ЎзА Ўзбек

22.06.2020 Чоп этиш версияси

Ветнамнинг коронавирус билан курашдаги муваффақияти сири нимада?

Ветнамнинг коронавирус билан курашдаги муваффақияти сири нимада?

Ветнамда 97 миллиондан зиёд одам яшайди. Мамлакат Хитой билан шимолдан жанубга қараб чўзилиб кетган визасиз чегарага эга. Шунга қарамасдан, айнан Чин юртида бошланиб бутун дунёни қамраб олган, ярим йилдан буён давом этаётган пандемия чоғи Ветнамда бор-йўғи 332 киши коронавирусга чалинган. Бинобарин, ушбу рақамни аниқлаш учун 95 мингдан зиёд тест ўтказилди. Мамлакат ҳали COVID-19 туфайли қурбон берилгани йўқ. Камтаргина бу Осиё давлати жаҳоннинг энг қудратли мамлакатлари ҳавас қилаётган натижага қандай эришди. Бу савол айни пайт ер юзида барчани қизиқтирмоқда.

Ветнамда коронавирус эпидемиясининг илк кучли тўлқини март бошларида рўй берди. Аксарият ҳолатлар — кунига 10-20 бемор аниқланиши ой охирларига тўғри келди. Кейин узоқ вақт давомида якка-дуккам зарарланиш билан боғлиқ воқеалар содир бўлиб турди. 14 майда эса шифокорлар, кутилмаганда бир йўла 24 фуқарода коронавирус чиққанини эълон қилишди. Булар самолётда Москвадан ватанига қайтган ветнамликлар орасидан эди. Мамлакат ичида одамлар вирусни бир-бирларига юқтириш ҳолатлари, деярли кузатилмаган. Сўнгги 24 кундирки, бирорта ҳам янги ҳолат қайд этилмади. АҚШ Нашвилл-Теннесси университети молия-иқтисодиёт фанлари доктори Туан Ле ишонч билан Ветнам коронавирус эпидемиясининг иккинчи тўлқинини қабул қилишга тайёр эканини таъкидламоқда. Ҳақиқатан ҳам бу юртда касаллик тарқалиши қайталанишининг олдини олиш учун ҳамма имконият бор.

Экспертлар эпидемия бошланган пайтда мамлакатнинг касалликка қарши туриш имконияти жуда кам бўлганини қайд этишди. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳукумат ана шу кичик имкониятдан тўлақонли фойдаланишга муваффақ бўлди. Январь ойидаёқ Хитой билан барча чегаралар ёпилди, Ухандан келадиган йўналишлар бекор қилинди, мактаблар, олий ўқув юртлари беркитилди.

photo_2020-06-21_14-19-36.jpg

Нотаниш, кўринмас ёв билан тўқнаш келганда, кейин енгишга қийналгандан кўра, яхшиси дарҳол ҳушёрлик намоён қилган маъқул. Айниқса, беморларнинг ярмидан кўпи ўз танасида касалликни белгиларсиз ўтказаётган, ҳатто, ўзлари билмаган ҳолда саноқсиз одамларга юқтириб, офат ташувчи вазифасини бажараётган бир пайтда. Шунинг учун ҳам Ветнамда дастлабки босқичдаёқ оммавий профилактика чоралари қўллай бошланди. Ахир, мамлакатда ҳали 2003 йил тарқалган атипик (ноодатий) SARS пневмонияси билан боғлиқ таассуротларни аниқ-тиниқ эслашадида.

— Инсонга коронавирус касаллик ташувчининг оғзидан ажралиб чиқадиган суюқлик билан бевосита ёки билвосита тўқнашув натижасида юқади, дейди Туан Ле. - Ветнам муваффақиятининг асосий сири шундаки, бу ерда мана шундай тўқнашувларга деярли йўл қўйилмади.

Доктор Туаннинг айтишича, мамлакат эпидемияга вирус кириб келишидан олдинроқ тайёргарлик кўра бошлади. Масалан, Сайгонда февраль ойидаёқ ҳар бири 500 ўринга мўлжалланган 3 та дала госпитали ҳозирланди. Кейинчалик шу муассасаларга касалликка биринчи даражали алоқадор беморлар ётқизилди. Улкан мегаполис ҳисобланган Сайгонда 16 миллиондан ортиқ аҳоли яшайди, шу боис бу шаҳарда вирус тарқалишига йўл қўйиб бўлмасди. Ҳаракатлар тез ва кескин олиб борилди.

Мутахассис мисол тариқасида шаҳар митти туманларидан бирида кузатилган, бир аёлнинг вирус юқтиргани аниқланган воқеа ҳақида сўзлайди. Ўшанда туман бир неча соат ичида тўлиқ ўраб олинган ва 14 кун давомида бу ерга ҳеч ким кириб-чиқмаган. Қачонки, бошқа касалланиш ҳолати аниқланмагандан кейингина тўсиқлар очилади.

