
Саноатни ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматга эга махсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидлаб ўтилган энг муҳим масалалар сирасига киради.
Фикримизча юқори қўшилган қийматга эга махсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётнинг рақобатбардошлик даражасини ва экспорт хажмини ошириш, шунингдек, худудларни комплекс ривожлантириш нуқтаи назаридан долзарбдир.
Чунки иқтисодиётни саноатлаштириш, саноатнинг етакчи тармоқларини техник ва теҳнологик жиҳатдан модернизация қилиш иқтисодий ўсишнинг энг муҳим омилларидан бири хисобланади.
Бу ўринда саноатни ривожлантириш мамлакат иқтисодий барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этиб, иқтисодиётнинг турли ташқи хавфларга қарши тура олиш имкониятини оширади.
Бу ўринда Мурожаатномада саноатни ривожлантириш борасида бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида давлат раҳбар томонидан бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
Биринчидан, 84 та туман ва шаҳарда саноат салоҳиятини янада ошириш учун 100 та технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва махсус логистика марказларини ташкил этиш. Шунингдек эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари инфратузилмаси учун бюджетдан 1,6 триллион сўм маблағ ажратиш ҳам кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрига кўра зарур инфратузилманинг мавжуд эмаслиги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ривожида жиддий тўсиқ бўлмоқда. Бу ўринда мазкур муаммони самарали хал этилиши тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун қулай шароитлар яратиб, ишлаб чиқариш ҳамда экспорт ҳажмининг ортишини, шунингдек қўшимча иш ўринлари яратилишини рағбатлантиради.
Иккинчидан, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш. Бу ўринда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда хусусийлаштириш жараёнларини фаоллаштириш, хусусан, “Фарғона азот”, “Деҳқонобод калий”, “Кока-кола ичимлиги” корхоналари, “Билдирсой”, “Чорвоқ” оромгоҳлари, “Ичан қалъа”, “Ҳаят Реженси” меҳмонхоналари, “Пойтахт” бизнес мажмуаси, шунингдек, 83 та йирик корхонадаги давлат улушини сотувга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу ўринда давлатга қарашли корхоналар сонини келгуси икки йилда камида 3 бараварга қисқартириш кўзда тутилган.
Учинчидан, божхона ҳудудида қайта ишлаш режимида саноат махсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш. Ушбу масала саноат ва қайта ишлаш қувватларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тайёр маҳсулот ва хизматлар экспортини ошириш, ички ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестицияларини кенг жалб этиш нуқтаи назаридан долзарбдир.
Тўртинчидан, “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмларни жорий этиш. Таъкидлаб ўтиш зарурки валюта бозорининг эркинлаштирилиши, солиқ ислоҳотларининг амалга оширилиши, 100 га яқин рухсат бериш ва лицензиялаш қоидаларининг қисқартирилиши натижасида сўнгги 5 йилда саноатда норасмий сектор улуши 20 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди. Бу ўринда давлат рахбари томонидан барча тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратиш, ўз фаолиятига замонавий технологияларни кенг жорий қилган виждонли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида “яширин иқтисодиёт”ни қисқартиришга қаратилган механизмларни кенг жорий этиш устувор вазифа эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунинг билан бир қаторда иқтисодий ўсишни таъминлаш учун хусусий инвестицияларни кўпайтириш, бизнес муҳитини яхшилаш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, ишлаб чиқаришга замонавий технология ва инновацияларни жорий этиш масалалари 2021 йилда ҳам устувор вазифа бўлиб қолиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда мазкур ислоҳотлар иқтисодиётда давлат улушининг юқори эканлиги, рақобат муҳитининг етарли даражада шаклланмаганлиги, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантиришда турли қийинчиликларнинг (маблағлар жалб қилиш, административ тўсқинликлар ва ҳаказо) мавжудлиги, энергия таъминотида кўплаб узилишлар каби иқтисодиётимиздаги кўплаб муаммоларни самарали хал этишга кўмаклашади. Бу эса ўз навбатида тадбиркорликни ривожлантириш ва саноат ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
Азимбек Нажимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими