ЎзА Ўзбек

15.07.2019 15:45 Чоп этиш версияси

Ворух аҳолиси Президент ташрифини кутмоқда

Ворух аҳолиси Президент ташрифини кутмоқда

Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон ўзининг Исфарага амалий ташрифи давомида Қирғизистон фуқаролари билан ер, сув, чегарадан ноқонуний ўтиш ва миллатлараро келишмовчиликлар юз бериб турадиган Ворух қишлоқ кенгашига ташриф буюради. Сўнги бор Эмомали Раҳмон Ворухда 1993 йилда бўлган эди.

Президентнинг Исфарага амалий ташрифи 20-25 июлга мўлжалланган. Исфарада Тожикистон Президентининг Сооронбай Жеенбеков билан учрашуви режалаштирилган, дея хабар берди Исфара шаҳар администрациясидаги манба.

Музокаралардан сўнг Эмомали Раҳмон Ворух аҳолиси билан учрашади.

Маҳаллий аҳоли Тожикистон раҳбари билан учрашувга қизғин тайёргарлик кўрмоқда.

Ворух қишлоқ кенгаши аҳолиси Эмомали Раҳмоннинг ташрифи қўшнилар билан юз бериб турадиган ер, сув низолари, ноқонуний чегарадан кесиб ўтиш ва миллатлараро қарама-қаршиликларга барҳам беришига нуқта қўйишига ишонч билдиришмоқда.

Совет Иттифоқи тарқалиб кетганидан сўнг мазкур икки республика чегараларни бўлишни узил-кесил ҳал қилишмаган. Делимитация ва демаркация борасида Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияси чегараларни аниқлаш масаласида аниқ тўхтамга кела олмаган, чунки Тожикистон 1924-1927 йиллардаги ҳужжатлар ва карталар асосида ишлашни таклиф қилмоқда, Қирғизистон эса 1958-1959 ва 1989 йиллардаги икки томонлама комиссиянинг картасидан фойдаланишни таклиф қилади. 1920 йиллар бошларидаги картада Ворух Тожикистон Совет социалистик Республикасининг чегарасининг ичкарисида жойлашган, аммо 1950 йиллардаги картада Ворух Қирғизистон анклави сифатида кўрсатилган.

Тожикистон-Қирғизистон чегарасининг умумий узунлиги 976 километрни ташкил қилади, шундан бугунги кунда 504 километри делимитация ва демаркация қилинган.

Чегаранинг белгиланмаган линияси чегара атрофидаги аҳоли ўртасида можароларга сабаб бўлади. Демаркация қилинмаган чегара участкаларида ер, сув, чегарадан ноқонуний ўтиш ва миллатлараро қарама-қаршиликлар туфайли можаролар бўлиб туради.

Ворух аҳолиси можаролар вақтида қўшнилар Исфара-Ворух автотрассасини ёпиб қўйишидан ғазабланишади. Бу трасса Қирғизистоннинг Яккаўрук ва Оқсойидан ўтади.

Ворух аҳолиси 2014 йилдаёқ демаркация ва делимитация бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг тожикистонлик аъзоларига мурожаат қилиб музокаролар вақтида қирғиз томонига Баткен тумани Оқсой қишлоғи ҳудудидан эни 600 метр, узунлиги 3 километр бўлган йўлак очиб бериш масаласини кўтариш борасида таклиф берган эди.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига қараганда, Тожикистон ҳукумати худди шундай майдонни бошқа жойдан қирғиз томонини қониқтирадиган ҳолда бериши мумкин. Бу каби алмашинув юз бергудек бўлса, Ворух анклав бўлмай қолади, демоқда улар.

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА
2 357