ЎзА Ўзбек

05.08.2018 11:23 Чоп этиш версияси

Венесуэлада президент жонига қасд қилинди...ми?

Венесуэла Бош прокурори Тарек Уильям Сааб шанба куни кечқурун президент Николас Мадурога қарши уюштирилган суиқасд бўйича тергов бошланганини маълум қилди. РИА Новостининг хабар беришича, президент Мадуро унинг жонига қасд қилганларни максимал даражадаги жазо кутаётганини айтиб ўтган. Николас Мадуро бир неча кишининг бу иш юзасидан ҳибсга олинганини маълум қилар экан, уни мамлакат ўнг кучлари Колумбия президенти Хуан Мануэл Сантос ва АҚШнинг Флорида штатида яшовчи рақиблари кўмагида амалга оширган деб таъкидлаган.

Сал аввалроқ, Венесуэла коммуникациялар вазири Хорхе Родригес ҳам Боливар майдонидаги парадда Мадуро турган жойга портловчи мосламалар ўрнатилган бир неча учувчи қурилмалар йўналтирилганини маълум қилганди.

Ассошейтед Пресс эса Венесуэла ёнғин хизматларига иқтибос келтирган ҳолда, ҳодисага яқин жойдаги газ баллонлари портлашини ҳужум деб талқин қилинган, дея хабар тарқатди.

Венесуэла армияси собиқ маслаҳатчиси Энтони Дакин ҳам “шанба куни президент жонига қасд қилингани йўқ, балки шунчаки газ портлаган”, деб айтган. Хабарда қайд этилишича, етти нафар ҳарбий жароҳатланган, президент соғлигига зиён етмаган.

Дакин NTN24 каналига берган интервьюсида расмий тадбирларда ҳаво ҳудуди тўлиқ ёпилишини ва ҳеч қандай учувчи қурилма яқинлаша олмаслигини, Мадурога яқинлашган дронлар эса тўлиқ мамлакат ҳарбийлари томонидан назорат қилинганини, таъкидлаган.

Душанба куни терговнинг дастлабки натижалари бўйича матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилмоқда.



Н. Тошпўлатова ЎзА
6 898