ЎзА Ўзбек

21.09.2018 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон-Ҳиндистон: сармоявий ҳамкорлик кенгаймоқда

Ўзбекистон-Ҳиндистон: сармоявий ҳамкорлик кенгаймоқда

Гарчи ўзбек ва ҳинд халқлари ўртасида турли жабҳадаги алоқаларга тарих гувоҳлик берса-да, Ўзбекистоннинг мустақил тараққиёти даврида Ҳинд ўлкаси билан дўстона муносабат 1991 йил 26 декабрдан бошланган. Шу куни Ҳиндистон мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб расман тан олган эди.

Орадан кўп ўтмай, 1992 йили Деҳлида Ўзбекистон Республикаси консуллиги очилиб, 1994 йилда элчихона мақомида қайта тузилди. Тошкентдаги Ҳиндистон бош консуллиги 1988 йилда фаолият бошлаган. 1992 йилда бу дипломатик корпусга элчихона мақоми берилди. 

1992 йил 18 март куни эса Тошкентда дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисида Протокол имзоланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2011 йил Ҳиндистонга ташрифи чоғида икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнот имзоланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 8-10 июнь кунлари бўлиб ўтган ШҲТнинг Циндао саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашганини яхши эслаймиз. Бу учрашувда мамлакатларимиз ўртасида аввал эришилган келишувлар ижроси ва истиқболли ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Бугун Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, молиявий, инвестициявий, инновация ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Бу жараёнда ҳукуматлараро делегацияларнинг ўзаро музокаралари яхши самара бераётганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, 2018 йил 6-10 август кунлари Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Холмуродов бошчилигидаги делегация Ҳиндистонда бўлди. Шу йил 16 август куни Тошкентда Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлисида ахборот технологиялари, туризм, тиббиёт ва фармацевтика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фойдали келишувларга эришилди.

Мутахассислар таҳлилига кўра, кейинги икки йилда мамлакатларимизнинг иқтисодиёт, сармоя, савдо, текстиль, туризм ва логистика тармоқларидаги ҳамкорлиги самарали кечган.

Гап икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ҳақида кетар экан, аввало, савдо-иқтисодий жабҳадаги бугунги вазиятга назар ташлаш ўринли.

Ҳиндистонда "Ўзтрейд" акциядорлик жамияти ҳаммуассислигида ташкил этилган Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо уйи фаолият юритмоқда. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасидан маълум қилинишича, Ўзбекистонда ҳиндистонлик ишбилармонлар капитали иштирокида 145 корхона ишлаб турибди. Уларнинг 58 таси тўлиқ хорижий сармоя эвазига ташкил этилган.

Ўтган йилларда Ўзбекистонда ҳиндистонлик ишбилармонларнинг фаоллиги кузатилмоқда. Биргина 2018 йил биринчи чорагида рўйхатга олинган Ҳиндистон сармояси иштирокидаги корхоналар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробар ортгани фикримиз далилидир.

Бу компаниялар фаолиятининг асосини улгуржи-чакана савдо, озиқ-овқат, чарм маҳсулотлари, нефть-кимё саноати, металлга ишлов бериш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳаси ташкил этади. Ўз навбатида, бу соҳадаги имкониятлар тўлиқ ишга солинмаганини ҳам айтиш ўринли.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистон Республикасига амалга оширадиган давлат ташрифи эса тарихан туташ икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг янги даврини бошлаб бериши кутилмоқда.

9 234
Улуғбек Асроров, ЎзА​​