ЎзА Ўзбек

26.11.2019 Чоп этиш версияси

ШАРҲ. Урушдан боши чиқмас Исроил. Бу сафар ички кураш

ШАРҲ. Урушдан боши чиқмас Исроил. Бу сафар ички кураш
Халқ орасида “Bibi Melech Yisrael” (Исроил шоҳи Биби) деб айтиладиган Бенямин Нетаняху ҳукумат олдида ҳам, ўз партияси олдида ҳам ҳокимиятдан воз кечишга мажбур бўлиши мумкин.

Агар апрель ойида бўлиб ўтган сайловларда у овозлар бўйича биринчи ўринни эгаллаган бўлса ҳам, кейинги сайловларда Ликуд иккинчи ўринга тушди, Кахол-Лаван альянси эса ундан икки депутат мандати кўпроқ олиб Ликуддан ўтиб кетди. Кнессетдаги (Исроил парламенти) ушбу арифметика, янги ҳукумат коалициясини тузиш учун бошқа парламент гуруҳлари билан музокаралар олиб бориш ҳақида гап кетганда, Кахол-Лаванга яхши мавқе бериши керак эди.

Кахол-Лаван (Кўк ва Оқ) платформаси - собиқ генераллар Бени Ганц, Моше Яалон ва Габи Ашкенази триумвирати, таниқли тележурналист Яир Лапид томонидан асос солинган “Еш Атид“ (“Келажак бор”) либерал партияси ва янги ташкил этилган “Хосен ле Исроил“ (“Исроил учун барқарорлик“) партияси томонидан ташкил этилган. Мафкуравий жиҳатдан марказчи бўлган бу альянс, музокаралар олиб бориш учун давлат президенти Рубен Ривлин ваколатини олишга интилади.

Ўзининг заиф позициясидан хабардор Нетаняху, ҳукуматнинг навбатдаги коалициясини бошқаришни таклиф қилиб, айёрона юришни амалга оширди. Бунинг учун у қилган биринчи иш, иккита ультраортодоксал партиялар - Шас ва Дегел ха-Тора (“Таврот байроғи”) билан ва Айелет Шакед бошчилигидаги дунёвий фракция билан зиддиятлари аллақачон пайдо бўла бошлаган “Ямина” ультра-ўнгчилар платформаси билан иттифоқчилик қилиш бўлди.

Рафи Перец ҳамда Бецалел Шмотрич раҳбарлик қиладиган диний уюшмалар ва Нафтали Бенет – Нетаняхунинг музокаралар олиб борувчи блокини шакллантириш билан бир қаторда, ўзини ҳамма учун мувофиқлаштирувчи вакил сифатида тақдим этди.

Бошқа томондан, Ганц ва Лапид томонидан яратилган тандем, бошқаларга ташаббус кўрсатишга имкон берган ҳолда узоқроқ фикр юритишни танлади. Ультра ўнгчи “Исраэль Бейтену” (“Исроил бизнинг уйимиз”) партияси раҳбари Авигдор Либерман кенг, дунёвий ва либерал ижроия ҳокимиятини шакллантиришни талаб қилмоқда. Собиқ Мудофаа вазирининг сўзларига кўра, коалиция диний партияларни истисно қилиши ва мажбурий ҳарбий хизмат (истисносиз), фуқаролик никоҳларининг қонуний тан олиниши, шунингдек, Шаббат кунида (Исроилда ҳафтанинг шанба куни ишлаш, ультраортодоксал диндорлар босими остида чекланган) дўконлар очилиши ва жамоат транспортидан фойдаланиш каби ислоҳотларни амалга ошириши керак, деб ҳисоблайди.

Яралиши мумкин бўлган коалициялар схемаси:

Кахол-Лаван, Ликуд ва Исроил Байтену ўртасида катта коалиция. Бу исроилликлар орасида энг оммабоп вариант эди, чунки бу энг кўп минтақавий хавфсизлик, институционал барқарорлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлайди. Лекин бу ўйинчилар учун жуда катта ноқулайлик туғдирди. Ганс ва Лапид давлат прокуратураси томонидан тергов қилинаётган коррупцияга оид учта ишда эҳтимолий айблов қўйилиши муносабати билан, Нетаняхуни истеъфога чиқишини талаб қилишди.

