ЎзА Ўзбек

30.07.2018 10:20 Чоп этиш версияси

Яманда вазият ёмонми?

Яманда вазият ёмонми?

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2014 йилдан буён Яманда давом этаётган бошбошдоқлик туфайли мамлакат иқтисодий бўҳронни бошидан кечиряпти.

Шуни таъкидлаш керакки, ҳарбий амалиёт бошланиши билан Ямандаги барча портлар фаолияти тўхтатилди. Бу портлардан бир кунда ўртача 1,4 миллион баррелдан 1,5 миллион баррелгача нефть экспорт қилинади.

Яман қадимий цивилизация марказларидан бири саналади. Бу мамлакатдаги тўртта обида ЮНЕСКО томонидан “Инсониятнинг маданий мероси” рўйхатига киритилган. Булар Шибам шаҳри, пойтахт Сананинг эски шаҳри, Забид шаҳри ва Сокотра архипелагидир. Миллатнинг маданий мероси катта аҳамиятига эга. Бу мерос миллатнинг ўзлигини сақлаб қолишига ҳисса қўшади. Яманнинг маданий мероси ноёбдир. Уларни асраш лозим, дейилади ЮНЕСКО баёнотида. Эслатиб ўтамиз, Форс кўрфазидаги бир қатор давлатларнинг самолётлари Ямандаги исёнкорларнинг мавқеларига зарба бермоқда. Ўз навбатида исёнкорлар ҳам жавоб зарбаларини бермоқда.

1962 йилнинг 26 сентябрида Санада аксилмонархия инқилоби юз берди. Бунинг натижасида Яман Араб Республикаси тузилди. Пойтахти Адан бўлган Жанубий Яман 1967 йилда мустақил бўлди. 1970 йилнинг 30 ноябр куни кучга кирган конституцияга кўра мамлакат номи расман Яман Халқ Демократик Республикаси дея эълон қилинди. Бу икки мамлакат - Яман Араб Республикаси ва Яман Халқ Демократик Республикаси ўртасида 1967-1972 ва 1979 йилларда қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди.

1990 йилнинг 22 май куни Яманнинг ҳар икки қисми бирлашиб янги ‒ Яман Республикаси тузилгани эълон қилинди. Бирлашган мамлакатнинг биринчи президенти этиб Али Абдулла Салех сайланди. Иккига ажралган бир давлатнинг худди Германия сингари бирлашиши жаҳонда илиқ кутиб олинди. Шунга қарамай мамлакатнинг ҳар икки қисмида бир-бирларига ишонч йўқ эди. Бу ўз навбатида 1994 йилнинг май ойида фуқаролар урушига сабаб бўлди. Ўша йилнинг июл ойида шимол кучлари ғалаба қозонди. Ички сиёсий қарама-қаршилик давом этаверди. Шу билан бирга мамлакатда радикал кучлар томонидан зўравонликлар авжига чиқди. 2000 йил октябрида террорчилар Адан портида турган АҚШнинг Cole эсминецига ҳужум қилди. Ўшанда 17 нафар америкалик ҳарбий денгизчи ўлдирилди.

2002 йил октябрида эса Франциянинг Limburg танкери портлатиб юборилди. 2002 йилдан 2015 йилга қадар учувчисиз самолётлардан Ямандаги жангарилар мавқейига берилган зарба натижасида 370 дан 540 нафаргача бўлган киши ўлдирилди. Уларнинг 60-80 нафари тинч аҳоли вакили экани айтилади. 2011 йилнинг феврал ойида Яманда “араб баҳори” бошланди. Бунинг натижаси ўлароқ ноябр ойида президент Али Абдалла Салех истеъфога чиқишга мажбур бўлди. 2012 йилнинг 21 февралида президентлик сайлови бўлиб ўтиб, ягона номзод Абд Раббу Мансур Хади Яман Ўтиш президенти этиб сайланди. 2014 йилнинг январ ойида унинг ваколатлари бир йилга узайтирилди. 2014 йилнинг 25 январида Санада БМТ ҳомийлигида Миллий Мулоқот Анжумани бўлиб ўтди. Бу анжуманда Ягона Иттифоқ давлати ‒ Яман Республика Иттифоқи тузилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Янги давлат таркибида олтита ‒ Хадрамаут, Саба, Адан, Туҳама, Эль-Джанад ва Азаль вилоятлари бўлиши кўзда тутилган эди. 2014 йилнинг 28 февралида БМТ Хавфсизлик Кенгаши № 2140 резолюция қабул қилиб, Ямандаги сиёсий жараёнлар қўллаб-қувватланиши таъкидланган эди. Эришилган келишувларга қарамай Яман беқарор мамлакатлигича қолмоқда. Юқоридаги мулоҳазалардан шундай савол юзага келиши мумкин:

Яман нимага бирлашган эди? Ўшанда бу жараён ажралишиш учун бирлашиш бўлганмиди ёки бирлашиш учун ажралиш бўлганмиди?

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
3 605