ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Жо Байден Президентлик учун курашни ертўлада давом эттирмоқда

Жо Байден Президентлик учун курашни ертўлада давом эттирмоқда
Давлат раҳбарлигига сайловларда Демократик партиядан номзодлик ўрнини қўлга киритиш учун кураш олиб бораётган АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден шу кунларда сиёсий фаолиятни Делавэр штатидаги уйи ертўласида давом эттиришга мажбур. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар тарқатган.

Авваллари Байден дам олиш хонаси сифатида фойдаланган ертўла эндиликда телевизион интервьюлар, видеомурожаатлар ёзиб олиш учун мослаштирилди. Афсуски, даъвогарнинг чиқишлари акс этган лавҳаларда “студия”даги шароит ҳаминқадар экани билиниб қолган. Ертўлада жойлашган хонанинг ёруғлиги видеоматериаллар сифатли чиқишини таъминлай олмаяпти, ясама саҳна талабга жавоб бермайди. Газетада ёзилишича, ҳатто, сиёсатчининг айрим тарафдорлари ҳам вазиятни салбий баҳолашган. Яъни Байденнинг интервьюси намойиш этилган лавҳани террорчи босқинчилар, гаровга олинганлар билан боғлиқ тасвирларга ўхшатишган.

Шундан кейин Байден ижтимоий тармоқ орқали видеоконференция шаклида чиқиш қилишни маъқул кўрди, бироқ бу усул ҳам ОАВнинг танқидига учради. Зеро, 13 март куни “Facebook Live” каналида эфирга узатилган трансляция техник муаммолар сабаб кетма-кет узилишлар билан, атиги тўрт дақиқа давом этди. Трансляция пайтида бир неча бор “қовун тушди”. Аввалига Байден кимдандир “Мен тўғридан-тўғри эфирдаманми?” дея сўради. Кейин эса умуман кадрдан чиқиб кетди. Бу тафсилотларни “New York Post” ўз саҳифаларида келтирган.

Жорий йилнинг ноябрида 78 ёшга тўладиган собиқ вице-президент, мана бир неча ҳафтадирки, АҚШда коронавирус инфекцияси кенг тарқалганлиги сабабли уй режимига риоя қилишга мажбур. Бу ҳолат президентлик пойгасида олиб борилаётган кампания жараёнида унга катта қийинчиликлар келтириб чиқарди. 17-23 март оралиғида, яъни республикачилар партиясидан бўлажак номзод, АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп ҳар куни брифинглар уюштириб, ОАВга кетма-кет интервьюлар бераётган бир пайтда Жо Байден умуман омма олдига чиқа олмади, телеэфирларда ҳам кўзга ташланмади.

Сўнгги маълумотларга кўра, Демократик партиядан президентликка номзодликни қўлга киритиш учун курашда пешқадамлик қилаётган Байденни ҳозирча 1215 делегат-сайловчи қўллаб-қувватламоқда. Униг рақиби, сенатор Берни Сандерс эса 910 овозга эга. Қоидага биноан, сайловларда қатнашиш ҳуқуқини нақд қилиши учун номзодни энг камида 1991 делегат танлаши шарт. Республикачи номзодлар орасида яққол устунликка эга бўлган Трамп аллақачон ўзи учун етарли овоз тўплаб олди.

2 366
ЎзА