ЎзА Ўзбек

12.07.2018 23:45 Чоп этиш версияси

Ё таъмирланг ё бузинг: Ҳиндистон Олий суди ҳукуматни Тож Маҳални ёпишга чақирмоқда

Ё таъмирланг ё бузинг: Ҳиндистон Олий суди ҳукуматни Тож Маҳални ёпишга чақирмоқда
Мамлакатнинг Олий суди “Тож Маҳални таъмирланг ёки бутунлай бузиб ташланг!” қабилидаги жиддий чорлов билан Ҳиндистон ҳукуматига мурожаат қилган, деб хабар бермоқда The Sudney Morning Herald.

Албатта, бу маданиятни топташга чақирув эмас, балки ёрдам учун чорловдир. Чунки дунё мўъжизаларидан бирининг сақланиб қолиши учун шошилинч чоралар кўриш керак. Уттар Прадеш штати маъмурияти эса бу иншоотни қаровсиз ҳолда ташлаб қўйиб қанчадан қанча даромаддан мосуво бўлмоқда. Тож Маҳални ҳар куни 200 мингга яқин кишини зиёрат қилади. Аммо, ҳукумат ёрқин мармарни ифлосланишдан асрашдан бошқа ҳеч нарса қилмаяпти, дейилади хабарда. “Телевизион минорага ўхшаш Эйфел минорасини 80 миллион киши кўргани келади, бизнинг Тож Маҳал ундан анчайин гўзал“ деб қайд этган судя ўз сўзида.

Ноёб бинонинг оқ рангига, айниқса, ҳашаротлар путур етказишмоқда. Ямуна дарёси қирғоғида тўпланиб қолган чиқиндилар сабаб бу ҳудудда турли кемирувчилар ва ҳашаротлар кўпайган. Сўнгги йилларда ўргимчак тўри, моғор ва атроф-муҳитнинг ёмонлашуви сабабли деворлардаги ёриқлар тобора кенгайиб бормоқда. Оқибатда, ярим шаффоф оқ мармар қорайиб, ҳатто баъзи жойларда яшил рангга айланган.

399d708b274305a522810d2d078a3ce2624f992e.jpg

Экспертларнинг мақбарани қутқариш вақти келди, деб огоҳлантирганига ҳам 10 йил тўлди. Энди эса Ҳиндистон Олий суди ана шундай кескин эътироз билан чиқди. Уларнинг фикрича, дунёнинг бу мўъжизасини чорасизлик сабабли йўқолиб бораётганини кўриш уни бузиш билан баробардир. Ҳеч бўлмаса, иншоотни вақтинчалик ёпиб қўйиш суд томонидан сўралган.

Taj++Mahal+-+Dirty.jpg

Эслатиб ўтамиз, XVII асрда бунёд этилган Тож Маҳал дунёнинг етти мўъжизасидан бири ҳисобланади.

Тож Маҳалнинг ташқи деворлари ва гумбази оқ мармар билан қопланган бўлиб, у қуёшли кунда оппоқ тусга кирса, уфқ нурлари остида қип-қизил бўлади, тунда эса ойнинг кумуш шуъласини акс эттиради.

Мажмуани асраб-авайлаш мақсадида уни ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритишган.

Бир муддат аввал, Travel Ask ҳам Тож Маҳал билан боғлиқ хавотирли хабарни берганди. Хабарда қайд этилишича, бино аста-секинлик билан вайрон бўлиб бормоқда, бу эса ушбу ёдгорликнинг келажаги ҳақида жиддий бош қотиришга мажбур қилади. Тадқиқотчи олимларнинг фикрича, обиданинг қизил ёғочдан қилинган пойдевори яқинида жойлашган дарёнинг суви камайгани сабабли қуриб, ёрилиб кетмоқда. Агар тезкор чоралар кўрилмаса, Тож Маҳалнинг пойдевори мармар гумбазлар ва миноралар оғирлигини кўтара олмай, тез орада емирилиб кетиши мумкин. Ҳинд экологларининг айтишича, дарё сувини маълум сатҳда ушлаб туриш учун дамба қуриш керак. Бу эса 71 минг фунт стерлингга тушади.

Н. Тошпўлатова, ЎзА
8 191