Марказий-ўнг коалиция. Бу Нетаняхунинг сиёсий омон қолишига имкон берадиган ягона сценарий бўлар эди. Бунинг учун Ликуд, Кахол-Лаванни тарк этган депутатлар ҳисобига ёки ишчилар партиясининг, касаба-уюшмалар фаоли Амир Перец фаолиятидан норози депутатларини қўшиб олиш имкониятига эга бўлиши керак. Фақатгина ушбу формуладан келиб чиққан ҳолда, Нетаняху қонунларни ислоҳ қилиб, уни таъқиб қилишни олдини олиши ва Олий суд ваколатларини қисқартириши мумкин эди.

Марказий-сўл коалиция. Бу ҳолда Кахол-Лаван лейбористлар, Демократик Бирлик ва Исроил Байтену томонидан тузилган коалициянинг ижро ҳокимятига бошчилик қилиши, Исроилдаги араблар партияси (РААМ) “Бирлашган Араб рўйхати” партияси томонидан қўллаб-қувватланишлари мумкин эди. Бу арифметик жиҳатдан мумкин бўлган сценарий, аммо жуда мураккаб ва беқарор эди. (Либерманнинг арабларга суянишини тасаввур қилиб бўлмайди)

Марказий-сўл ва ультра ортодоксал коалиция. Бу ерда аввалги схема такрорланади, лекин “Исроил Байтену” ва “Бирлашган Араб рўйхати” партиялари ўрнига Шас ва Дегел ха-Тора диний партиялари қўйилади. Бу арифметик нуқтаи назардан мумкин бўлса-да лекин амалга ошиши жуда катта сўроқ остидаги вазият эди. Чунки ультра-ортодоксал раҳбарлар Ганц билан келишиши мумкин бўлсалар ҳам, улар Лапид билан бундай қилмайдилар чунки унинг отаси, журналист ва сиёсатчи Томми Лапид 1990-йилларда Ҳаредимга қарши (Таврот бўйича яшайдиган ультра ортодоксал яҳудий диндорлари) катта офат бўлган.

Янги сайловлар. Нетаняху ҳам, Бенни Ганц ҳам сентябрь сайловларидан кейин коалицион ҳукумат туза олмадилар. Юқоридаги тўртта асосий бирикманинг ҳеч бири ҳаётга мос келмаганлиги сабабли янги сайлов чақируви бўлиши мумкин эди. Бу сиёсатчилардан чарчаган ижтимоий кўпчиликнинг умумий манфаатларини, ўзларининг шахсий манфаатларига бўйсундирадиган сценарий эди (Нетаняху мисолида). Менимча айнан шу сабаб пайшанба куни Исроил президенти бир йилда учинчи марта сайлов ўтказишни олдини олиш учун парламентга бош вазирликка номзод тўғрисида қарор қабул қилиш учун уч ҳафта вақт берди. Ҳукумат тузиш ҳуқуқи Кнессет аъзоларига ўтган вазият Исроил тарихида мисли кўрилмаган натижадир. Яна бир қизиқ тарафи борки, собиқ Бош вазир Эҳуд Олмерт, бундай кросс-блокадалар 2020 йил февраль ойида бўлишини башорат қилган эди.

“Уруш холатидаги“ Нетаняху

Ликуд музокаралар гуруҳи аъзоларидан бири Нетаняху “уруш ҳолатида“ эканлигини айтди. Ҳозирги вақтда Бош вазир вазифасини бажарувчи бўлиб турган Бенямин Нетаняху, БМТ Бош ассамблеясида қатнашиш учун Нью-Йоркка ташрифини бекор қилишга мажбур бўлди. Ўзининг сўнгги чиқишларида эса у Эроннинг ядровий таҳдиди ҳақидаги такрорий даъволарини драматик тарзда намойиш этди. Нетаняху Эхуд Олмертга ўхшаб, жиноий жавобгарликка тортилиш, қамоқ жазосини ўташ ва қамоқ муддатини тугатиш имкониятлари мавжудлигини ҳисобга олиб, мисли кўрилмаган ҳуқуқий, сиёсий ва оммавий ахборот воситалари орқали жавоб юришини бошламоқчи.

Ростдан ҳам ҳозир Нетаняху “уруш ҳолатида“, бу нафақат метафорик маънода, балки том маънода ҳам талқин қилиниши мумкин. Яъни, Нетаняху ўзи очган ҳар қандай уруш жабҳасини - Ғазо секторидаги ХАМАСга қарши бўладими, Ливандаги Ҳизбуллоҳга қарши ёки Сурия ва Ироқдаги Эронга қарши урушлар орқали ҳукумат музокаралари ва суд қарорларининг аниқ тақвимини ўзгартириши мумкин.

