Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

20.06.2018 16:07 Чоп этиш версияси

Жаҳон урушида икки марта мағлуб бўлган халқ қандай қилиб юксалди?

7a6efg87s9235487-1.jpg

Германия икки марта жаҳон урушларида мағлуб бўлган бўлса-да, 80 йил ичида жаҳоннинг энг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан бирига айлана олди.

Давлат бошлиғи – федерал президент

Германия Федератив Республикаси пойтахти Берлин шаҳри бўлиб (1991 йилнинг июнь ойидан), мамлакат маъмурий жиҳатдан 16 ер (вилоят)га – ерлар округларга, округлар туманларга, туманлар жамоаларга бўлинади. Мамлакат Германия (Deutschland), Германия Федератив Республикаси (Bundesrepublic Deutschland), ГФР каби номлар билан юритилади.

germania.jpg
Давлат тузуми (ГФР) – федератив республика бўлиб, амалдаги конститутцияси 1949 йил 23 майда қабул қилинган. Унга 1954, 1956, 1990, 1993 ва 1994 йилларда қўшимчалар киритилган. Давлат бошлиғи – федерал президент. У махсус чақириладиган федерал мажлис томонидан 5 йил муддатга сайланади ва яна бир марта сайланиш ҳуқуқи мавжуд.

Федерал мажлис бундестаг раиси томонидан чақирилади ва у бундестаг депутатлари ҳамда ландтаглар (ер парламентлари) томонидан сайланган аъзолардан иборат. Президент иш қобилиятини йўқотса ёки вафот этса, бундестаг раиси президент ваколатларини бажаради. 

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни парламент амалга оширади. У икки палата: бундестаг ва бундесратлардан иборат. Бундестаг аҳоли томонидан 4 йил муддатга сайланади. Бундесрат эса ер ҳукуматлари ўз орасидан 4 йил муддатга таъминлайдиган вакиллардан иборат. Ижроия ҳокимият федерал канцлер бошчилигидаги федерал ҳукумат қўлида. Федерал канцлер бундестагда президентнинг таклифига биноан кўпчилик овоз билан сайланади. Вазирлар федерал канцлернинг таклифи билан президент томонидан тайинланади. Ҳар бир ернинг ўз конститутцияси, парламент ва ҳукумати бор.

ГФР аҳолиси 82 400 996 киши бўлиб, унинг 6,5 млн.ни чет элликлардир. Расмий давлат тили – немис тили. Дини – христианлик (насронийлик). Пул бирлиги – немис маркаси бўлган эди, лекин ҳозирги кунда (2002 йилнинг январидан бошлаб) Евро пул бирлигига ўтилган. Миллий байрами немис бирлиги куни (1990 йил 3 октябр ГДР ва ГФР нинг бирлашган куни) ҳисобланади.

Германия – иқтисодиёти қудратли давлат

Без названия.jpgИжтимоий бозор иқтисодиётида аҳоли фаровонлиги учун барча зарурий шарт-шароитлар яратилган. Германия урбанизация даражаси ниҳоятда юқори бўлган мамлакат бўлиб, замонавий илмий-технологик асосида индустриаллашган давлатдир. 

ГФР дунё мамлакатлари ичида маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича энг юқори ўринларда турувчи давлатлардан бири. Жаҳон мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган ялпи миллий маҳсулотнинг (ЯММ) 7-8 фоизи, Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилаётган ялпи миллий маҳсулотнинг 27-28 фоизи ГФРга тўғри келмоқда. Германия аҳолисининг 27-28 фоизи асосан мамлакатнинг саноати ривожланган иқтисодий районларида яшашиб, мамлакат ЯММнинг 23-24 фоизини ишлаб чиқармоқда.

Германия жаҳоннинг йирик ва иқтисодиёти тараққий этган мамлакатларидан бири. Минерал хом ашё ресурсларига бой. Масалан, уларга тошкўмир, темир ва марганец рудаси, никель, кобалт, вольфрам, молибден, мис, хром, қўрғошин, қалайи, уран, калий тузи, гилмоя ва ҳ.к. киради. 
ГФР иқтисодиётида машинасозлик саноати юқори даражада ривожланган соҳадир. Машинасозлик саноатида, айниқса, метални қайта ишлаш соҳасида, металлургия, элктротехника, кончилик, тўқимачилик саноати, шунингдек, қишлоқ хўжалик, машинасозлик тармоқлари кенг ривожланган.

