ЎзА Ўзбек

14.02.2019 11:57 Чоп этиш версияси

Варшавада Яқин Шарқ хавфсизлик масалалари бўйича халқаро конференция бошланди

Варшавада Яқин Шарқ хавфсизлик масалалари бўйича халқаро конференция бошланди

Варшавада Яқин Шарқ хавфсизлик масалаларига бағишланган халқаро конференция бошланди. “Евроньюс“нинг ёзишича, Польша ва АҚШ ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман Эрон, Ливан, Россия вакилларисиз ўтказилмоқда.

Хабарда айтилишича, Варшава конференциясини расмий Теҳрон “жумбоқ“ деб атаган. Сиёсатшунос ЛукашФидерик фикрича, Эроннинг норозилигини оқлаш мумкин. “Конференция-Эронга максимал босим ўтказишдаги қадамларнинг бири“ деган у.

Хабардаги изоҳга кўра, иштирокчи давлатларнинг расмий Теҳрон билан мураккаб муносабатда эканлиги ҳисобга олиниб, Варшава конференциясига Эрон вакиллари таклиф этилмаган. Анжуманда Сурия ва Ямандаги қарама-қаршиликларни тартибга солиш, Фаластин билан Исроилни муросага келтириш, терроризмга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинади.

Айни вақтда мазкур конференция билан бир вақтда Сурия хавфсизлик масалаларига бағишланган Сочи саммити ҳам ўтказилмоқда. Саммитда Россия, Туркия, Эрон вакиллари иштирок этаётир. Кузатувчилар фикрича, мазкур тадбир АҚШнинг Яқин Шарқда ўз таъсирини кучайтириш ҳаракатларига жавобан ташкил этилган.

“Варшава конференциясида Яқин Шарқ хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш ўз йўлига, бироқ ҳақиқий келишувга эришиш ва уни амалга ошириш Россия, Эрон иштирокисиз жуда қийин“ дейилади ОАВ таҳлилида.

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА​​
1 964