ЎзА Ўзбек

17.09.2018 12:44 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ОАВ нигоҳида

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро ОАВ нигоҳида

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда ташқи ва ички сиёсатда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Қўшни мамлакатлар билан дўстлик ва ишончга асосланган алоқалар мустаҳкамлангани, минтақада тинчликка эришиш орқали барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган Ўзбекистон ташаббуслари, мамлакат иқтисодиётини либераллаштиришга оид ислоҳотлар шулар жумласидан.

Бу, ўз навбатида, халқаро жамоатчилик томонидан муносиб эътироф этилмоқда, оммавий ахборот воситаларида юртимизда олиб борилаётган янгиланишлар ҳақида туркум материаллар чоп этилмоқда.

Ана шундай мақолалардан бири Буюк Британиянинг “The Guardian“ нашрида чоп этилди. Унда Орол денгизини қутқариш борасидаги мамлакатимиз ташаббуслари, Марказий Осиёда биринчи марта ташкил қилинган “Стихия” номли абстракт-электрон мусиқа фестивали ҳақида ҳикоя қилинади.

Муаллиф мақолада Оролбўйи минтақасидаги вазият, инсониятнинг табиатга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон томонидан кўрилган қатор чора-тадбирлар ҳақида сўз юритади.

Қачонлардир Ирландия ҳудудича катталикдаги Орол денгизи бугун улкан ҳалокат ёқасига келиб қолган. Ўтган йиллар давомида уни асраб қолиш ва тиклаш мақсадида сув тўғонлари, турли мулоқотлар ташкил қилинди. Бироқ мазкур интилишлар кутилган натижаларни бермади, дейди муаллиф.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ўз вазифасига киришгандан сўнг муаммога ечим топишда янгича ёндашувлар бошлангани тилга олинади.

Дунё афкор оммасининг ушбу муаммога эътиборини тортишдаги янгича ёндашув сифатида жорий йил 14-15 сентябрь кунлари БМТ Тараққиёт дастури кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ шаҳрида “Стихия” номли абстракт-электрон мусиқа фестивали ўтказилгани келтирилади.

“Ўзбекистон – муқаддас қадамжолар ватани”

Мазкур сарлавҳа остидаги мақола BBC янгиликлари сайтида эълон қилинди.

Мақоладан муаллифнинг юртимиз бўйлаб саёҳати, инсоният тамаддунига ҳисса қўшган улуғ зотлар қолдирган бебаҳо маънавий меросдан олган улкан таассуротлари, ҳайрат тўла фикр-мулоҳазалари ўрин олган.

“Марказий Осиёдаги аҳолиси энг кўп Ўзбекистон ўзининг тарихий ва Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро, Самарқанд шаҳарларида сақланиб қолган масжид ва мадрасалар, инсоният тамаддунидан сўзлайдиган меъморий обидалари билан маълум ва машҳур, – дейилади мақолада. – Бу Ўзбекистоннинг бутун дунёдан ташриф буюрувчи зиёратчилар учун иккинчи муқаддас диёрга айлантириши мумкин“.

Мазкур фикрлар тасдиғи сифатида Самарқандда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Қусам ибн Аббос мақбаралари борлиги, Бухоро эса авлиёлар юрти экани, шунингдек, мусулмонлар, яҳудию насронийлар учун бирдек муқаддас бўлган Дониёр пайғамбар қабри ҳам шу заминда экани қайд этилади.

Мақолада Ўзбекистонда ана шундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, зиёрат туризмини оммалаштириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга юқори баҳо берилади.

Мақола сўнггида муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш яхши одатлиги, бу ҳам маданиятнинг бир қисми экани айтилади. Шунингдек, Ўзбекистон ҳозирда улкан ўзгаришлар бўсағасида деб алоҳида таъкидланади.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
10 236