ЎзА Ўзбек

06.02.2020 Чоп этиш версияси

ЖССТ: Коронавирусга қарши 675 миллион доллар зарур

ЖССТ: Коронавирусга қарши 675 миллион доллар зарур

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, коронавирусга қарши кураш учун тезда 675 миллион доллар керак.

Ташкилот жаҳон ҳамжамиятини ушбу оғир касаллик асоратларини бартараф этишга, жумладан вакцина ишлаб чиқиш ва тест ўтказишга айнан шунча маблағ йўналтиришга чақирган.

Британиялик олимлар ушбу йўналишда жиддий ютуқларга эришилгани ҳақида маълум қилишган. Улар ишлаб чиққан дори воситалари ҳайвонларда синаб кўриш учун, деярли тайёр ҳолга келтирилган.

“Euronews” нашрининг ёзишича, вакцина яратиш устида бир қатор давлатларда иш олиб бориляпти ва самарадорлик даражаси ҳам турлича.
- Жами маблағнинг 60 миллион доллари ЖССТ фаолияти учун, қолгани хавфли ҳудудда жойлашган, ёрдамга муҳтож мамлакатларга йўналтирилади, — деган мазкур халқаро ташкилот Бош директори Тедрос Аданом Гебреисус. – Зарур инвестицияни тезроқ кириш керак, акс ҳолда кейин янада қимматга тушамиз.

Ҳозирча кенг қўлланилаётган асосий восита карантин бўлиб, Гонконг қирғоқларидаги “World Dream” лайнеридаги 1800 киши текширувдан ўтмоқда: моряклардан бири иситмадан шикоят қилган.

“Diamond Princess” судноси 3700 нафар одами билан Япония қирғоқларида икки ҳафта давомида якорда туришга мажбур: ўн йўловчи ва экипаж аъзолари коронавирус билан зарарлангани айтилмоқда.

Буни икки ҳафтага чўзилган саёҳат, дейиш мумкин, аммо ёқимли сайрдан кўра, кўпроқ сузувчи зиндонга ўхшатган маъқул, — дейди британиялик сайёҳ Дэвид Абель. – Ҳар ҳолда бўш вақтимиз етарлича бўлади, хоҳлаганимиздек сарфлаш имконияти бор. Менимча, нима бўлганда ҳам ижобий фикрлаб, кунларни қувноқлик билан ўтказишга ҳаракат қилиш зарур.

Дунёнинг энг йирик аэропортларида барча йўловчилар махсус текширувдан ўтказилмоқда.

Масалан, Рим шаҳридаги Фьюмичино аэропортида иситмани ўлчайдиган сканерлар ўрнатилди. Ускунадан нафақат хавфли ҳудудлардан келганлар, балки барча йўловчилар ўтади. Ҳозирча Италияда икки салбий ҳолат қайд этилди: ўтган ҳафта Ухандан Римга учиб келган эр-хотин хитойликларда вирус аниқланган.

3 628
ЎзА