ЎзА Ўзбек

21.09.2018 Чоп этиш версияси

Жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилди

Жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилди

Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлаш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолияти йўлга қўйилди. 

– Айни пайтда Қорақалпоғистоннинг барча туманларида экологик назоратнинг жамоатчилик инспекторларини ўқитиш бўйича ишлар олиб борилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи А.Мадаминов. – Бу ишларга тажрибали мутахассислар жалб қилинган ва ўқиш учун зарур шароитлар яратилган. Жорий йил 1 ноябрга қадар барча фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида жамоатчилик инспекторлари тўлақонли иш бошлайди. Уларга экологик назорат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги қонун ҳужжатлари, унинг талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш, бартараф қилиш, табиатни муҳофаза қилиш масалалари кенг тушунтирилмоқда.

Ҳозиргача Нукус шаҳри ва бошқа 7 туманда ўқув-семинарлар ўтказилди. Махсус тайёргарликдан ўтган жамоатчи инспекторларга гувоҳномалар берилмоқда.

5 798
Есимхон Қаноатов, ЎзА​​