ЎзА Ўзбек

10.09.2018 09:50 Чоп этиш версияси

Япониядаги зилзила: қурбонлар сони ошмоқда

Япониядаги зилзила: қурбонлар сони ошмоқда

Ўтган ҳафтада Хоккайдо оролида содир бўлган кучли зилзилада қурбон бўлганлар 44 нафарни ташкил қилмоқда.

РИА Новостининг ёзишича, Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суга матбуот анжуманида бу ҳақда маълум қилган

“Хоккайдо оролидаги зилзилада 44 киши ҳалок бўлган, бедарак йўқолганлар йўқ. Ҳодиса жойида мудофаа кучлари, полиция ва ёнғин хавфсизлиги ходимларидан иборат 40 минг қутқарувчи иш олиб бормоқда. Қидирув-қутқарув амалиётлари ва гуманитар ёрдамга 67 та вертолёт жалб қилинган” дейилади Ёсихидэ Суганинг баёнотидан келтирилган иқтибосда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтанинг чоршанбага ўтар кечаси Хоккайдо оролида 6,7 магнитудали зилзила қайд этилди. Силкиниш кучи максимал даражага чиққан Ацума посёлкасида кўплаб ер ўпирилишлари содир бўлиб, табиий офат ўнлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган. Сейсмологлар таҳлилича, оролда бу каби кучли зилзила 1998 йилдан буён кузатилмаган бўлган.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
3 368