ЎзА Ўзбек

03.09.2020 Чоп этиш версияси

Владивостокда кучли довул

Владивостокда кучли довул

Россия Федерациясининг энг шарқий нуқталаридан бири Владивостокда шамолнинг тезлиги сониясига 40 метрдан ҳам ошиб, шаҳарни кучли бўрон қоплаб олди. 

“Argumenti.ru” нашри айни пайт ҳудудда довулдан огоҳлантириш ҳолати жорий қилингани тўғрисида ёзган.

Приморье ўлкаси гидрометереология хизматидан хабар беришларича, мазкур табиат ҳодисасини «Майсак» тайфуни «чақирган». Довул тахминан 40-43 метр/сония тезлик билан ҳаракатланмоқда. Маълумотларга қараганда, бундай кучли бўрон Приморьеда дастлаб 1931 йил. охирги марта эса 1969 йилда қайд этилган.

Воқеа таъсирида минтақанинг жанубий қисмида мактаблар ёпилди, қарийб 43,5 минг киши электр эрнясидан вақтинча маҳрум бўлди. Афсуски, табиатнинг бу галги инжиқлиги ҳам бир неча йирик талафотни келтириб чиқарди – «Олтин кўприк» деб номланган ҳудудда қутурган шамол фурага уланган 12 метрли контейнерни учириб кетди. Жойидан қўзғалган тиркама ён-атрофда тўхтаб турган автомобиллар устига келиб тушди. Қурилиш ишлари давом этаётган майдонлардан бирида 3 та минора-кран йиқилди.

Бундан ташқари табиий офат натижасида «Шарқ кемасози» заводининг ҳавода қимирлаб турадиган махсус улкан ускунаси узилиб тушди, «Буюк Пётр» қўлтиғида тўлқин 5 метргача кўтарилиши кутилмоқда.

Приморье ўлкаси губернатори Олег Кожемяко айни вақтда кучли бўрон турган ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолидан кўчага чиқмасликни сўраган.

3 069
ЎзА