларга ишониб, озиқ-овқат ғамлашга киришиши, бунинг натижасида бозорларимизда нарх-навонинг кескин ошиб кетиши кузатилди. Бунда ижтимоий тармоқлардаги шов-шувларнинг ўрин катта бўлди.
Маълумотларга кўра, пандемия шароитида коронавирусга чалинганлар билан бир қаторда юрак-қон томир ва асаб хасталиклари билан оғриган ва уларнинг оқибатида вафот этганларнинг ҳам сони сезиларли равишда ошган. Қолаверса, тушкунлик, ваҳима ва стресс коронавирус хавфини ошириши ҳам олимлар томонидан исботланган.
Демак, аудитория сонини оширишга қаратилган биргина шов-шувли хабар бир қанча инсонлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириш мумкин. Агар, бу борадаги қонунчилик такомиллашмас, белгиланган чоралар кескинлашмас, инсон ўзи тарқаган ахборотнинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги учун жавобгарликни ҳис қилмас экан, юқоридаги ҳолатлар давом этаверади.
Дейлик журналист, блогер ёки ҳар қандай интернет фойдаланувчиси қандайдир асоссиз шов-шувни тарқатди, бунинг учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, бир неча миллион сўм жарима ҳам тўлади, дейлик. Бундан тегишли хулоса чиқармаса-чи? “Нари борса беш-ўн миллион билан қутуларканман” деб бундай ҳуқуқбузарликка такроран йўл қўйса-чи? Яна аввалгидек жарима билан қутилишнинг имкони борми?
Йўқ, кейинги “қамчи” қатиқроқ бўлади. Энди маъмурий эмас, жиноий жавобгарлик қўлланади. Яъни илк хатосидан хулоса чиқармаган шахс энди шунчаки ҳуқуқбузар эмас, жиноятчига айланиши мумкин. Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш даражасига қараб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда (Базавий ҳисоблаш миқдори бугунги кунда 223 минг сўмга тенг) жарима солишдан то уч йилгача озодликни чеклашгача жазоланиши мумкин.
Дарвоқе, диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган маълумотлар учун алоҳида жавобгарлик бор.
Жиноят кодексининг 244-1-моддасига кўра, ана шундай ҳаракатларнинг даражасига қараб, уни содир этган шахс БҲМнинг 200 бараваригача миқдордаги жаримадан тортиб, саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилади.
Хўш, бу нима? Яна сўз эркинлигини чеклаш, журналист ва блогерларга “мушт дўлайтириш” эмасми, қабилидаги иддаоларга ҳам дуч келяпмиз. Йўқ, асло ундай эмас! Бу нафақат сўз эркинлиги ва у билан бирга ҳар бир шахснинг обрў-эътибори, жамоат хавфсизилигини ҳимоялашга қаратилган ҳаракат. Жамиятни ёлғон ва асоссиз миш-мишлардан, фисқу-фасоддар, фитнадан ҳимоялашга қаратилган ҳаракат.
Зотан, жамият фақат ҳақиқат ва адолат тантана қилган жойда тараққий этади. Ёлғон, миш-миш, туҳмат ва иғволар авж олган маконда эмас.
Ҳақиқатни айта олиш инсондан катта жасорат талаб этади. Ёлғондан, туҳматдан чекинишнинг залвори ва масъулияти ҳам ундан кам эмас. Сўзимиз бошидаги каби яна ҳазрат Навоийга юзлансак:
Неча зарурат аро қолғон чоғи,
Чин демас эрсанг, дема ёлғон доғи...
Менимча, изоҳга ҳожат йўқ.
Рустам ЖАББОРОВ,
“Адолат” Миллий ҳуқуқий ахборот
маркази масъул ходими.