Сайловлардан бир ҳафта олдин у ўзининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчисини, Марказий сайлов комиссияси бошлиғи билан учрашишга юбориб, Ғазо Секторига қарши жазо операциясини амалга ошириш кераклиги сабаб, сайловларни бир неча ҳафтага кечиктириш имкониятини кўриб чиқишни сўраган эди. Бунга сабаб эса унинг Ашдодда ўтказилган сайлов кампанияси пайтида Ғазо Секторидан учирилган ракета сигналлари эшитилгач, унинг қўриқчилари уни бошпанага олиб киришган. Эвакуация рад қилиниши мумкин эмас эди, чунки биринчи шахсларни ҳимоя қилиш, хавфсизлик хизмати протоколининг бир қисми бўлиб, бу воқеа уни фуқаролар олдида заиф кўринишга мажбур қилди. Фавқулодда вазиятни ҳисобга олган ҳолда, бош прокурор Нетаняхуни коллегиал қарор қабул қилиш учун хавфсизлик кабинетини йиғишга мажбур қилди.

Президент юриши

Президент девони аллақачон барча парламент гуруҳларига ҳар бири билан икки томонлама маслаҳатлашувларнинг биринчи раунди ўтказилиши учун тегишли расмий хатларни юборган. Апрель сайловларидан сўнг бўлгани каби, маслаҳатлар телевидение орқали жонли эфирда, фуқароларга ошкораликнинг шаффоф ойналари орқали намойиш этилди.

Гарчи иккаласи ҳам бир партия таркибида ҳаракат қилиб, яхши институционал муносабатларни сақлаб туришса-да, амалдаги бош вазир вазифасини бажарувчи Нетаняху Президент Ривлиннинг садоқатли одами эмас. Апрель ойида Ривлин Нетаняхуни афзалроқ номзод сифатида тайинлаган бўлса-да, - чунки у энг кўп овоз берилганлар рўйхатида эди – сентябрь сайловларидан сўнг у Ганц билан ҳам шундай қилиши мумкин эди. Аммо бундан олдин ҳар бир гуруҳнинг позицияларини тинглаш ва Марказий сайлов комиссиясининг якуний натижаларни беришини кутиш керак эди, бу одатда жойларни тақсимлашда ҳеч қандай ўзгаришларга олиб келмаса-да.

Аслида, Ривлин апрель ойидаги сайловлардан кейин янги ҳукуматни шакллантиришда янада фаол рол ўйнашни ва шу тариқа янги сайлов чақириғига йўл қўймаслик ниятида эди. Бироқ, Ривлин бошчилигидаги икки томонлама маслаҳатлашувлар билан бир қаторда, Ликуд номидан Туризм вазири Ярив Левин ва Ганц - Лапид вакилллари бўлган Йорам Турбович ва Шалом Шломо томонидан ўтказилган кўп томонлама музокаралар ҳам коалиция тузилишига олиб келмади.

Нетаняху сувдан қуруқ чиқа оладими?

Куни кеча Исроил Бош прокуратураси Бош вазир Бенямин Нетаняхуга расман айблов эълон қилди. У порахўрлик, фирибгарлик ва ишончни бузишда айбланмоқда.

Нетаняху ўзига қарши барча айбловларни рад этиб, уларни давлат тўнтаришига уриниш деб атади. У рақиблари ва оммавий ахборот воситалари томонидан “жодугарлар ови“ қурбони бўлганини айтди. У айбловлар туфайли ўз лавозимидан кетмоқчи эмас.

Бу сўнгги воқеа Нетаняхунинг қуёши ботаётганини англатиши мумкин, аммо Нетаняхунинг янги адвокати Рам Каспийни эсдан чиқармаслик керак. (Рим Каспи 1984 йилда автобусни ўғирлашда айбланган ва қўлга олинган икки террорчини судсиз ўлдириб юборган агентларни, шунингдек бу фактни рад этган ва онгли равишда яширган сиёсатчиларни судда оқланишига эришган машҳур адвокат) У асосий мижозининг қамоққа олинишига йўл қўймаслик учун барча томонлар билан аниқ келишувларга эришишга ҳаракат қилади. Жорж Оруеллнинг сўзларини келтирадиган бўлсак, назарий жиҳатдан барчамиз қонун олдида тенгмиз, аммо амалда баъзилар бошқаларга қараганда тенгроқдир.

Нурбек АЛИМОВ,
 Халқаро муносабатлар эксперти.

11 238
ЎзА