Телекоммуникация асбоб-ускуналарни ишлаб чиқариш, механика ва оптик аппаратларни ишлаб чиқариш соҳалари ҳам мамлакат иқтисодиётида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Germany_promishlennost_1.jpg

Мамлакат иқтисодиётида концернлар шаклида бўлган йирк монополистик бирлашмалар – оғир саноатда – “Тиссен”, “Крупп”, “Маннееман”; электротехника ва электрон ишлаб чиқариш саноатида – “Бош”, “Сименс”; кимё саноатида – “Хёхст”, “Басф”, “Байер”; автомобил саноатида – «Мерседес-Бенц», “Фольксваген”, “Деймлер-Бени”, “Опель” ва “BMW” концернлари ҳал қилувчи роль ўйнайди.

1485675604.jpg

ГФР қишлоқ хўжалигида аҳолининг атиги 4-5 фоизи банд бўлиб, мамлакатнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжининг 90 фоиздан ортиқроғини қондиради. Бу ҳолат мамлакат қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқаришда меҳнат самарадорлиги нақадар юқори эканлигидан далолат беради.

Germany_selskoe_hozyistvo_1.jpg

Ушбу мамлакатнинг асосий экспорт маҳсулотлари – машинасозлик ва транспорт воситалари, кимё, металлургия ва саноат маҳсулотлари, озиқ-овқат, текстил маҳсулотлари. Германиянинг асосий экспорт ҳамкорлари Франция АКШ, Буюк Британия, Италия, Россия, Голландия, Бельгия, Австрия, Испания саналади.

Германия Федерал статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2017 йилда Германиядан биргина Россияга экспорт қилинадиган маҳсулотлар тахминан 25,9 миллиард еврога тенг бўлди. Россия маҳсулотларини Германия ҳудудига олиб кириш 31,4 миллиард еврони ташкил қилади. Беш йил ичида биринчи марта мамлакатлар ўртасидаги товарлар импорти ва экспорти ҳажми ошиб борди.

239045960.jpg
2017 йилда 2016 йилга нисбатан товарлар экспорти 20,2 фоизга, импорт эса 18,7 фоизга ўсди. Бундан олдин Германиядан экспорт қилинадиган товарлар миқдори тўрт йилга қисқарди. 2012 йилда Германия ва Россия ўртасидаги ташқи савдо айланмасининг энг юқори кўрсаткичлари (экспорт 38,1 миллиард евро, импорт эса 42,8 миллиард еврони ташкил қилди) кузатилганди.

Германия экспорти ва товар импорти 2017 йилда рекорд ўрнатди. Германиянинг Федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, хорижга етказиб бериш ҳажми 6,3 фоизга ошиб, 1,279 триллион еврони ташкил қилди. Эвропа Иттифоқи давлатлари улуши умумий экспорт ҳажмидан 750 миллиард еврога тенг бўлди. 

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,3 фоизга кўтарилиб, 1,035 триллион еврони ташкил қилди. Натижада 2017 йилда мамлакат ташқи савдо балансининг профицити саккиз йил ичида биринчи марта камайиб, 244,9 миллиард еврони ташкил қилди.

Профессионал хизмат кўрсатувчи PwC гигантининг ҳисоботида 33 йил ичида иқтисодиёти энг қудратли мақомига эга бўлиши кутилаётган мамлакатлар қаторида Германия кучли ўнталикда алоҳида эътироф этилган.

Олмонлар бунга қандай эришмоқда?

Германия икки марта жаҳон урушларида мағлуб бўлган бўлса-да, 80 йил ичида жаҳоннинг энг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан бирига айлана олди. Экспертлар немисларнинг ўзига хос феъл-атвори уларнинг иқтисодий жиҳатдан муваффақиятга эришишларига сабабчи бўлганини кўп таъкидлашади. 

1683353125.jpg
Асли америкалик бизнесмен Кейт Хаузер шундай деган эди: 

“Германияда 30 йилдан буён яшаётган америкалик сифатида таъкидлашим мумкинки, немислар ишни тўғри ташкил этиш учун ўз вақтлари ва кучларини тўғри тақсимлашни анча эрта бошлашади. 

Немисларни қисқа муддатли эмас, узоқ муддатли самарадорлик қизиқтиради. Улар ўта пухталик билан иш олиб боришади. Бу ерда маорифга катта эътибор қаратилади. Болаларга катта талаблар қўйилади. Япониядаги сингари бу мамлакатда ҳам фарзандларининг мактабда яхши ўқишларини кутишади, агарда уларнинг ўзлаштириши суст бўлса, шу заҳоти репетитор ёллашади.

