ЎзА Ўзбек

09.09.2019 Чоп этиш версияси

Вашингтон “Толибон” билан музокараларни тўхтатди

Вашингтон “Толибон” билан музокараларни тўхтатди

Вашингтон “Толибон” радикал ҳаракати билан Афғонистонда тинчликни мувофиқлаштириш бўйича маслаҳатлашувларни тўхтатди. “Euronews”нинг хабар беришича, бу ҳақда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео маълум қилган. 

Майкл Помпео изоҳига кўра, Вашингтон музокараларни давом эттиришга умид билдирмоқда. “Бунинг қачон амалга ошиши “Толибон”га боғлиқ, аммо ҳозирча радикал ҳаракат жиддий масъулиятларни зиммасига олиб, олдин эришилган келишувларни бажариши лозим”, деган АҚШ давлат котиби.

АҚШ расмий вакили томонидан Америка қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш масаласига ҳам ойдинлик киритилган. Майкл Помпеонинг қайд этишича, мамлакат президенти Дональд Трамп белгилаган мақсадларга эришилмагунча Америка қўшинлари Афғонистонни тарк этмайди. 

Хабарда эслатилишича, аввалроқ томонлар АҚШ ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш муддати бўйича келишувга эришган бўлган. Бунинг эвазига “Толибон”га мамлакат ҳудудини АҚШ ва бошқа давлатларга ҳужум қилишда фойдаланмаслик шарти қўйилган. Аммо, яқинда Қобулда 12 киши (қурбонлар орасида АҚШ ҳарбийси ҳам бўлган мазкур ҳодисага жавобгарликни радикал ҳаракат ўз зиммасига олган)нинг ўлимига сабаб бўлган террорчилик ҳаракати сабабли Дональд Трамп “Толибон” вакиллари билан учрашувни бекор қилди. 

1 986
ЎзА