Демак, айнан хасталик аниқланган ҳудудни тўлиқ беркитиш йўли билан офат тарқалишининг оли олинган.

photo_2020-06-21_14-19-37.jpg

Ветнамда барча чора-тадбирлар коронавирусни тарқатиши эҳтимоли мавжуд бўлган одамларнинг бошқа инсонлар билан хавфли алоқаларига имкон даражасида йўл қўймасликка қаратилди.

Биринчи навбатда беморларни тоифалаш ва касалланганлар ҳамда эҳтимолий вирус юқтирганларни ихоталашга эътибор берилди. Танасида вирус аниқланган беморлар шифохонага алоҳида махсус хонага ётқизилиб, жадал даволаш босқичига ўтказилди. Муолажалар бепул, давлат ҳисобидан амалга оширилди.

Ҳукумат беморлар билан бевосита алоқада бўлган ҳаммани аниқлаб, уларни F1 — биринчи даражали туташганлар тоифасига ажратди. Бундай кишилар мажбурий, кескин ва қатъий, алоҳида хонада сақланадиган 14 кунлик карантинга олинди. Карантиндагилар ҳам текин, давлат таъминоти ҳисобидан туришади. Дарвоқе, айнан мана шу тоифа юқорида тилга олинган дала госпиталларида сақланди.

F1 тоифасига киритилган инсонлар билан алоқада бўлганлар Иккинчи даражали туташганлар, яъни F2 гуруҳи деб аталди. Уларни мажбурий 14 кунлик умумий карантинга олиш жорий этилди.

Бу тоифадаги фуқаролар талабалардан бўшаган ётоқхоналар, аскарлар тарк этган казармаларга жойлаштирилди. Ҳарбийлар далада, очиқ майдонларда, ўрмонларда ўрнатилган палаткаларга кўчирилди. Тан олиш керак, умумий карантинда шароитлар ҳар доим ҳам ҳавас қиларли даражада эмас эди. Зеро, айнан шу тоифага жуда кўп одам киритилди. Асосийси, фақат шу йўл билангина Ветнам инфекцияни назоратда ушлашнинг уддасидан чиқди.

Худди шундай тартибда F2 гуруҳи билан алоқада бўлганлардан иборат F3, ўз навбатида F3 тоифаси вакиллари билан тўқнашганлар F4 гуруҳига бирлаштирилди. Кейинги икки тоифага қўшилган фуқаролар мажбурий 14 кунлик карантинни уйларида, алоҳида хонада ўз-ўзини яккалаш йўли билан ўтказишди. Айни жараён маҳаллий ҳокимият вакиллари томонидан назоратга олинди.

Ҳудудлар ёппасига эмас, балки қисман беркитилди

Бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш жоиз. Ветнамда Ухан, ЕИ ҳудуди ёки АҚШдаги каби улкан ҳудудларни бир йўла ёпиб қўйиш, оммавий равишда дезинфекция қилиш сингари ўта кескин чоралар қўлланмади. Ветнам шу йўл билан ҳам аҳолини ноқулайликлардан қутқарди, ҳам мамлакат иқтисодиётини асоссиз зарбалардан асради.

— Биз йирик шаҳарларни бутунлигича ёпмадик, балки 14 кунлик муддатга фақат вирус ўчоғи аниқланган, 15 минггача аҳолиси бор уездлар, қишлоқлар ёки бир неча касаллик аниқланган, 7 минггача одам яшайдиган митти туманларни беркитдик. Тўсиб қўйилган аҳоли пунктларида кишилар умуман уйларидан чиқишмади. Бу ҳудудларга кириш-чиқиш тақиқланди. Аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари давлат бюджети ҳисобидан бепул етказиб берилди. Беморлар ва F1, F2, F3, F4 тоифалари аъзоларига нисбатан, юқорида айтиб ўтилганидек, қатъий тартиблар жорий этилди.

— Шаҳар жамоат транспорти бутунлай тўхтатилди. Шаҳарлараро поезд, самолёт ва автобуслар кескин қисқартирилди. Масалан, Ханой ва Сайгон ўртасида эпидемиягача кунига 60 та авиақатнов, 8 та поезд мавжуд эди.

Йўловчилар учун ниқоб тақиш, орада бир ўриндиқ қолдириб жойлашиш мажбурий қилиб қўйилди.

Чегаралар бирин-кетин ёпилди, чегарадан ўтганлар мажбурий 14 кунлик умумий карантинга жўнатилди.

Доктор Туаннинг қайд этишича, чегаралар ҳали ҳам ёпиқ, фақат баъзан хорижда қолиб кетган Ветнам фуқароларини юртга олиб қайтаётган самолётларни учратасиз. Масалан, 13 май куни Москвадан учиб келган махсус рейсда 345 нафар ветнамлик ватанига қайтди. Улар орасида 24 нафар касалликни юқтирган киши бор эди. Шунингдек, Россияда коронавирусдан вафот этган 2 нафар фуқаронинг жасадлари ҳам қайтарилди. Ваҳоланки, Ветнам ҳудудида аллақачон маҳаллий шароитда вирус юқтириш ҳолатлари бутунлай тўхтаган.

