Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда бир тарафнинг иккинчи тарафни қоралаб чиқиш қилишлари кўпайиб бормоқда.
Бир тарафнинг ўта субъектив чиқишлари эса, ўз ўрнида оммавий ахборот воситалари учун ҳам мавзуга айланиб улгуряпти. Халқаро пресс-клуби раиси, журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев бу борада ўз муносабатини билдирди.
“Барчамиз ўтган ҳафтада медиа маконда машҳур бўлиб кетган ҳодисанинг гувоҳи бўлдик. Бу ерда мен турли интернет ресурслари томонидан ҳар дақиқа кўпайтирилаётган ва ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган Бухоро шаҳар прокурорининг видео мурожаатини назарда тутаяпман.
Ҳам Бухородан, ҳам прокуратурадан, ҳам тергов ҳаракатларидан йироқ бўлган мендек одамдан ҳам Фейсбук орқали ушбу воқеа ҳақида (умуман, бошқа мавзудаги постимга ёзилган шарҳларда) муносабатимни сўраб одамлар мурожаат қилишди”, дея изоҳлайди Шерзод Қудратхўжаев.
Қудратхўжаевнинг юқорида келтирилган масала юзасидан муносабати қуйидагича:
Оммавий ахборот воситаларига бевосита алоқадор одам сифатида фақат бир нарса дейишим мумкин. Ушбу кейсга (воқеа) ҳар доимгидек журналистиканинг фундаментал тамойилларидан келиб чиқиб ёндашиш тарафдориман, яъни ушбу зиддиятли вазиятда бир томон иккинчи томонга зуғум ёки тазйиқ ўтказиш мақсадида текширилмаган ва нохолис ахборотларни чоп этишдан тийилиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман. Хизмат текшируви ундан сўнг эса аниқ фактлар асосида хулосалар чиқариш керак.