ЎзА Ўзбек

19.03.2020 Чоп этиш версияси

Венесуэла​ коронавирусга қарши курашга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ёрдам сўради

Венесуэла​ коронавирусга қарши курашга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан ёрдам сўради

Венесуэла президенти Николас Мадуро Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖСТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус билан телефон орқали суҳбатлашиб мамлакат коронавирусга қарши курашда ЖСТнинг ёрдамига муҳтож эканини маълум қилди.

Бизга икки асосий йўналишда ёрдам керак, деди у. Биринчиси, бу техник, илмий ва олий даражада тиббий маслаҳатлар. Иккинчиси, бизга диагностика воситалари зарур. Ушбу суҳбатнинг видеоёзуви президентнинг матбуот хизмати томонидан Twitter орқали намойиш қилинди.

Мадуронинг таъкидлашича, Венесуэла ҳукуматининг зарур тиббий дори-дармонларни сотиб олишига АҚШ қўллаган санкция йўл бермаяпти.

Куни кеча мамлакат президенти Халқаро валюта жамғармасига (ХВЖ) Боливар республикасига коронавирусга қарши курашиш учун 5 миллиард доллар ажратишни сўраб хат йўллаган эди.

Ассошиэйтед Пресс агентлигининг жамғарма вакили сўзларига таяниб тарқатган хабарида айтилишича, ХВЖ бу масалани кўриб чиқа олмайди, чунки Мадуро ҳукумати қатор мамлакатлар томонидан тан олинмаган. 

Кейинроқ Венесуэла ҳукуматининг ўзи ҳам молиявий ёрдам ажратиш ҳақидаги сўровига ҳозирча жавоб олмаганини маълум қилди.



1 404
ЎзА