ЎзА Ўзбек

06.08.2018 13:24 Чоп этиш версияси

Жанубий кореялик шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди

Жанубий кореялик шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди
Андижон вилоятида Жанубий кореялик шифокорлар аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, тиббий муассасалар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, халқаро тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, жаҳондаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва тизимга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамда Корея Республикасининг “Ewha Womans University” госпитали ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан Андижон вилоятида ўтказилган тиббий кўрик тадбирлари ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир. 

Тиббий кўрик тадбирлари ҳафта давомида ўтказилди. Кўриклар педиатр, ортопед, кардиолог, аллерголог, терапевт, стоматолог, фармацевт, уролог, дерматолог ва бошқа мутахассисликларга эга бўлган малакали шифокорлар томонидан олиб борилди. Кореядан келтирилган тиббий жиҳоз ва асбоблар ёрдамида ўтказилгани тиббий кўрикнинг янада самарали бўлишини таъминлади.

8.JPG

– Мақсадимиз ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш ва албатта, аҳоли саломатлигини сақлашга кўмаклашиш, – дейди “Ewha Womans University“ госпитали профессори Чой Хай Ёонг. – Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганман. Кейинги вақтларда юртингизда рўй берган ўзгариш ва янгиликлар мени ҳайратга солмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этмоқчиман. Ўзаро ҳамкорлигимиз ижобий самаралар беришига ишонаман.

– Уч фарзандим билан кўрикдан ўтдик, – дейди Андижон шаҳрида яшовчи уй бекаси Моҳинур Сўпиева. – Хорижлик шифокорлардан соғлигимизни мустаҳкамлаш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар олдик. 

Кўрик жараёнида 900 га яқин фуқарога зарур тавсия ва маслаҳатлар, бир гуруҳ беморларга эса бепул дори-дармон, санитария-гигиена воситалари берилди.

Ташриф доирасида кореялик шифокорлар Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув ўтказди. Учрашувда тиббий таълим ва унинг самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан мулоқотлар, маҳорат дарслари ўтказилди, илмий маърузалар тингланди. 

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат) ЎзА
6 093