ЎзА Ўзбек

26.05.2020 Чоп этиш версияси

Японияда Абэ ҳукумати рейтинги 27 фоизгача тушиб кетди

Японияда Абэ ҳукумати рейтинги 27 фоизгача тушиб кетди

Япониянинг Бош вазир Синдзо Абэ бошчилигидаги амалдаги ҳукумати рейтинги 27 фоизга тушиб кетди, дея хабар бермоқда мустақил тадқиқоти натижаларига асосланиб, "Майнити" газетаси.

Натижалари 6 май куни эълон қилинган бундан аввалги тадқиқотда ҳукуматнинг ишончлилик рейтинги 40 фоизни ташкил этганди.

Иккала рейтинг қиёсланганда ҳукуматга нисбатан аҳолининг ишончсизлиги ортиб, 45 фоиздан 64 фоизга кўтарилгани маълум бўлди. Ушбу салбий ҳолатнинг асосий сабаби сифатида Токио бош прокурори Хирому Курокава билан боғлиқ можаролар кўрсатилмоқда. Бу мулозим миллий прокуратура тизимида иккинчи шахс ҳисобланиб, мамлакат бош прокурори лавозимига асосий номзод эди. Кунчиқар юртда фавқулодда ҳолат амалда бўлганига, ҳукумат томонидан аҳоли онгли равишда ҳушёрлик кўрсатишга, ўзаро алоқаларни 70-80 фоиз қисқартиришга чақирилганига қарамай, прокурор Курокава икки марта журналист танишиникига меҳмонга борган. Бу ҳам етмагандек, икки журналист билан қимор ўйнаган. Маълумки, Японияда қимор ўйинларига нисбатан қонуний тақиқ қўйилган. Қолаверса, бундай шармандали ҳолат сўнгги уч йил мобайнида ойига икки-уч маротаба такрорлангани ҳам аниқланди.

Қизиғи шундаки, бу воқеалар айнан парламентда прокуратура тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритиш масаласи муҳокама қилинаётган кунларда рўй берган. Мухолифатнинг эътиборини жалб этган жиҳатлардан яна бири пенсия ёши чегарасини кўтариш масаласи бўлди. Рақобатчи партиялар фикрича, мазкур тузатиш атайлаб ҳукумат учун қулай ҳисобланган, бош прокурорликка тайёрланаётган Курокавага мослаб киритилган. Бош вазир айни пайт ушбу қонун лойиҳаси вазият ўзгарганлиги сабабли қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини билдирди. Жума куни Курокава истеъфо берди ва унинг аризаси қабул қилинди.

1 404
ЎзА