Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.05.2018 12:13 Чоп этиш версияси

Япония адлия вазири “қочоқ маҳбус” учун кечирим сўради

Япония адлия вазири “қочоқ маҳбус” учун кечирим сўради Полиция 23 кун ичида жиноятчини қўлга тушира олмагани учун Япония адлия вазири Ёко Камикава жамоатчиликдан узр сўради, деб ёзади РИА Новости.

“Аҳоли шунча узоқ муддат хавотирга тушди, бунинг учун узр сўрайман. Биз текширув олиб бормоқдамиз, унинг натижаси ўлароқ келгусида бу каби ҳолатларнинг олди олинади” деган вазир Ёко Камикава ўз узрида.

Уч ҳафта давомида полицияга тутқич бермаган “қочоқ маҳбус” 27 ёшли Тацума Хираодир. У ўғрилик содир этгани учун Мукаисима оролидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган бўлган. Аммо, шу йилнинг 8 апрель санасида қочиб кетади. Орадан саккиз соат ўтиб у олиб қочган автомобиль қамоқхонадан бир неча ўн километр нарида топилади. Қочоқ маҳбусни қидиришга 15 минг полициячи сафарбар қилиниб, оролдаги йўлларда кириш-чиқиш назорати ўрнатилди. Мактаб ва боғчалар ёнига ҳам полиция патрули қўйилди.

Бу вақт оралиғида қочоқ маҳбус ташландиқ дала ҳовли томида яшириниб, вақти-вақти билан ўғрилик содир этиб турган бўлган. Сўнгра Хонсю оролига сузиб ўтиб, ўғирланган мотоцикл билан Хиросима шаҳрига етиб олади. Шаҳардаги кафеларнинг бирида жиноятчини таниб қолишади. Ва ниҳоят полиция уни қўлга олди.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА
8 451