ЎзА Ўзбек

14.03.2019 12:17 Чоп этиш версияси

Жаҳон банки Қирғизистон бўйича янги лойиҳа тайёрламоқда

Жаҳон банки Қирғизистон бўйича янги лойиҳа тайёрламоқда

Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков 12 март куни Жаҳон банкининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчукни қабул қилди.

Учрашув мобайнида Қирғизистоннинг Жаҳон банки билан 2019-2022 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида амалга оширадиган ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, ташкилотнинг Қирғизистон билан минтақаларни ривожлантириш бўйича 2022 йилгача бўлган муддатга мўлжалланган ҳамкорлик дастури мамлакат тараққиётининг устувор йўналишларидан бири сифатида кўрилади.

– Жаҳон банки ҳамкорликнинг янги стратегияси доирасида Қирғизистон минтақаларини ривожлантириш бўйича янги лойиҳа тайёрламоқда. Минтақалар база кўрсаткичларини белгилаш мақсадида минтақавий таҳлиллар ўтказилди. Биринчи босқичда биз республиканинг Ўш ва Баткен вилоятлари тараққиётига эътибор қаратишни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа комплекс масалаларни ҳал қилишга, жумладан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини юксалтириш, цифрлаш, сув таъминоти, йўллар ва инфратузилмаларни яхшилаш масалаларига қаратилган. Иккинчи босқичда лойиҳа бошқа минтақаларни қамраб олади, дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук

Шунингдек, учрашувда давлат харидлари тизимини ислоҳ қилиш, давлатнинг ҳаётий муҳим тармоқларига цифрли технологияларни жорий қилиш, мамлакат аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, мамлакат молиявий секторини яхшилаш, энергетика тизимини тараққий эттириш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
1 910