ЎзА Ўзбек

01.08.2020 Чоп этиш версияси

Вьетнамда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди

Вьетнамда коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилди

Вьетнамда янги коронавирус пандемияси тарқалгандан буён COVID-19 касаллигидан ҳалок бўлган биринчи фуқаро қайд этилди. Бу ҳақда мамлакат ҳукуматига таяниб, маҳаллий “Vietnam News” нашри хабар тарқатди. 

Ушбу маълумотни Вьетнамнинг COVID-19 тарқалиши профилактикаси ва назорати бўйича раҳбарлик қўмитаси ошкор қилган. Хабарда 428-рақамли бемор вафот этгани айтилган.

Вьетнам ҳукуматига тегишли интернет-порталида аввалроқ эълон қилинган ахборотга кўра, 428-рақамли бемор — “Da Nang Hospital” шифохонасида даволанаётган 70 ёшли Вьетнам фуқароси эди. Айтишларича, аввалига унга коронавирус инфекцияси билан боғлиқ хасталик ташхиси қўйилмаган, COVID-19 вирусини касалхонада ётганида юқтирган. Марҳум 27 июль куни коронавирусга учраган бемор сифатида рўйхатга олинган.

Пандемия даврида Вьетнамда коронавирус инфекцияси оқибатида ҳаммаси бўлиб 509 киши зарарланган, уларнинг 93 нафарида касаллик 25-31 июль оралиғида, жумладан 45 кишида кечаги жума куни аниқланган. Аввал хабар берганимиздек, Вьетнамнинг океан ёқасида жойлашган Дананг шаҳрида инфекциянинг мамлакат ичидаги янги ўчоғи уч ойлик танаффусдан сўнг қайд этилди. Мамлакатда 31 июлгача коронавирусдан ўлим ҳолати юз бермаган эди. Ҳозирги пайтда Вьетнам ҳукумати интернет-портали маълумотига қараганда, қайтадан урчиган инфекция натижасида мамлакатда 53 мингдан зиёд одам карантин тартиби жорий этилган биноларга жойлаштирилган.

1 216
ЎзА​