ЎзА Ўзбек

30.04.2020 Чоп этиш версияси

Вазият жуда жиддий! Чехия РФ элчисини мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин

Вазият жуда жиддий! Чехия РФ элчисини мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин

Чехия Бош вазири Андрей Бабиш кейинги пайтларда Россия шаънига билдирилаётган айбловлар, шунингдек РФнинг Прагадаги Фавқулодда ва мухтор элчисини мамлакатдан чиқариб юборилиши эҳтимоли билан боғлиқ вазиятга баҳо берди.

Москва шаънига Прага сиёсатчиларига нисбатан суиқасд тайёрланаётганлигига оид билдирилаётган айбловлар туфайли Россия билан муносабатларда юзага келган вазият Чехиядан Россия элчисини чиқариб юборишни тақозо этмайди, дея баёнот берди Андрей Бабиш.

Бош вазирнинг фикрича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар жунбишга келиши радикал чоралар кўришни талаб этмайди, жумладан рус элчисини мамлакатдан чиқариб юборишни ҳам. Шу билан бирга у Чехия йирик давлатларнинг мамлакат ички сиёсий ишларига аралашишига йўл қўймаслигини ҳам алоҳида таъкидлади.

“Агар, бу ҳақиқат бўлса, яъни қайсидир давлат бу ерда бизнинг фуқароларимизга қарши акция уюштирмоқчи бўлса, бунга йўл қўйиб бўлмайди“, — деган Бабиш.

Россияга қаратилган айбловлар дастлаб “Respekt” ҳафталик нашри саҳифаларида акс этди. Мухбирнинг маҳаллий махсус хизматдаги манбага таяниб ёзишича, уч ҳафта олдин Россия дипломатик паспортига эга бир кимса Прагага учиб келган. Унинг жомадонида рицин заҳарли моддаси бўлган. Муаллиф, шунингдек ушбу йўловчи ўзини кутиб турган дипломатик ваколатхонага тегишли машинага ўтириб, Россия элчихонасига йўл олганини ҳам таъкидлаган.

Журналистлар ушбу заҳарли модда Праганинг икки нафар муниципал миқёсдаги сиёстчиси — Прага-6 тумани раҳбари Ондржей Коларж ва Прага приматори Зденек Гржибага аталган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишяпти. Бу амалдорлар шахси маршал Коневнинг ҳайкали олиб ташланиши ва Россия элчихонаси рўпарасидаги майдонни Борис Немцов номига ўзгартириш ташаббуси илгари сурилиши билан боғланмоқда.

МСДУ Тарих ва сиёсатшунослик институти директори ўринбосари, сиёсатшунос Владимир Шаповаловнинг қуйидаги фикрлари ҳам икки томонлама муносабатларда юзага келган ҳолат ҳақида бирмунча тасаввур бериши мумкин.

Мутахассиснинг фикрича, юзага келган вазият жуда жиддий ва Чехия ҳукуматининг узр сўрашини тақозо этади.

“Ўйлашимча, бу ҳолатда Россия элчисини мамлакатдан чиқариб юбориш эмас, балки РФга нисбатан Чехия раҳбарияти томонидан расман узр сўралиши мақсадга мувофиқ. Шу тўғри йўл бўларди. Чехия ҳудудида рўй бераётган, икки мустақил давлат ўртасидаги яхши қўшничилик муносабати тамойилларига мутлақо тўғри келмайдиган воқеалар ахлоқ меъёрларига зид ва тарихий ҳақиқатга мос эмас. Чехия давлати раҳбарияти ёдгорликнинг бузиб ташланиши ва бир қатор ғарб ОАВ томонидан Россияга нисбатан ахборот ҳужуми уюштирилиши билан боғлиқ айни вазиятда ўзини четга тортмасдан, масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим“, — деди Владимир Шаповалов.

- Барибир, ҳозирги ҳолат мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар кескинлашишига сабаб бўлмаслиги керак, — деб ҳисоблайди сиёсатчи.

“Менимча, чех давлати учун ўзига хос дарс вазифасини ўтайдиган бу вазият, барибир муносабатлардаги жиддий узилишга, низога сабаб бўла олмайди. Албатта, РФ бу борада кўнгилсиз воқеалар учун масъул бўлган шахслар жазоланиши тарафдори. Шу билан бирга бу ерда биз айбни бутун чех халқи бўйнига қўйиш фикридан йироқмиз. Зеро, чех халқи жуда кўп йиллардан буён бизнинг дўстимиз, қардош халқдир“, — дея таъкидлади Владимир Шаповалов.

Аввалроқ Россия элчихонаси Чехия ТИВга Россия ва мамлакатнинг Прагадаги дипломатик ваколатхонасига нисбатан давом этаётган турли ўринсиз хуружларни бартараф этиш талаби акс этган нота юборган эди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков чех ОАВ тарқатаётган хабарлар қармоқ эканлиги хусусида баёнот берди. Россия ТИВ вакили Мария Захарова эса ушбу ахборотларни сохта, дея таъкидлаб, икки давлат ўртасидаги муносабатларда кескинликни қўзғатувчи омиллар сифатида баҳолади. Кейинроқ мамлакат ташқи ишлар маҳкамаси бошлиғи Сергей Лавров Россия Чехияда кимнидир заҳарлаши билан боғлиқ далил-исботни ҳеч ким тақдим этмаётганини қайд этди.

1 802
ЎзА