— Сайгонда ҳамма жой очиқ, шаҳар одатий ҳаётга қайтган. Шундай бўлсада, 90 фоиз аҳоли тиббий ниқобда юради. Авваллари уйдан ниқобсиз чиқиш ман этилганди. Бунинг учун жарима 300 минг донг, яъни тахминан 13 долларни ташкил этган. Хизмат кўрсатиш нуқталарида иситмани ўлчаш, қўлларга антисептик билан ишлов бериш мажбурий. Шунга рози бўлмаганларга хизмат кўрсатилмайди.

Энг муҳими, Ветнамда аҳолининг аксарияти жорий этилган чора-тадбирларга тўлиқ риоя қилади, ҳукуматнинг ҳар қандай кўрсатмасини қўллаб-қувватлайди. Албатта, мамлакат салбий иқтисодий оқибатлардан холи эмас. Коронавирус туфайли авиакомпаниялар, маҳаллий сайёҳлик ва меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш муассасалари сезиларли зарар кўрди. Бу йил Ветнамда ЯИМ ҳажми 5-6 фоизга қисқариши кутиляпти.

Нима учун ўлим рўй бермади?

Албатта, ҳали Ветнамда коронавирус туфайли ўлим ҳолати бўлмайди, деб хулоса чиқаришга эрта, чунки жонлантириш бўлимларида даволанаётган беморлар кам эмас. Айниқса, “Vietnam Airlines” авиакомпаниясининг 43 ёшли британиялик учувчиси оғир аҳволда. “Reuters” ахборот агентлигининг ёзишича, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари унинг ҳаётини асраб қолиш, мамлакатда “COVID-19”дан дастлабки ўлим ҳолати содир бўлмаслиги учун бор имкониятларни ишга солишяпти.

Бу учувчининг хасталиги март ойи ўрталарида аниқланганди. Ўшанда бир гуруҳни текширувдан ўтказиш учун 4 мингдан зиёд киши тестдан ўтказилди, 18 одамда вирус чиқди. Уларнинг аксарияти тузалиб кетди, афсуски британиялик учувчининг ҳолати ёмонлашди. Унинг ўпкаси бор-йўғи 10 фоиз қувват билан ишлаяпти, сунъий нафас бериш аппаратида яна бир ойдан зиёдроқ вақт давомида ҳаёт бағишлаб туриш мумкин. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ҳозиргача биргина шу бемор умрини асраб қолиш учун давлат бюджетидан 200 минг доллардан зиёд маблағ сарфланди.

Энди ушбу муаммони соғлиқни сақлаш вазири даражасида ҳал этишга киришилди. Ташаббуслардан бири асосида беморга бошқа ўпка кўчириб ўтказиш билан боғлиқ қарор қабул қилинди. Ҳозирнинг ўзида ўн нафар Ветнам фуқароси донор бўлишга розилигини билдирди, бироқ амалдаги қонунчилик тирик одам аъзосини бошқа беморга кўчиришни ман этади.

Кўп нарса ўз қўлимизда

Доктор Туаннинг айтишича, Ветнамда гигиена бўйича кенг кўламда тарғибот ишлари йўлга қўйилган, аҳолига коронавирус ҳақида мунтазам маълумот бериб борилади. Аҳоли ўлишни истамайди, шунинг учун ҳукуматнинг барча кўрсатмаларини бажаради. Ҳар ким мамлакатдаги ва бутун ер юзидаги вазиятни соғлом фикрлаган ҳолда баҳолайди, ўзи ва яқинлари тўғрисида қайғуради.

— Мен вазият ўнглангунча 80 ёшли онамни бир ярим ой «уйга қамаб» олиб ўтирдим, — дейди суҳбатдош. — Фарзандларим ҳам 4 ой, мактаб очилмагунча уйда бўлишди.

Фақат шахсий автомобилдан фойдаландик, доим ниқоб тақдик. Жамоат жойларида бирор жойга қўл билан тегинишга тўғри келса, дарҳол қўлларни совунлаб ювдик ёки антисептик билан ишлов бердик. Бир марталик қўлқоплардан фойдаландик.

Юқорида келтирилган Ветнам билан боғлиқ маълумотларга ишонса бўладими? Нима учун Хитой билан ёнма-ён жойлашган, аҳоли ўта зич истиқомат қиладиган бу мамлакатда коронавирус касаллиги ҳолатлари ишониб бўлмайдиган даражада кам? Тарқатилаётган маълумотлар ёлғон эмасмикан? Ветнамда ишлайдиган хорижлик тиббиёт мутахассислари ва дипломатик жамоатчилик бу рақамларга ишонмаслик учун ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлашяпти. Ветнамликлар SARS мисолида Хитойдан тарқалган коронавирус ҳам қанчалик хавфли эканлигини англаб етишди. Улар ҳаммасини ўз ҳолига ташлаб қўйишмади ва касаллик билан самарали курашишнинг уддасидан чиқишди.

Интернет материаллари асосида

10 294
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА