ЎзА Ўзбек

07.09.2018 12:08 Чоп этиш версияси

Замонамизнинг асосий муаммоларидан бири...

Замонамизнинг асосий муаммоларидан бири...

8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни

Саводхонлик инсонни шахс этиб шаклланишида энг муҳим омил экани ҳеч кимга сир эмас. Саводли инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши аниқ. Саводхонлик нафақат ҳуқуқ, балки мажбурият эканини асло унутиш керак эмас. 

Ҳар йили 8 сентябрда Халқаро саводхонлик куни нишонланади. Бу байрам ЮНЕСКО томонидан 1966 йилда жорий этилган. 2018 йилда Халқаро саводхонлик куни 53-марта нишонланади. 

Халқаро саводхонлик кунини эндигина ҳарф таниётганлардан тортиб, ўқувчи ва талабаларга таълим бераётган устозлар ҳам нишонлайди. Асосий тадбирлар ЮНЕСКО қароргоҳида бўлиб ўтади. Ҳар йили ЮНЕСКО томонидан саводхонликни кенг тарғиб қилганларга бешта мукофот берилади. Шундан учтаси Хитой ҳукумати томонидан таъсис этилган Конфуций номли (The UNESCO Confucius Prize for Literacy) мукофот бўлса, иккитаси Жанубий Корея ҳукумати молия билан таъминлайдиган қирол Седжонг (The UNESCO King Sejong Literacy Prize) мукофотидир.

1965 йилнинг 8 сентябрь куни Теҳронда Таълим вазирларининг саводсизликни тугатишга бағишланган Жаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Айнан шу анжуман иштирокчиларининг ташаббуси билан бу байрам таъсис этилди. 1987 йилнинг 7 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси (№ A/RES/42/104) резолюция қабул қилиб, 1990 йилни Халқаро саводхонлик йили деб эълон қилди. 2002 йилнинг 18 январида эса 2003 йилнинг 1 январидан бошлаб “БМТнинг саводхонлик ўн йиллиги” деб номланган резолюция (№ A/RES/56/116) қабул қилинди. Орадан бир йил ўтиб, қабул қилинган резолюцияда (№ A/RES/57/166) “БМТнинг ўн йиллик саводхонлик учун Ҳаракат режаси” тасдиқланди ва қабул қилинди.

2000 йил Сенегал пойтахти Дакарда БМТ томонидан Таълим бўйича Жаҳон анжумани ўтказилди. Унда 2015 йилга бориб, таълим ва саводхонлик сифатини юксалтириш ҳамда саводсизликни тенг ярмига қисқартириш масаласи қўйилди. Бу ташаббусни 160дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади. Асосий йўналишлардан бири – у ёки бу сабабларга кўра мактабга бормаётган хотин-қизлар саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шуни таъкидлаш керакки, 2005 йилги маълумотларга кўра, атиги 50га яқин давлатдагина болаларнинг бошланғич таълими таъминланган. Ўша йили сайёрамиз аҳолисининг 20 фоизи саводсиз экани айтилган эди.

ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳонда мутлақо ёзиш ва ўқишни билмайдиган 758 миллион киши истиқомат қилмоқда. Уларнинг учдан икки қисмини хотин-қизлар ташкил қилади. Саводсизлар асосан Африка, Жанубий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Афғонистон, Мали ва Сенегал аҳолисининг 50 фоизи саводсиз экани айтилади.

Айни дамда жаҳондаги 263 миллионга яқин бола мактабга бормаяпти. Таълимдан бебаҳра қолаётган болаларнинг учдан икки қисми уруш ва қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Халқаро экспертлар таълим даргоҳларига уюштирилаётган ҳужумлар ҳам ортиб бораётганидан ўз хавотирини билдирмоқда. 

Статистика маълумотларига кўра, яқин орада мактабга бормайдиган болалар сони беш баробар ошади. Вазият шу даражада кетадиган бўлса, бошланғич таълим билан барчани таъминлаш режаси 2042 йилга борибгина амалга ошиши мумкин. Қашшоқ давлатлар эса юз йил ўтибгина бу мақсадга эришишлари мумкин. Саҳрои Кабирда қизларнинг юз фоизи 2086 йилга борибгина мактабга боришлари таъминланади.

ЮНЕСКО таълимни биринчи ўринга чиқармоқда. 2030 йилгача бўлган муддатга белгиланган Тараққиёт дастурида ҳам таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилган. ЮНЕСКО раҳбариятининг фикрича, бу дастур нафақат очарчиликка барҳам беради, балки мактабга борувчи болалар сони кўпайишига ҳисса қўшади.

Шуни таъкидлаш керакки, айрим мамлакатларда мактабни битирган болаларни том маънода саводхон деб бўлмайди. Чунки уларнинг билими халқаро меъёрларга тўла мос келмаслиги айтилади. Шу боис саводсизликка қарши кураш замонамизнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
8 102