Улар учун ўзаро келишув муҳим аҳамият касб этади, шу боис қарорлар чиқаришда раҳбарлар билан бирга оддий ходимлар ҳам иштирок этишади. Немис раҳбарлари қўл остидаги ходимларини эришган муваффақияти учун муносиб рағбатлантириш орқали уларнинг меҳнат қилишга бўлган иштиёқларини оширишади. Улар бир-бирлари билан худди ҳамкорлардек муносабатда бўлишади.

Оғир вазиятларда немислар ўз манфаатларини жамият манфаати учун қурбон қилишга тайёр. Мамлакатда коррупция ва жиноятчилик даражаси паст бўлиб, аксарият мамлакатларнинг бор қуввати мана шу икки иллатга қарши курашишга сарфланади”.

Ўзбекистон – Германия муносабатлари

86.jpg

Германия билан Ўзбекистон ўртасида расмий муносабатлар 1992 йилдан бошланган бўлса ҳам, икки давлат ўртасидаги алоқалар узоқ даврга бориб тақалади Ўзбекистоннинг ғарбий Европадаги биринчи элчихонаси 1993 йил Бонн шаҳрида очилди. Ўша пайтданоқ ўзаро алоқалар, делегацияларнинг ташрифлари йўлга қўйилди. Германия Федерал иқтисодий ҳамколик вазирининг 1992 йил августдаги расмий ташрифи икки томонлама муносабатларни ривожлантириш учун асос яратди.
25Jahrelogo.jpg

Ҳамкорлик дастурларини мувофиқлаштириш ва тезроқ амалга ошириш мақсадида 1993 йил августда идоралараро комиссия ҳамда 1995 йил май ойида Ўзбекистон – Германия доимий ишчи гуруҳи тузилди. Мазкур комиссия ва гуруҳ мунтазам равишда йиғилишлар ўтказиб, инвестицияларни кафолатлаш ва суғурталаш, лойиҳаларни молиялаш, хусусийлаштиришга кўмаклашиш, қимматли қоғозлар бозорини вужудга келтириш каби муҳим масалаларни ҳал қилиб келаётир. 1993 йил Тошкентда Германиянинг техникавий ҳамкорлик жамиятининг ваколатхонаси очилди. Жамият фаолияти туфайли бозор иқтисодиётига оид семинарлар ва ўқув курслари ўтказиш йўли билан мутахассислар тайёрлаш, иқтисодий қонунчилик, хусусийлаштириш, кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳар йўловчи транспортига доир қонун ва низомлар ишлаб чиқиш, «Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш» тадбирлари бўйича маслаҳатлар бериш дастури амалга оширила бошлади.

man_plant_26.jpg
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки Германиянинг «АКА», «КФВ», «Берлинер Банк» ва «Дойче Банк» каби банклари билан базис битимлари тузган. Шу битимлар асосида камида 778,7 млн. немис маркаси миқдорида турли лойиҳаларни маблағ билан таъминлаш бошланди. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Германияга 2001 йил 2-5 апрель кунлари қилган ташрифи икки мамлакатнинг ўзаро муносабатларида сифат жиҳатидан янги давр бошланганлигини билдирди. Ташриф давомида молия, сайёҳлик, фан-теҳника, наркотиклар контрабандасига қарши кураш каби соҳалар бўйича ўзаро шамкорликни янада кенгайтиришни назарда тутувчи 14 та ҳужжат имзоланганди.

Бугунги кунда республикамизда германиялик инвесторлар иштирокида 112 та корхона фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 27 таси 100 фоиз Германия капиталига эга. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигидан Германия Федератив Республикасининг 36 та фирма ва компанияларининг ваколатхоналари рўйхатдан ўтказилган. 

Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасидаги савдо ҳажми ортиб бормоқда. Масалан, 2016 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 521,5 млн. АҚШ доллари, жумладан, экспорт – 32,9 млн. АҚШ доллари, импорт эса – 488,6 млн. АҚШ долларини ташкил этди. 

Ўзбекистон ва Германия давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик буганги кунда ҳам изчил ривожланиб боради, албатта. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Германия Федератив Республикаси Федерал канцлери Ангела Меркель Ўзбекистон Республикаси ва ГФР ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан бир-бирларига йўллаган табрик мисол бўлади.

Нормамат Аллаёров,
иқтисод фанлари номзоди

4 943