ЎзА Ўзбек

13.08.2019 Чоп этиш версияси

Жон Болтон: АҚШ “Brexit”ни қўллаб-қувватлайди

Жон Болтон: АҚШ “Brexit”ни қўллаб-қувватлайди

АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Лондонга амалга оширган ташрифи чоғида Вашингтон Британияни Европа Иттифоқи розилигисиз ташкилотни тарк этиш ғоясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди, дейилмоқда “Reuters” хабарида.

Жон Болтон Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон билан ўтказган мулоқотида АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 31 октябрь куни бўлиб ўтадиган “Brexit” музокаралар якуни бўйича кутилган натижа – Британияни Европа Иттифоқини муваффақиятли тарк этиши кутаётганини таъкидлаб ўтган.

Болтон, шунингдек, Британиянинг Евроиттифоқни тарк этиши АҚШ ва Буюк Британия ҳамкорлик муносабатларининг янги босқичига асос бўлишини қайд этган. 

“Буюк Британия ҳукуматининг Евроиттифоқдан чиқиш қарорини қўллаб-қувватлаймиз ва биз доим сиз биланмиз” – деди Жон Болтон Британия Бош вазири билан музокаралар якунида журналистларга берган интервьюсида.

Хабарда қайд этилишича, икки томон ҳукумат вакиллари иштирокидаги музокараларда Вашингтон – Лондон савдо-иқтисодий ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришган. 

Маълумот ўрнида, Буюк Британиянинг янги Бош вазири Борис Жонсон ҳар қандай ҳолатда ҳам Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиш қарори қатъий экани, бу борада иттифоқ розилиги муҳим эмаслигини билдирган.

2 447
ЎзА