Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.10.2012 14:36 Чоп этиш версияси

Қурғоқчиликка чек қўйилади

Помидор инсультнинг олдини олади

Помидор ва ундан тайёрланган маҳсулотларнинг истеъмоли инсульт хасталигига чалиниш хавфини камайтиради. Шарқий Финляндия университети олимлари шундай хулосага келди. «Medical Xpress» нашрининг ёзишича, ушбу турдаги полиз маҳсулотлари ликопин – каротиноид пигментларга жуда бой.

Экспертларнинг сўзларига кўра, қон таркибида бундай антиоксидантлар кўп бўлган одамларда инсульт касаллигига чалиниш хавфи бошқаларга нисбатан 55 фоиз камдир. Шифокорлар нафақат помидор, балки шунга ўхшаш бошқа мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш инсультдан асрашини таъкидламоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозимки, полиз экинларидан бири тарвуз юрак қон-томир хасталигининг олдини олишга катта ҳисса қўшади.

Сунъий қорайиш оқибатлари

Европалик олимлар баданни сунъий қорайтириш офтобда қорайишга нисбатан анча хавфли эканини таъкидламоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда мазкур жараён, айниқса, хотин-қизлар орасида авж олмоқда. Европа атроф-муҳит агентлиги ижрочи директори Жаклин Макглейднинг сўзларига кўра, танани бир зумда қорайтирувчи барча лосьон, крем каби суртмалар ва сепиш мосламалари таркибида соғлиққа зиён етказувчи хавфли кимёвий моддалар мавжуд.

Экспертларнинг фикрича, 15 дақиқа ичида тана рангини ўзгартириб, чиройли тусга киритувчи ушбу сунъий қорайиш воситалари фойдаланилгандан сўнг ўзидан токсин моддалар ишлаб чиқариб, баданга заҳар тарқатади. Оқибатда нафақат, аллергия, балки тери саратони касаллиги пайдо бўлиши ҳам мумкин. Бундан ташқари мутахассислар бу усулдан фойдаланган ҳомиладор аёлларнинг фарзандлари туғма камчилик билан дунёга келиши хавфи борлигини айтмоқда. Шунингдек, бундай воситалардан фойдаланиш инсонда қандли диабет, семириш ва бепуштлик хасталиги келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.


Ёнғин рўй берди

Англия шарқий ҳудудида рўй берган ёнғин оқибатида тўрт одам ҳаётдан кўз юмди, деб хабар беради РАТА-ТАСС. Маълумотларга қараганда, Харлоу шаҳрида юз берган мазкур бахтсиз ҳодиса турар-жой биносида содир бўлган. Қурбонларнинг аксарияти болалардан иборат.

Мамлакат қутқарув хизматининг хабар беришича, яна бир бола ва она оғир аҳволда. Айни вақтда воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Қурғоқчиликка чек қўйилади

Намибияда тўрт юз йилга етадиган ичимлик суви манбаи аниқланди. Хабарларга қараганда, ушбу сув манбаининг чуқурлиги 200 метрга тенг, унинг майдони 2600 квадрат километрни ташкил қилади. Экспертларнинг таъкидлашича, Африка қитъасида жойлашган мазкур мамлакат аҳолиси кўп йиллардан буён ичимлик суви танқислигидан азият чекади.

Қурғоқчилик ҳукмрон ушбу ҳудудда топилган улкан сув манбаи Намибияда катта воқеага айланди.

Қулупнай кексайишга даво

Италиялик ва испаниялик олимлар ҳамкорликда олиб борган тадқиқот ишлари натижасида маълум бўлишича, мунтазам қулупнай истеъмол қилиш кексайиш жараёнини сусайтиради. Хабарларга қараганда, қулупнай таркибидаги фойдали моддалар, шунингдек, руҳий зўриқишдан ва турли касалликлар, жумладан, саратон, қандли диабет ва юрак хасталикларига чалинишдан ҳимоя қилади.

Мутахассислар ушбу мева ҳар бир инсоннинг асосий овқатланиш тартибига киритилиши зарур, деб айтмоқда.


ЎзА
9 847