Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

12.07.2018 10:27 Чоп этиш версияси

Япониядаги сув тошқинларида қурбонлар сони ошмоқда

Япониядаги сув тошқинларида қурбонлар сони ошмоқда
Сўнгги маълумотларга кўра, Япониянинг Жануби-Ғарбий ва марказий ҳудудларида содир бўлган сув тошқинлари оқибатида 195 киши ҳалок бўлган, 4 жабрдийда оғир аҳволда, бедарак йўқолганлар сони 23 нафар.

Япония Ҳукумати Бош котиби Ёсихидэ Суга баёнотига асосланиб, бу ҳақда РИА Новости хабар беради.

Ёсихидэ Суганинг қайд этишича, табиий офатлар содир бўлган жойларда мудофаа кучлари, полиция, ёнғин хавфсизлиги хизмати қутқарув ишларини олиб бормоқда. Мамлакат Бош вазири Синдзо Абэ эртага сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудларга яна сафар қилади.

Ўз навбатида, NHK телекомпанияси ҳам зарар кўрган ҳудудлардаги 5 минг 600 аҳоли хавфсиз жойларга кўчирилгани, ичимлик сувисиз қолган хонадонлар эса аввалгидек 239 минг атрофида эканлиги, уларнинг асосий қисми Хиросима префектурасига тўғри келаётганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада кунчиқар мамлакатнинг Жануби-Ғарбий ва марказий ҳудудларида кучли ёмғир кузатилди. Ноқулай об-ҳаво шароити сув тошқинлари ва ер кўчкиларига сабаб бўлган.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
4 916